Марказий сайлов комиссиясида халқаро кузатувчилар билан учрашув

Хабарингиз бор бу йилги сайлов кампанияси давомида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига асосан сайловни кузатишда 9 та халқаро ташкилот ва 41 та хорижий давлат вакилларидан иборат жами 825 нафар чет эллик кузатувчилар иштирок этишди. Айни кунларда ОАВ орқали хорижий экспертларнинг сиёсий жараёнларни кузатишлари бўйича натижалар эълон қилиб борилмоқда.  

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов сайловларни кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган Марказий Осиё ва Кавказ илмий-тадқиқот институти бош директори,  Япониялик Тецуджи Танака ҳамда Исроиллик кузатувчи Зеев Левин билан учрашди. Уларнинг хулосалари тингланди.

Кун чиқар мамлакат вакили жаноб Танака Ўзбекистонда ўтказилган бу йилги сайловлар илгариларига қараганда юқори савияда ташкил этилиб амалиётга татбиқ этилган янги Сайлов кодексига мувофик ўтказилганлиги аҳамиятга молик эканлигини эътироф этди.  

Шу кунинг ўзида Исроиллик мутахассис Зеев Левин билан бўлиб ўтган учрашув ҳам қизғин муҳокамаларга бой бўлди.

Жаноб Левин сайловнинг очиқ, ошкора ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ташкил қилинганини қайд этди. “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилгани сиёсий тадбирнинг ижобий жиҳатларидан биридир. Фуқароларнинг эркин овоз беришлари учун барча имкониятлар яратилганлиги, халқаро сайлов нормаларига амал қилинганлиги бизни қувонтирди”, - дейди Исроиллик кузатувчи Зеев Левин.

Бир суз билан айтганда хорижий кузатувчилар томонидан мазкур сиёсий тадбир чинакам демократик андозаларга мувофиқ ўтгани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини яна мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

24.12.2019 127