Сенат аъзолари сайлови: Сайлов кодексининг муҳим қоидалари

 

Маьлумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади. Сенат ўз фаолиятини минтақавий муаммоларни умумдавлат манфаатлари билан уйғун ҳолда ҳал этишга қаратади. Зеро, Сенат аьзолари ҳудудлардан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан сайланади.

Аввалги қонунчиликка кўра Сенат аьзолари сайлови Марказий сайлов комиссиясининг Низоми асосида олиб борилар эди.

2019 йил 25 июнь куни кучга киритилган Сайлов Кодексига асосан бундан буён ушбу сайлов Сайлов кодексининг 14-боби талаблари асосида амалга оширилади. Айнан шу қоидалар маҳаллий Кенгашларнинг Регламентида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. 

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Шу йил 8 январь куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аьзоларини сайловини ўтказиш муддатлари ва ўтказиладиган жойлари белгиланди.

Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади.

Қўшма мажлис, агар унда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссияси аъзоси очиб, энг обрўли, тажрибали, катта ёшли депутатлар орасидан мажлисга раислик қилувчи тўғрисида таклиф киритади.

Шу қоидага эътибор қаратадиган бўлсак, Марказий сайлов комиссияси аьзочи мажлисни очиб қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатларнинг ўзларига мажлисни бошқаришни топширади.  Демак, бу маҳаллий Кенгашларнинг ўзига хос ваколатларини рўёбга чиқарилишининг яққол намунасидир.

Сайловчи депутатни бевосита сайлаган бўлса, Сенат аъзоси сайловчи ишонч билдирган вакили-депутат томонидан билвосита сайланади. Айнан шу жараён депутатнинг зиммасига катта масьулият юклайди.

Келгусида ҳудудлар манфаатларини Олий Мажлис юқори палатасида ифода этадиган ва уни қўллаб-қувватлаб қабул қилинаётган қонунларда ҳудудлар манфаатларидан келиб чиқиб овоз берадиган Сенат аъзоси нафақат овоз берган депутатнинг балки шу ҳудуддаги сайловчиларнинг талаб ва истакларини амалга ошириши муҳим ҳисобланади.

Қўшма мажлиснинг ишини олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали уч кишидан беш кишигача миқдорда ишчи ҳайъат сайланади, шунингдек тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат Котибият тузилади.

Маҳаллий Кенгашнинг сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутати Сенат аъзолигига сайланиш учун номзод бўлиши мумкин.

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш қўшма мажлисда амалга оширилади.

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш учун раислик қилувчининг тақдимномасига биноан очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Маслаҳат кенгаши сайланади.

Кодексга киритилган ушбу қоида  аввалги Низомларда белгиланган Оқсоқоллар Кенгаши эмас, балки Маслаҳат Кенгаши институтига Сенат аъзолигига номзодларни тавсия қилиш ваколатини беради.

Маслаҳат кенгаши катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, катта ёшли депутатлар орасидан, қоида тариқасида, ҳар бир маҳаллий Кенгашдан биттадан вакил сайланади.

Маслаҳат кенгаши ўз раисини сайлайди.

Шу ўринда алоҳида таькидлаш жоизки, бугунги кунда Республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда шаҳарлар ва туманлар Кенгашларининг сессияларида ушбу маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодлар маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан тавсия этилмоқда ва буни Қўшма мажлиснинг дастлабки босқичидаги тайёргарлик ишлари сифатида кўришимиз мумкин.

Маслаҳат кенгаши фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатади ва кўриб чиқади ҳамда сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф киритади.

Қўшма мажлисда Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви ва муҳокамаси натижаларига кўра қўшма мажлисда уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Қўшма мажлисда Маслаҳат Кенгаши раиси тавсия этилаётган номзодлар ҳақида маьлумот беради ва мажлис иштирокчиларининг фикр ва мулоҳазалари эшитилиб, ушбу сенат аъзолигга номзодлар сайлов бюллетенига киритилиши қўллаб-қувватлангач сайлов бюллетенига киритиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Сайлов бюллетенига олти нафардан кам бўлмаган Сенат аъзолигига номзодлар киритилади.

Навбатдаги масала сайлов жараёнини ташкил қилиш бўлиб, қўшма мажлис қатнашчилари таркибидан саноқ комиссияси сайланиши ҳам бу сайловни ўзига хос хусусиятларини кўрсатади.

Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатлар орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда Саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссияси:

Сенат аъзолигига сайлов бўйича овоз беришни ташкил этади ва ўтказади;

қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади;

сайлов бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг туғилган йилини кўрсатган ҳолда, фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш орқали тайёрлайди;

овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлаштиради, уларга сайлов бюллетенларини топширади;

сайлов бюллетенининг юз томонига муҳр қўяди ва унда Саноқ комиссиясининг камида икки нафар аъзосининг имзоси қўйилган бўлишини таъминлайди;

овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

яширин овоз бериш натижаларини қўшма мажлисга тасдиқлаш учун киритади.

Бир сўз билан айтганда Сенатор сайловида қатнашаётган депутатлар орасидан саноқ комиссияси сайланиши сайловни адолатли ўтказилишида муҳим аҳамиятга эга.

Яширин овоз бериш бошланишидан олдин Саноқ комиссияси раиси уни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва бир маротаба ишлатиладиган пломбалар билан пломбалайди.

Сайлов қутиси овоз берувчи унинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонаси орқали ўтиб борадиган қилиб ўрнатилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутат Саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо қўяди, шундан кейин унга сайлов бюллетени топширилади.

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «ü» ёхуд «х» белгисини қўйиш орқали тўлдирилади.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини кўринарли жойда туриши керак бўлган сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Яширин овоз бериш жараёни тугаганидан кейин фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши лозим (чап томондаги юқори бурчакни қирқиб қўйиш орқали) ва алоҳида сақланади.

Овозларни санаб чиқиш Саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунига қадар танаффуссиз ўтказилади.

Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилади, баённома Саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирон-бир тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Овоз бериш натижаларига кўра бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган Сенат аъзолигига номзодлар, башарти қўшма мажлисда ҳозир бўлган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эллик фоизидан кўпроғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.

Агар овоз бериш чоғида белгиланган миқдорда Сенат аъзолари сайланмаган бўлса, сайланмай қолган миқдордаги Сенат аъзолиги учун овозларнинг зарур миқдорини тўпламаган номзодлар бўйича ана шу қўшма мажлиснинг ўзида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Марказий сайлов комиссияси қўшма мажлисларнинг баённомалари асосида бу баённомалар келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай Сенат аъзоларини рўйхатга олади, рўйхатга олишдан кейин ўн кун ичида эса гувоҳнома ва кўкрак нишони беради.

Агар сайлов давомида, овозларни санаб чиқиш, яширин овоз бериш натижаларини аниқлаш чоғида ушбу Кодекс талаблари сайлов натижаларига таъсир қилган тарзда бузилишига йўл қўйилган бўлса, Марказий сайлов комиссияси Сенат аъзоларининг сайловини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Бўшаб қолган ўринларга Сенат аъзолари сайлови тегишли қўшма мажлисларда ушбу Кодекс талабларига рио

я этилган ҳолда ўтказилади. Сенат ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида Сенат аъзосининг ўрни бўшаб қолса, бўшаб қолган ўринга Сенатнинг янги аъзоси сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Сенат аъзолари сайлови ўз ичига бир неча босқични олувчи мураккаб сайлов жараёни ҳисобланади. Дастлаб маҳаллий Кенгаш Сессиясида Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодларни сайланиши, Маслаҳат Кенгаши таркибини Қўшма мажлисда тасдиқланиши, қўшма мажлис ичида Маслаҳат Кенгаши йиғилиши ўтказилиши, қўшма мажлис Саноқ қокмиссияси сайлаши ва саноқ комиссияси овоз беришни ташкил қилиши каби қоидаларни аниқ ва бир хилда амалга оширилиши сайловда қонунийлик, адолатлилик, эркинлик, ҳаққонийлик ва чинакамлик тамойилларини амалга оширишга хизмат қилади.

 Маслаҳат Кенгашининг йиғилиши қўшма мажлис давомида ўтказилиши мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг ўзига хос жиҳатларини кўрсатади. Айни пайтда шундай босқичма-босқич сайлов жараёни ўтказиладиган Сенат аъзолари сайловини қиёслаганда бизнинг сайлов қонунчилигимизда ҳам халқаро миқёсда ўрганса арзийдиган ўзига хос тажриба тўпланганлигини айтишимиз мумкин.

Мамлакатимизда Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловларининг қонун талаблари асосида демократик принциплар асосида ўтказилиши ва Парламент юқори палатасига ҳар томонлама муносиб номзодлар сайланиши Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини умумдавлат манфаатлари билан уйғун ҳолда рўёбга чиқаришдаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

 

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

 

 

 

 

15.01.2020 197