ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ САЙЛОВЛАРИ: ЮТУҚЛАР, МУАММОЛАР ВА ЕЧИМЛАР

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ қарийб икки йил давом этган ғоят масъулиятли жараён якунланди: мамлакатимиз янги парламенти ҳамда маҳаллий кенгашлари шакллантирилди. Ҳукумат ва ҳокимлар таркиби янгиланди. Сайловлар кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос тарзда ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “Сайловлар Ўзбекистонимиз учун катта сиёсий имтиҳон бўлди. Халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтди”.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ушбу муҳим воқеа якунлари ҳақида суҳбатлашдик.

Ёруғ юз билан

 

Мирзо Улуғбек Элчиевич, ўтган сайловларнинг Сизни энг қувонтирган жиҳатлари нимада бўлди?

Ҳаммамизнинг юзимизни ёруғ қилган омиллар ҳақида гапирадиган бўлсак, энг аввало, сайловларнинг мамлакатимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталикда, халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, сиёсий-ҳуқуқий маданият, қадимий анъаналаримизга мос  муҳитда ўтганини таъкидлаган бўлар эдим.

Баъзи давлатларда бўлгани каби демократияни бошбошдоқлик, сўз эркинлигини бетгачопарлик, деб тушуниш, жамоат тартибини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кузатилмади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар адолатли, ҳалол ва шаффоф, умумэътироф этилган стандартлар ва энг мақбул амалиётлар, мамлакатимизнинг сайловлар соҳасидаги мажбуриятларига биноан ўтказилди.

Буни сайловлар жараёнини бевосита кузатиб борган нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси,  ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши миссиялари ва хорижий мамлакатларнинг юзлаб кузатувчилари оммавий ахборот воситаларига берган интервьюлардаги эътирофлар ҳам яққол тасдиқлаб турибди.

Энг муҳими, сайловчиларимиз ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун барча шароит яратилди ва халқимиз бу имкониятдан самарали фойдаланди.

Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётини босқичма-босқич ўзгартириш ва юксалтиришга йўналтирилган кенг кўламли, изчил ва дадил ислоҳотлар бераётган юксак самаралардандир.

 

Юксак шараф

 

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги парламентидан халқимизнинг умиди катта.

Албатта! Парламент сайлови натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини ва Сенатининг 98 нафар аъзосини рўйхатга олди. Шулардан 14 нафари Президентимизнинг Фармонига биноан Сенат аъзоси этиб  тайинланди. Янги парламентнинг ҳар икки палатаси ва маҳаллий Кенгашларнинг илк мажлислари бўлиб ўтди. Сиёсий партиялар қуйи палатада ўзларининг фракцияларини тузди.

“Янги Ўзбекистон янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловлар натижасида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланди. Сайловлар жараёнининг давоми сифатида, ижроия ҳокимияти қайтадан шакллантирилди. Бу халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига хизмат қиладиган адолатли қонунлар ва қарорлар қабул қилишда муҳим ўрин тутади.

Сайловчилар, яъни 33 миллионлик халқнинг, давлатимиз раҳбарининг юксак  ишончига сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган юксак шарафдир.

Халқаро кузатувчилар қайд этганларидек, замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор реал рақобат муҳитида ўтган бу галги  сайловларда депутатлик, сенаторлик мандатига эришиш ҳеч кимга осон бўлгани йўқ. Бу — табиий. Депутатлик мандатлари учун бешта сиёсий партиянинг номзодлари қизғин кураш олиб борди. Қанчадан-қанча муаммолар кўтарилди. Қанчадан-қанча янги ғоялар, фикрлар ўртага ташланди, танқидий гаплар айтилди. Партиялар ва номзодлар томонидан сайловолди учрашувларида қанчадан-қанча ваъдалар берилди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “...ўзингиз айтинг, олдинги парламент сайловларида мана шундай сиёсий жараённи ютуқни ютуқ, камчиликни камчилик деб очиқ айта оладиган муҳитни тасаввур қила олармидик?”

