Навоий вилоятидан Сенат аъзолари сайланди

 

Бугун Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Халқ депутатлари Навоий вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бўлиб ўтди.

Даставвал ушбу муҳим жараёнга бағишланган Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг Қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакили Гулноза Исмоилова, Навоий вилоят ҳокими Қ. Турсунов ва маҳаллий кенгашларга сайланган жами 345 нафар депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Қўшма мажлисни очиб бериш учун сўзга чиққан Г. Исмаилова “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган жорий йилги сайловларнинг очиқ ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтганлиги, сиёсий партиялар ўз фаоллигини намоён этганлиги, айниқса аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганлиги сайлов жараёнларида яна бир бор маълум бўлганлиги тўғрисида сўзлади. Ушбу сайловларда халқ ишончини қозонган ва бугун депутат сифатида сайланганлар учун масъулиятли дамлар бошланганлигини алоҳида эътироф этиб, уларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади ҳамда айни дамда Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлашдек яна бир муҳим жараён олдида турганлигимиз ҳам алоҳида таъкидлади.

Мажлисда сайланган 13 нафардан иборат маслаҳат кенгаши ўзаро муҳокама натижасида Олий Мажлис Сенати аъзолигига номзодлар номини кўрсатишди.

Саноқ комиссияси аъзолари томонидан тасдиқланган сайлов бюллетенлари асосида депутатлар Олий Мажлис Сенати аъзолигига муносиб деб билган номзодларни яшириш овоз бериш йўли билан сайлашди.

Шу куннинг ўзида саноқ комиссияси аъзолари овозларни санаб чиқиб, натижаларни эълон қилди. Якуний натижаларга кўра, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари орасидан 6 нафар номзодлар Сенат аъзолигига сайланишди. Жумладан,

Турсунов Кобул Бекназарович Навоий вилоят ҳокими;

Ходжаев Жамшид Бахтиёрович Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши раиси;

Тулекова Зиба Толибековна Томди тумани ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси;

Шарипов Баходир Мавлонович “Навоийазот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси;

Орзиева Дилбар Адизовна Навоий шаҳар “Меҳрибонлик уйи” директори;

Файзиев Улуғбек Ганиевич Навоий шаҳри “Зарафшон Голден Груп” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси.

Қўшма мажлис якунида вилоят ҳокими Қ. Турсунов ҳамда бир қатор депутатлар сўзга чиқиб, янгидан сайланган сенаторларни табриклади ҳамда келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилади.  

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Халкаро матбуот маркази Навоий вилоят бўлими

 

17.01.2020 477