Тошкентдан сайланган депутатлар томонидан Сенат аъзолигига номзодлар сайлови ўтказилди

Қўшма мажлисда Маслаҳат кенгаши ўз ваколатига мувофиқ, фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолигига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев, "Нуроний" жамғармасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Рустам Калонов, Ўз ФА Тарих институти директори Азамат Зиё, 25-Себзор сайлов округидан депутат Танзила Норбоева, ЎзФА Ўсимлик моддалари кимёси институти директори Шамансур Сагдуллаев ҳамда “Оила” илмий-амалий маркази директори Дилором Тошмуҳаммедова номзодларини кўрсатди.

Мажлисда кўрсатилган номзодларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида фикр билдирилди ҳамда муҳокама натижаларига кўра уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Номзодлар тасдиқлангач, Саноқ комиссияси Сенат аъзолигига сайлов ўтказиш тартиби бўйича тушунтириш берди ҳамда овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлаштириб, уларга сайлов бюллетенларини тарқатди.

Сўнг халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари томонидан номзодларни сайлаш бўйича яширин овоз бериш жараёни амалга оширилди.

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

17.01.2020 438