Шу боис парламентда бўладими, маҳаллий Кенгашларда бўладими, қайси даражадалигидан қатъи назар, энди ҳар бир депутатнинг ҳамда ҳар бир сенаторнинг зиммасида ҳар бир сайловчи, ҳар бир фуқаро, бутун халқимиз ва Президентимиз олдида юксак масъулият юки бор. Бу шарафли юкнинг номи халқ фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистонимизнинг энг ривожланган демократик давлатлар сафидан мустаҳкам жой олиши учун шу юрт фарзанди сифатида муносиб ҳисса қўшиш.

Энди халқ вакиллари ўзининг бор куч-ғайрати, илмий, ижодий ва лидерлик салоҳиятини ҳамда инсоний фазилатларини халқимиз ва мустақил Ватанимизнинг равнақи йўлида сафарбар этишлари лозим. Бу хайрли йўлда уларга улкан муваффақиятлар, қатъий ирода, кўтаринки руҳ, юксак ишонч ва омадлар тилаймиз.

 

Демократия кўзгуси

 

Газетамизда чоп этилган интервьюларингиздан бирида сиз сайловларни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг олти юзга яқин кузатувчиси мониторинг қилиб бориши кутилаётганини айтган эдингиз. Амалда кузатувчилар рекорд даражада кўп бўлди. Бунинг сабаби нимада?

Сабаби — Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан демократик ўзгаришларга дунё ҳамжамиятининг қизиқиши катта эканлигида. Демократик ислоҳотлар йўли эса халқимиз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўл сифатида белгиланган.

Сайлов демократия кўзгуси, деган гап бежиз айтилмайди. Негаки, ҳар қандай мамлакатда очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид умумэътироф этилган кўплаб демократик тамойиллар амалда нечоғлик таъминлангани айнан сайловлар жараёнида намоён бўлади.

Бу галги сайловларнинг ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан мутлақо янгича ўтганини, қайд этилганидек, ўнта халқаро ташкилот, элликка яқин чет давлатнинг 825 нафар кузатувчиси, мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситаларининг 1155 нафар вакили бевосита кузатиб борди.

Кузатувчилар Ўзбекистонда модернизация ва демократлаштириш жараёнлари ортга қайтмас характер касб этиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва ошкоралик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганига тўла ишонч ҳосил қилдилар.

Масалан, ЕХҲТнинг ДИИҲБ ҳисоботи мазкур ташкилот тарихида 1999 йилдан буён Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш билан боғлиқ барча ҳисоботларидан кескин фарқ қилди. Унда таъкидланишича, сайловлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларида ўзгаришларни босқичма-босқич амалга оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлари доирасида ўтказилди.
 

Кодекс берган имконият

 

Бу гал сайловлар биринчи марта Сайлов кодекси асосида ўтди. Унинг натижалари ҳақида нималар дейиш мумкин?

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сайлов қонунчилиги тубдан янгиланиб, миллий тажрибамиз ва халқаро стандартларга мос Сайлов кодекси қабул қилинмаганида демократик сайловларни ўтказишни тасаввур қилиш ҳам қийин эди.

2019 йилнинг 25 июнида Сайлов кодекси амалиётга киритилгач, сайловларнинг ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Бунда, аввало, сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди. Бевосита ишлайдиган қонун мақомини олди.

Бу кимгадир майда гапдай туйилар. Бироқ  “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида” каби бешта қонун ва йигирмадан ортиқ бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжат турли низомлар ва йўрқиномаларни кўз олдингизга келтиринг. Ҳаммасини жамласангиз, ёстиқдай китоб бўлади. Бунинг устига, қўшиқдаги нақорат каби мазкур қонунларнинг ҳар бирида такрорланувчи нормалар ва қоидаларни айтмайсизми.

Оддий сайловчини қўяверинг, сайлов қонунчилиги билан илгари бақамти келмаган узоқ қишлоқдаги сайлов участкаси аъзоси ўқитувчи ёки шифокорнинг сайловларни ўтказиш жараёнида боши қотиб, қандай аҳволга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир”, деб алоҳида таъкидлаганида катта ҳикмат бор.

