Бухородан кимлар олий мажлис сенати аъзолари этиб сайланди?

Жорий йилнинг 16 январь куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуджон Истамов кириш сўзи билан очди.

Таъкидландики, 2019 йил 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ва маҳаллий Кенгашларига “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеага айланди. Мазкур тадбир вилоятимизда ҳам фуқароларнинг фаол иштирокида кўтаринкилик руҳида ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сиёсий партияларнинг 424 нафар вакили сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуджон Истамовнинг таклифи билан 15-Лоша сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов қўшма йиғилишнинг раиси этиб тасдиқланди. Қўшма мажлис кун тартибига битта — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига вилоятимиздан Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилди. Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан қўшма мажлис ишини ишини олиб бориш учун ишчи ҳайъати, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун мажлис котибияти, Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши, яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун Саноқ комиссияси аъзоларини сайладилар.

Маслаҳат кенгаши Сенат аъзоларини сайлаш бўйича номзодларни кўриб чиқиш учун махсус ажратилган маслаҳат хонасида тўпландилар. Маслаҳатлашувдан сўнг яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун Сенат аъзолигига номзодлар бўйича таклиф ўқиб эшиттирилди. Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви, муҳокамаси ва ёқлаб овоз бериш натижаларига кўра уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қонунчиликка мувофиқ, Сенат аъзолари сайлови яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Саноқ комиссиясининг раиси қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз бериш тартибини тушунтирди.

Шундан сўнг депутатлар яширин овоз бериш кабиналарида Сенат аъзолигига номзодлар учун овоз бердилар.

Овоз бериш натижаларига кўра 6 нафар номзод – 26-Челонғу сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати, Бухоро вилояти ҳокими Барноев Ўктам Исоевич,

2-Варахша сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати, республика “Оила” илмий- амалий тадқиқот марказининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусейнова Абера Амановна,

60- Жумабозор сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, Олот туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ачилов Нурмухамед Нуруллаевич,

41-Ўзбекистон сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, республика Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари Гадоев Эркин Файзиевич,

27-Боғитуркон сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, “Бухоро Коттон Текстил Кластер” пахта - тўқимачилик кластери таъсисчиси Рахматов Муртаза Ахмедович,

3-Дўстлик сайлов округидан сайланган Олот туман кенгаши депутати, республика Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган Чўллиев Шухрат Аскарович Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига якдиллик билан сайландилар.

Шу билан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлиси якунланди.

 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

17.01.2020 546