ЭРИШИЛГАН ҲАР ҚАНДАЙ ЮТУҚЛАР ЗАМИРИДА ИЛМ МУЖАССАМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида 2020 йилга яхши ниятлар билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном беришни таклиф этди. Бу таклиф халқимизнинг дилидаги таклиф бўлганлиги боис ҳам залда ўтирган йиғилиш иштирокчилари гулдирос қарсаклар остида, якдиллик билан қўллаб-қувватладилар.

Мурожаатномани видеоселектор йиғилишларида, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали кузатган, ўқиган, эшитган фуқароларимиз, аҳолимиз томонидан ҳам ниҳоятда кўтаринки руҳда бир овоздан маъқулланмоқда.

Турли касб эгалари, ўз соҳаларидан келиб чиқиб, мурожаатномада қайд этилган устувор йўналишлар, вазифалар, таклиф ва тавсияларга ўзларининг муносабатларини билдирмоқдалар.

Дарҳақиқат, мурожаатномада билдирилган ҳар бир фикрнинг салмоғи ниҳоятда юксак ва бебаҳо. Мурожаатномани қайта-қайта ўқиш, уқиш ва ўрганиш ҳар бир Ватандошимизнинг муқаддас бурчи. Унда белгилаб берилган устувор йўналишлар ва вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, фуқаролик жамияти институтларида фаолият олиб бораётган ҳар бир раҳбарнинг, ходимнинг асосий масъулияти, вазифаси ва бурчидир.

Мурожаатномада Президентимиз “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”, деган пурмаъно фикрни айтдилар.

Бу фикрни қайта-қайта ўқир эканман, албатта, давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасида узоқ йиллар самарали ишлаган ва тажриба орттирган буюк давлат арбобининг қалбидан чиққан бебаҳо фикрлар эканлигига амин бўлдим.

Зеро, қайсики миллат, қайсики халқ ўз озодлигини, эркинлигини қўлдан берган бўлса – бунга энг аввало илм-маърифатга, юксак маънавиятга эътиборсизлик сабаб бўлган. Инсонлар онгидаги бойликка ҳирс қўйиш, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва миллатчилик кайфиятининг ўсиб бориши, давлат-жамият ва халқ тараққиёти, фаровонлигидан кўра шахсий манфаатларини устун қўйилиши ҳам пировард натижада таназзулга сабаб бўлган. Бундай кайфиятнинг шаклланишига эса, энг аввало, илмсизлик ва маърифатсизлик, маънавий бузуқлик сабаб бўлган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Юртбошимизнинг юқорида билдирилган фикрлари ривожланган ҳуқуқий-демократик давлат, маърифатли жамият  барпо этиш мақсадини кўзлаган давлатимиз, фаровон турмуш барпо этиб, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш ниятини мақсад этган халқимиз учун нақадар юксак аҳамиятга эга.

Юртбошимиз шарқ донишмандларининг ғояларига таяниб қайд этганларидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм. Энг катта мерос – бу яхши тарбия. Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” Дарҳақиқат шундай, инсон тинимсиз ўқиш, изланиш амалий тажриба орттириш орқали ақл-заковати юксалиб боради. Буюк ишларга, ихтироларга илм ва ақл-заковат орқали эришади. Оилада яхши тарбия олган фарзанд, ўсиб улғаяр экан одоб-аҳлоқи билан бошқаларга ўрнак бўлади. Пировард натижада тарбия берган ота-онасига раҳмат олиб келади. Тарбияли иносн жамият ва давлат тараққиётига хизмат қилади. Билимсизликнинг эса оқибатлари аянчли! Билимсиз кишининг нафақат ўзгаларга, балки ўзига ҳам фойдаси тегмайди. Бир ишни уддалай олмагач, жамиятнинг янгиланиш ва бунёдкорлик ишларига соя солади, тўсиқ бўлади. Билимсизлик оқибатида эътиборсизлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик каби иллатлар урчийди. Шу боис, билимсизлик ўта қашшоқликдир.

Шу боис ҳам, Президентимиз таъбири билан айтганда, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш  ҳаммамиз учун узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

 

Худоёр Маматов,

Марказий Сайлов Комиссияси

Котибият раҳбари

25.01.2020 319