Сайлов комиссиялари фаолияти такомиллашади

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Парламентга Мурожаатномасида 2019 йил 22 декабрь куни мамлкатимизда бўлиб ўтган сайловлар ва уларнинг натижаларига алоҳида тўхталдилар.

Айниқса сайлов жараёнларини халқаро кузатувчилар томонидан кузатилганлиги ва улар томонидан “сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этилганлиги” таъкидлади.

 

Шу ўринда сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, олдимизда турган муҳим масалалардан бири эканлигини билдирдилар.

Мурожаатномада “маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”лиги алоҳида таъкидланди.

Ушбу ташаббус амалий аҳамиятга эга бўлиб, маҳаллий Кенгашларга сайловларда участка, округ ва туман(шаҳар) сайлов комиссиялари фаолият олиб бориши яхши маълум.

Бўлиб ўтган сайлов жараёнларида участка сайлов комиссияси якуний баёнлари ва округ баёнлари ҳамда туман сайлов комиссияси қарорини қабул қилишда  ўзига хос мураккабчиликлар, айрим жойларда ноаниқликлар келтириб чиқарганлиги кузатилди.

Бўлиб ўтган сайловларда Республикамиз бўйича жами 31 та шаҳар,  171 та туман, 5739 та округ сайлов комиссиялари ҳамда 10260 та участка сайлов комиссиялари фаолият олиб борди.

Келгусида ушбу ташаббус асосида туман(шаҳар) сайлов комиссиялари ваколатларининг кенгайтирилиши ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳисобига округ сайлов комиссиялари фаолиятини тугатиш ва тўғридан–тўғри участка сайлов комиссиялари баёнлари асосида сайлов якунларини чиқарилиши бўйича қонунга ўзгартиш киритилиши сайлов жараёнида аниқлик, ҳаққонийлик ва энг муҳими адолатлилик тамойилларини рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнайди.

Шу билан биргаликда сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилишда 63 мингдан зиёд комиссияга номзодлар жалб қилинмайди, бунга сарфланадиган ҳаражат асосан участка сайлов комиссиялари фаолиятини такомиллаштиришга сарфланади.

Округ сайлов комиссиялари учун фойдаланиб келинган  5739 та бино ва хоналарни жиҳозлаш каби ортиқча оворагарчиликнинг олди олинади, сайловга тайёргарлик ишлари  соддалаштирилади ва асосий эътибор сайлов участкаларини модернизациялашга қаратилади.

Мазкур янгиликни жорий қилиниши маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайловларни демократик принциплар асосида ўтказилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини оширишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар, жумладан, Сайлов кодексида сайловчининг ҳуқуқлари, сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллари ҳақида ҳамда сайлов жараёнларини ташкил этиш бўйича орттирилган тажрибалар ҳақида аниқ мисоллар билан мулоқот ўтказилиши ҳам ўз натижасини бериши, шубҳасиз.

Бу борада 2019 йилдаги сайловга тайёргарлик жараёнидаги  тажрибадан келиб чиқиб шуни айтиш лозимки, Республика ва вилоятлар миқёсида махсус тайёргарликдан ўтган олимлар, профессор ва ўқитувчилардан иборат мутахассислар гуруҳлари келгусида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сайлов қонунчилигини кенг тарғиб қилишда ўзларининг амалий ҳиссаларини қўшиши муҳтарам Президентимииз мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

 Аъзоси

24.01.2020 86