Бундай ҳайрли ишларни амалга оширишда ҳажман ихчам, баёни содда, имконияти кенг Сайлов кодекси жуда қўл келиши табиий.

Кодекс яратган имкониятлар ҳақида гапирар эканмиз, жамият ҳаётида сиёсий партиялар роли янада кучайтирилиб, сайлов қонунчилиги халқаро сайлов стандартларига мосланганини алоҳида қайд этиш ўринли.

Барча вакиллик органларига фақат сиёсий партиялар томонидан номзод кўрсатиш амалиётига ўтилгани халқимизнинг улкан ютуғидир. Яъни Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни сақлаб қолингани ҳолда, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти бекор қилинди. Натижада бешта сиёсий партия ўзаро рақобатга киришди ва янги Ўзбекистон Экологик партияси қуйи палатада 15 депутатлик ўрнини қўлга киритди.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатининг шакллантирилиши мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги мутлақо янги амалиёт бўлди. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг тўлақонли ишлашини таъминлаш мақсадида шакллантирилган мазкур рўйхатга сайлов ёшидаги 20,5 миллиондан зиёд фуқароларга доир маълумотлар киритилди ва улардан сайловлар жараёнида белгиланган тартибда фойдаланилди.

Шунингдек, мазкур ахборот тизимидан Қонунчилик палатаси, вилоят ва туман (шаҳар) жами 6 720 та округ сайлов комиссиялари, 10 260 та участка сайлов комиссияларига доир, шунингдек, барча ҳудудлардаги участка сайлов комиссияларининг жами 170 313 нафар аъзосига оид маълумотлар жой олди. Бу ортиқча қоғозбозликларга берҳам бериб, сайловчиларнинг, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун масъулларнинг ҳисобини аниқ юритиш, овоз бериш жараёнида барча учун катта қулайликлар яратди.

Илгари Сенат аъзолари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган низом асосида сайланар ва бундай амалиёт муайян эътирозларга сабаб бўлар эди. Бу гал Сенат аъзолигига даъвогарлар Сайлов кодексига биноан  сенаторлик мақомига эришди.

Ижтимоий хавфи катта эмас ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар мамлакатимиз тарихида биринчи марта овоз бериш шарафига муяяссар бўлгани ҳам сайлов амалиётидаги энг муҳим янгиликлардандир.

22 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов таъкидлаб айтдики, соат 11.00 га қадар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида  рўйхатга олинган сайловчиларнинг 2715 нафари ёки 75 фоизи овоз бериш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланди.

Вазирнинг қайд этишича, сайлов кунига қадар 18 нафар депутатликка номзод, халқаро ташкилотларнинг 4 нафар кузатувчиси ҳамда бир журналист қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахслар билан учрашувлар ўтказган.

Сайлов кодексининг 33-моддасига биноан сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар иштирок этгани мазкур сиёсий тадбирни ўтказиш жараёнида жамоатчилик, яъни халқ назоратини сезиларли даражада ошириш, сайловларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилди. Бешта сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жами 70 мингдан зиёд вакиллари биринчи марта сайловларни бевосита кузатиб борди.

 

Кўзларда қалқиган ёш

 

22 декабрь куни эрталаб овоз бериш учун борганимизда сайлов участкаси гавжум эди. Роппа-роса соат саккизда мамлакатимизнинг Давлат мадҳияси янгради. Ҳамма тўлқинланиб кетганлиги, айримларнинг кўзида ёш қалқиганини кўрдик...

Аввалги қонунчиликда бундай норма йўқ эди. Сайлов кодексининг 54-моддасига биноан ўтган сайловда биринчи марта барча сайлов участкаларида, жумладан, хориждаги эллик бешта сайлов участкасида ҳам, овоз бериш бошланишидан аввал мустақил Ватанимизнинг Давлат мадҳияси янгради. Муҳим сиёсий тадбирнинг бундай тантанавор бошланиши барчамизнинг дилимизда озод ва обод Ватанимиздан фахр-ифтихор туйғуларини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Юртдошларимиз миннатдорлиги

 

Сайловларда муддатидан олдин овоз берувчилар сони-салмоғи кескин ошганининг гувоҳи бўлдик. Бунинг аҳамияти қандай?

