Жиззахда Олий Мажлис Сенатига аъзолар сайланди

Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилояти драма театрида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига аъзоларни сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди. 

Маҳаллий кенгашлар депутатлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига Жиззах вилоятидан вакиллар сайлаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. 

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Э.Хўжоқулов очди ва Сайлов кодексига мувофиқ сайловни ўтказиш тартиб-тамойиллари ҳақида атрофлича тушунтириш берди. Қўшма мажлис раислигига 36-Навоий сайлов округидан вилоят кенгаши депутати Э.Холматов номзодини таклиф этди. Таклиф бир овоздан маъқулланди.

Қўшма мажлисда ишчи ҳайьати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди. 

Вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларидан сайланган маслаҳат кенгаши аъзоларининг алоҳида хонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.

Маслаҳат кенгаши йиғилишида кўрилган масала, унда қабул қилинган қарор бўйича қўшма мажлисга ахборот берилди. Маслаҳат кенгашида Сенат аъзоларини сайлаш бўйича ўтказиладиган ёпиқ яширин овоз бериш сайлов бюллетенига киритиш учун танлаб олинган фан, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли олти нафар маҳаллий кенгаш депутатининг номзоди қўшма мажлис муҳокамасига тақдим этилди.

Қўшма мажлисда маслаҳат кенгаши томонидан Сенат аъзоларини сайлаш бўйича сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф этилган халқ депутатлари вилоят кенгашига 30-“Оқар” сайлов округидан депутат, вилоят болалар кўп тармоқли болалар шифохонаси бош шифокори Холида Алимова, 7-“Учариқ” сайлов округидан депутат, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира Мухторва, 37- “Янги чорвадор” сайлов округидан депутат, касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси Нусратулло Пардаев, 42-“Пахтакор” сайлов округидан депутат, вилоят ҳокими Эргаш Солиев, 54-“Гулистон” сайлов округидан депутат, Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий тажриба станцияси директори Рисқул Сиддиқов ва 19-“Зиёкор” сайлов округидан депутат, халқ таълими бошқармасига қарашли “Умид” мактаб интернати директори Санобар Суярова номзоди муҳокама қилинди.

Очиқлик, ошкоралик билан ўтган муҳокама давомида депутатлар номзодларнинг ҳар бири фаолияти, ҳаёт тажрибаси, ишчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик фазилатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Очиқ овоз бериш орқали маслаҳат кенгаши томонидан тақдим этилган олти нафар депутатнинг номзодини ёпиқ яширин сайлов бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг Сенат аъзоларини сайлови бўлиб ўтди. Сайловда барча демократик талаблар асосида ҳар бир иштирокчининг ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этиши учун қурилган кабиналар орқали ўтилиб, бюллетенлар сайлов қутисига ташланди.

Саноқ комиссияси белгиланган тартибда номзодларга берилган овозларни санаб чиқиб, натижаларни эълон қилди.

Сайлов натижаларига кўра, олти нафар номзоднинг барчаси қўшма мажлисда иштирок этган сайловчиларнинг кўпчилик овози билан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди.

Янги сайланган сенаторлар номидан вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси бош шифокори Холида Алимова сўзга чиқиб, юксак ишонч учун қўшма мажлис иштирокчиларига миннатдорлик билдирди ва барча Сенаторларнинг Ватанимиз равнақи йўлидаги самарали фаолият юритишларига муваффақият тилади.

 

Т. БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА

 

16.01.2020 1010