Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари

2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Парламентга Мурожаатномасида “Бугунги Ўзбекистон, кечаги Ўзбекистон эмас”лигига эътибор қаратиб, қуйидагиларга алоҳида тўхталиб ўтдилар:

Биринчидан, мамлакатда бошланган инсонпарвар ислоҳотлар йўли энди ҳеч қачон ортга қайтмаслигига ва демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўл эканлигига... шунинг учун ҳам бу борада ҳар куни изланишда бўлиб, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашимиз зарурлигига;

Иккинчидан, Бизнинг ислоҳотларимизни ҳаётга тадбиқ этиш учун ҳеч ким ташқаридан келиб, ҳеч нарса қилиб бермаслигини ҳамда фақат ўз кучимиз, билимимиз ва тажрибамизга таяниб, тинимсиз меҳнат, ҳаракат қилсакгина олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришишимиз мумкинлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, барча соҳада эришилган ютуқлар ўзимизники, келгусида янада ривожланиш учун фақат ютуқларни эмас балки, йўл қўйилган камчиликларни ва муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини излаб топиш зарур. Иш услубида янгича усулларни қўллаган ҳолда ўз фаолиятимизни такомиллаштириш, бу ҳозирги замоннинг долзарб талабларидан биридир.

 

Ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссияси ҳам нафақат сайлов кампанияси даврида балки сайловлардан кейин ҳам сайлов қонунчилиги ва амалиётини халқаро демократик стандартларга мос равишда, янада такомиллаштириб бориш мақсадида узлуксиз иш юритишни ўз олдига асосий вазифа қилиб белгилаб олди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси Раисининг 2020 йил 3-февралдаги Фармойишига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар марказларида Марказий сайлов комиссияси, турли даражадаги ҳудудий сайлов комиссиялари, Округ ва участка сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, маҳаллий давлат хокимияти органлари, прокуратура ва маъмурий судлар, фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, СЖБАТ ва СЯЭР яратиш ва ишга тушириш учун масъул бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида “2019 йилда бўлиб ўтган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида давра суҳбатларини ўтказиш белгиланди.

 

2020 йил 6-7 февраль кунлари Самарқанд ва Жиззах вилоятларида бўлиб ўтган ушбу форматдаги давра суҳбатларида Марказий сайлов комиссияси аъзолари  Худоёр Маматов, Эркин Ходжакуловлар иштирок этди.

 

      

Давра суҳбатларини ўтказишдан асосий мақсад – “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда йўл қўйилган хато-камчиликларни, муаммоли масалаларни аниқлаш, уларни бартараф этиш йўлларини излаш, аниқ таклифлар ва ечимлар ишлаб чиқишдан иборат.

Илгарилари, мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар тажрбасида хорижий ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссияларининг хулосалари ва тавсиялари асосида чора-тадбирлар белгилаш ва ижрога қаратиш анъана бўлган. Бироқ, ушбу миссияларнинг хулоса, тавсияларида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ҳолда ҳудудларда юзага келган ҳаётий муаммолар, камчиликлар тўлиқ ёритиб берилмаган.

 

Бўлиб ўтган давра суҳбатлари иштирокчилари - 2019 йил декабрда бўлиб ўтган сайловларда фаол иштирок этган сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва бошқа ташкилотчи ва мутасадди вакиллар мазкур сиёсий кампания даврида сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайлов участкалари ва сайлов округлари чегараларини белгилаш,  сайловни молиялаштириш, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни танлаш ва кўрсатиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш, сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни шакллантириш, сайлов комиссиялари томонидан сайловчилар рўйхатини шакллантириш, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, кузатувчилари, депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш жараёнларида, овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш натижаларини санаб чиқиш ва баённомаларни расмийлаштириш каби жараёнларда айрим хато-камчиликларга дуч келинганлигини қайд этиб ўтдилар.

Биринчи навбатда сайловга тайёргарлик кўриш учун сайлов комиссияларини ўқитиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида ўқишларни ташкил қилиш ҳамма жойда ҳам бирдек амалга оширилмади.

 

Айрим жойларда тренерларга ўз вақтида иш ҳақи берилмаган бўлса, баъзи худудларда комиссия аъзолигига номзодлар ўрнига бошқа шахслар семинар-тренингларда иштирок этишига йўл қўйилди.

 

Комиссиялар учун бинолар ажратиб округ ва участкалар чегарлари эълон қилингач, айрим ҳудудларда биноларни алмаштириш зарурати туғилди.

Комиссия аъзолари тасдиқлангач, уларга иш ҳақи ва компенсациялар тўлаш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг қарорларини айрим бухгалтерия ходимлари тўлиқ тушуниб етмаганлиги оқибатида, тўловлар муддати кечикишига йўл қўйилди.

 

Сайлов жиҳозларини ҳисобини юритиш, эҳтиёж тўғрисида буюртма бериш, жиҳозларни ўз вақтида қабул қилиш ва сайлов участкаларига етказиб беришда муайян камчиликларга йўл қўйилди.  

 

Бўлиб ўтган саккиз босқичли семинар-тренингларда тренерлар томонидан соталаб ўқув машғулотлари олиб борилганига қарамасдан, участка ва округ сайлов комиссиялари овоз бериш якунлари бўйича баённомаларни расмийлаштиришда арифметик хатоликка йўл қўйиш ҳоллари кузатилди.

 

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, мурожаатда кўтарилган масала асосан участка ва округ сайлов комиссиялари ёки туман ва вилоят сайлов комиссиялари даражасида ечиладиган масала бўлсада, бу борада тўғридан-тўғри Марказий сайлов комиссиясига мурожаатларнинг йўлланиши, уни йўллаган сиёсий партиялар вакиллари, кузатувчилари ёки сайловчилар ўртасида ташвиқот ва тарғибот тадбирлари етарли даражада амалга оширилмаганлигидан далолат берди.

 

Сайлов участкасига Ишонч телефонларининг рўйхатини жойлаштириш бежиз айтилмаган эди. Бу ишонч телефонлари қайси ҳудудларда яхши ишлади ва самара берди? Нега барча ҳудудларда бирдек ишламади? Келгусида қандай иш ташкил этиш керак? Умуман сайловларни юқори савияда, очиқ-ошкора, шаффоф ўтказишда қандай камчиликларга дуч келинди? Уни бартараф қилиш учун нима қилиш лозим? Биринчи навбатда Марказий сайлов комиссияси нима қилиши керак? Сайлов жараёнидан сайловчи, депутатликка номзод, кузатувчи, ваколатли вакил рози бўлдими? Комиссия аъзоларининг ўзи розими? Қонунга қандай ўзгартириш киритиш керак? Яна қандай қоидани амалиётга жорий қилишга эҳтиёж мавжуд каби саволлар давра суҳбати иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилиниб, билдирилган таклифлар умумлаштирилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳига тақдим этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

07.02.2020 345