ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ САЙЛОВЛАРИ: ЮТУҚЛАР, МУАММОЛАР ВА ЕЧИМЛАР (2-қисм)

Кенг кўламли ўрганиш

 

Сайлов участкаларининг аъзолари сайлов қонунчилиги бўйича ўқитилгани ва кўникмаси оширилгани ҳақида гапирдингиз. Бундай семинар-тренинглар аввалги сайловлар арафасида ҳам ўтказилган. Фарқи нимада?

Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилинди. Дастурда белгиланган кўламли вазифалардан бири — барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитишга ҳар қачонгидан эрта — 3 августдан киришилиб, 8 босқичли семинар-тренингларда замонавий педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилилди.

Юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган ва интерфаол усуллар устуворлик касб этган ўқитишлар жараёнида мамлакатимиз бўйича 180 мингга яқин киши малака оширди. 20 октябрдан 20 ноябргача ўтказилган сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги тадбирлари эса, кузатувчилар эътироф этишганидек, умуммиллий кўлам касб этиб, миллионлаб сайловчиларни қамраб олди.

Бундай кенг кўламли ўқитиш ва тарғибот ишлари мамлакатимиз тарихида биринчи марта ташкил этилди.

Илгари бундай тадбирлар сайлов кампанияси эълон қилинганидан сўнг — кеч кузда бошланар, машғулотлар кўпинча бутун тумандаги сайлов комиссиялари раҳбарлари-ю, аъзолари — 300-400 киши бир маҳобатли залга йиғилиб, уларга икки-уч соат узундан-узун ва зерикарли маърузалар ўқишдангина иборат бўларди. Сабаби — вақт тиғиз, молиявий имкониятлар малакали мутахассислару экспертларни ўқитиш жараёнига кенг жалб этиш имконини бермасди.

 

Мурожаатлар эътиборсиз қолмайди

 

Сайловлар жараёнида аҳолининг мурожаатлари ва шикоятлари сони одатдагидан кўпайган бўлса керак?

— Сайловлар жараёнида мурожаатлар ҳар қачонгидан кўп бўлди. Бу жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг тобора мустаҳкам қарор топиб,  халқимизда адолатга бўлган ишонч, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғулари кучайиб бораётганидан далолатдир.

Сайловчиларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор билан қараш, сайлов қонунчилиг ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссиясининг, умуман, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятининг бош йўналиши. Бирорта мурожаат эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида сайлов кампанияси аввалидан то жорий йилнинг 7 январигача “Ишонч телефони” (“Call center”) ишлаб турди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи аҳолиинг 1197 бепул қисқарақамли, хорижда истиқомат қилиб турган фуқароларимизнинг эса  (998) 55 -502-44-44 рақамли телефон орқали тушган барча мурожаатларига Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, сайлов бўйича етакчи экспертлар ва олимлардан иборат навбатчилар гуруҳи томонидан ўз вақтда малакали жавоблар қайтарилди. Тушган 1021 мурожаатнинг бирортаси эътибордан четда қолгани йўқ.

Сайловлар муносабати билан аҳоли мурожаатларининг тезкорлик билан ва қонуний кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2019 йил 13 декабрдаги фармойишига биноан Олий судда ҳамда барча судларда штаблар тузилиб, 2019 йилнинг 16 декабридан 2020 йилнинг 3 январига қадар ҳамма вилоятлар ва туман (шаҳар) маъмурий судларида судяларнинг мунтазам навбатчилиги ташкил этилди. Бундай навбатчилик прокуратура, ички ишлар органларининг барча бўғинларида ҳам йўлга қўйилди. 

Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда сайлов қонунчилининг бузилиши борасида эълон қилинган барча хабарларга тезкорлик билан муносабат билдирилди. Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, етакчи мутахассислари, зарур ҳолатларда прокуратура органлари вакиллари билан биргаликда қоидабузарлик содир этилган жойларга зудлик билан етиб бориб, масалани синчиклаб ўрганди. Тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Тегишли органлар томонидан маъмурий ишлар очилган ҳолатлар ҳам бўлди.

Буларнинг барчасини мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳатларнинг, айниқса, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва эътибор ошиб бораётганининг яққол далили сифатида кўриш мумкин.  

 

Истифода ва ифода

 

Сайловлар жараёнида энг кўп истифода этилган сўзлар  очиқлик ва ошкоралик бўлди. Бундай демократик тамойиллар қандай таъминланди?

Сайловларда фақат овоз бериш яширин кечди. Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишни очиқ-ошкора ва шаффоф олиб борди. 

Сайлов кампанияси мониторингини юритган экспертларнинг маълумотларига қараганда, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ҳамда телеграм каналларда турли тилларда сайловларга бағишланган жами 42 мингдан ортиқ, жумладан, 4 мингга яқин танқидий руҳдаги чиқишлар қайд этилди.

