Мир Алишер Навоий хотираси ёд этилди

Бугун, 9 февраль, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудига 579 йил тўлди. 

Туркий тиллар адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонимизнинг асарлари орадан 5 аср ўтса ҳамки миллатимизнинг энг улкан маънавий хазинаси бўлиб келмоқда. 

Шоир ва мутафаккир Алишер Навоий форсий ва туркий тилда баравар ижод қила олсада, ўз таъбири билан айтганда “турк тилини форсий тиконларидан ҳалос этган” буюк ижодкордир. Навоий ўзиниг “Муҳокамат-ул луғотайн” асарида тилимизнинг нақадар бой ва сермазмун эканлигини исботлаб берди. Унинг назмий асарлари 120 минг байтдан ортиқ, 51230 мисрадан ташкил топган. "Хамса” эса шоирнинг шоҳ асаридир. "Хазойин ул-маоний” (Маънолар хазинаси) девони қарийиб 45 минг мисрадан иборат. Унинг улуғ номи нафақат мамлакатимизда балки кўплаб хорижий давлатларда ҳам машхур ва эъзозланиб келинмоқда. Мутаффаккир аждодимиз бутун шарқ оламининг маънавий отасига айланди десак муболаға бўлмайди.

Ғазал мулкининг султони Алишер Навоийни Озарбайжон шоири Фузулий "Манзури шаҳаншохи Хуросон" деб таърифлайди. Фузулийнинг бу бахоси бежиз эмас. Навоий уз даврида хам, бизнинг замонамизда хам барчага баробар мақбул булган шоир, мутафаккир, илохий илхом олган давлат арбобидир. Бежизга шоир бу муборак зотни "Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер" дея эътироф этмаган. У адолат йўлидаги курашда хаётини, ўз мол-мулкини сарф қилди. Асарларида чин инсоний меҳр-муҳаббатни, адолатни қаламга олди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги элчихонаси вакиллари Мир Алишер Навоий таваллуди муносабати билан шоирнинг Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги хайкали пойига гулчамбарлар қўйишди, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишди.

Эслатиб ўтамиз, МСК вакиллари Озарбайжон Парламент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этишмоқда.

Марказий сайлов комиссияси 
Матбуот хизмати

09.02.2020 452