Қашқадарёлик Олий Мажлис Сенати аъзолари билан танишинг!

Бугун, 17 январь куни Қарши шаҳрида жойлашган вилоят театри биносида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Қўшма мажлис кун тартибига битта – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига вилоятимиздан Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилди.

Даставвал 54-Мироқи сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Исломиддин Абраров қўшма йиғилишнинг раиси этиб тасдиқланди.

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан қўшма мажлис ишини ишини олиб бориш учун ишчи ҳайъати, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун мажлис котибияти, Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши, яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун Саноқ комиссияси аъзоларини сайладилар.

Очиқ овоз бериш орқали маслаҳат кенгаши томонидан тақдим этилган олти нафар депутатнинг номзодини ёпиқ яширин сайлов бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг Сенат аъзоларини сайлови бўлиб ўтди. Сайловда барча демократик талаблар асосида ҳар бир иштирокчининг ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этиши учун қурилган кабиналар орқали ўтилиб, бюллетенлар сайлов қутисига ташланди.

Саноқ комиссияси белгиланган тартибда номзодларга берилган овозларни санаб чиқиб, натижаларни эълон қилди.

Сайлов натижаларига кўра, қуйидаги олти нафар номзоднинг барчаси қўшма мажлисда иштирок этган сайловчиларнинг кўпчилик овози билан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди:

Мирзаев Зойир Тоирович - Қашқадарё вилояти ҳокими;

Иркаев Абдурахим Панджиевич - Қарши давлат университети миллий ғоя ва маънавият асослари кафедраси доценти;

Шамсиев Шермат Жўрақулович - “Муборак газни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамияти директори;

Курбанов Илхам Узакович - “Аму-Қашқадарё” ИТХБ бошлиғи;

Фозилов Хуршид Ғайратович - Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиали директори;

Эшматова Феруза Фарходовна - Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Халқаро ишларва парламентлараро масалалари Қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

 

17.01.2020 501