Сиёсий партиялар ўртасида депутатлик ўринлари учун кураш кутилганидан ҳам қизиқарли бўлганидан хабарингиз бор. Буни сайловолди учрашувларида, теледебатларида, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида, ижтимоий тармоқлар, сиёсий партиялар веб-сайтларида, шунингдек, интернет-нашрларда,  илгари миллий сайловларимиз амалиётида кузатилмаган митингларда, марафонларда кўриш мумкин эди. Тадбирларда юз минглаб сайловчилар иштирок этди.

Бу ҳам мамлакатимизда мустаҳкам қарор топиб бораётган сўз ва матбуот эркинлигининг амалдаги ўзига хос намоёнидир.    

 

Оғир ишнинг енгил кўчиши

 

Рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш  2020 йилдаги энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида қандай режалар бор?

Мамлакатимизда бу борада изчил ишлар бошланганига икки йилдан ошди. Жумладан, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди ва ўтган сайловларда муваффақиятли қўлланди. Мазкур янгиликка сайлов ҳуқуқи бўйича етакчи мутахассислар, жумладан, халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан “инновацион ўзгариш” деб таъриф берилди. Чунки мазкур тизимнинг халқаро андазалардаги “бир сайловчи — бир овоз” тамойилини амалга оширишдаги ўрни беқиёсдир.

“Saylov-2019”мобиль иловасининг ишга туширилиши ҳам ана шундай муҳим янгилик сифатида миллионлаб сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, экспертлар, кузатувчилар, номзодлар, партиялар фаолларининг оғирини енгил қилди. Иловага сайлов бўйича барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, барча даражадаги сайлов комиссияларининг таркиби, манзили, телефон рақамларига оид маълумотлар, сайлов иштирокчиларига мўлжалланган ўқув материаллари, эслатма ва услубий тавсиялар, электрон кутубхона ҳамда саволларга жавоблар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида жойланди.

Мобиль илова, айниқса, турли даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларининг ишида қўл келгани борасида кўплаб эътирофларни эшитдик.

Айни пайтда сайлов куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олтмишта сайлов участкасига тажриба-синов сифатида ўрнатилган 120 видеокамера сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матубот марказига ва интернет орқали онлайн режимида бутун дунёга намойиш қилиб турди. Йигирмата сайлов участкасига овоз бериш чоғида фуқароларнинг шахсини аниқлаш учун  биометрик ҳужжатларни “ўқийдиган” олтмишта қурилмадан тажриба сифатида фойдаланилди. 

Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан миллий сайлов тизимида  изчил ва тизимли равишда амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар кўлами ва салмоғи Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида янада ошади.

 

Такомилда ҳикмат кўп

 

Амалиётдан келиб чиқиб, сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш борасида таклифлар ҳам тушгандир?

Бундай таклифлар доим бўлган. Сайлов қонунчилиги миллий ҳуқуқий тизимдаги энг самарали ва изчил ривожланаётган йўналишлардан биридир. Уни такомиллаштириш, ўқиш-ўрганиш — давомли жараён.

Эътибор берган бўлсангиз, илгари овоз бериш каллаи саҳардан соат олтида бошланар ва 14 соат давом этарди. Жамоатчиликнинг фикрини инобатга олиб, Сайлов кодексида овоз бериш соат саккиздан йигирмагача белгилангани жуда тўғри иш бўлганлиги сайловларда ўз тасдиғини топди.

 Энди таклифлар бўляптики, сайловларни ўтказиш вақти қорли-қировли, совуқ қиш фаслидан очиқ-ёзиқ баҳор ёки илиқ куз ойларига кўчирилса, аҳоли учун яна бир қулайлик яратилар эди.

Сайлов куни овозларни санаб чиқиш ва дастлабки ҳисоб-китоб натижаларини Марказий сайлов комиссиясига расман юбориш механизмларини тезлаштириш ва такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқиш ҳам фойдадан ҳоли эмас. Бунда рақамли технологиялардан фойдаланиш муҳим ўрин тутади.

Умид қиламизки, мамлакатимизнинг янги парламенти сайлов қонунчилигига киритилиши мумкин бўлган бундай таклифларни инобатга олади.

Ўтган сайловлар Ўзбекистон демократик ўзгаришлар ва тараққиёт йўлидан дадил ва оғишмай бораётганининг яна бир яққол далили, халқимизнинг юксак марраларга эришишига қаратилган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳатлар самараси, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар амалда рўёбга чиқаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.

 

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

суҳбатлашди (“Халқ сўзи”).

(“Халқ сўзи” газетаси, 2020 йил 30 январь).

30.01.2020 411