Муддатидан олдин овоз беришга оид норма — халқаро сайлов стандартларига мос. Сайловчилар учун қулай имконият. Ушбу жараён Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан,  12-18 декабрь кунлари ўтказилди.  Сайлов куни ўз яшаш жойида бўла олмаган 150 минг сайловчи, жумладан, қарийб 90 минг фуқаро хорижда муддатидан олдин овоз берди. Бу умумий сайловчилар салмоғининг бир фоизидан ҳам кам, аммо 2014 йилги парламент сайловида муддатидан аввал овоз берганлардан 18 баравар кўпдир.

Хорижда яшаб турган барча сайловчилар учун овоз бериш имконияти яратилганини юртдошларимиз миннатдорлик билан кутиб олдилар.

Бу ҳам Сайлов кодексига мувофиқ яратилган  қулайликдир. Биринчи марта хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган фуқароларгина овоз беришда қатнашарди.  Рақамларга чақадиган бўлсак, бу гал 38 мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида  2014 йилдагидан 10 баравардан кўпроқ — 112 411нафар сайловчи овоз берди.

 

Ёрқин самара

 

Мирзо-Улуғбек Элчиевич, янги парламентимизнинг қуйи палатасини ижтимоий тармоқларда кимдир ҳазиллашиб “хонимлар ижодхонаси” деб атабди.

Қуйи палатада қонун ижодкорлиги билан шуғулланадиган депутатларнинг 48 нафари 2014 йилдагидан кўра 3 баравар кўп аёллардир. Бунга Сенатдаги ва маҳаллий Кенгашлардаги минглаб хотин-қизларни қўшсангиз, уларнинг халқ вакиллик органларидаги салмоғи янада ошади.

Бу мамлакатимизда гендер тенглиги ва бағрикенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид қарорлар қабул қилинишидаги иштирокини, сайлов ҳуқуқлари ва имкониятларини янада кенгайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш,  жамият ҳаётидаги фаоллиги ва мақом-мавқеини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.

 

Камчилик ва нуқсонлар

 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда самарали ишлар амалга оширилганини, ҳатто унча-мунча ютуқларни тан олавермайдиган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳам эътироф этди. МДҲ мамлакатлари кузатув миссияси вакиллари эса юксак даражада ўтказилганини тасдиқлади. Шуни билан бирга, сайлов кампанияси даврида жойларда айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани ҳам сир эмас.

Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш ўта масъулиятли жараён, кўпнинг кўмаги билан битадиган, кўп вақт талаб қиладиган, серзахмат иш. Овоз бериш жараёнида 10 мингдан ортиқ участка сайлов комиссиясида 180 мингга яқин одам иш олиб борди. Гарчи улар, яъни сайлов участкалари аъзолари, сайлов қонунчилиги бўйича малакали экспертлар томонидан семинар-терингларда астойдил ўқитилган ва кўникмаси оширилган бўлса-да, касби сайлов амалиёти билан бевосита боғлиқ эмаслигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Уларнинг кўпчилиги ўқитувчилар, оддий фуқаролар ёки жамоат ташкилотлари вакилларидир. Қай биридир эътиборсизлик ёки бепарволик қилиши ва хатога йўл қўйиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Камчилик ва нуқсонлар, яъни бир киши томонидан бир неча сайловчи ўрнига овоз беришга, сайлов куни муайян номзодни алқаб ташвиқот юритишга уриниш, овоз бериш якунларига доир ҳужжатларни нотўғри расмийлаштириш илгари ҳам бўлган. Фақат очиқ айтилмаган. Тан олинмаган.

Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг шарофати шундаки, нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам баралла айтилиб, уларни бартарф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинмоқда.

Сайловлар жараёнида йўл қўйилган баъзи камчиликларни бартараф этишда депутатликка номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, айниқса, ижтимоий тармоқлардаги юртдошларимиз ва блогерларнинг хизмати катта бўлди. 

30.01.2020 176