ЎТГАН САЙЛОВЛАРДАН ХУЛОСА ЧИҚАРИБ

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 январь куни бўлган  биринчи йиғилишида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайлов натижаларига тўхталар экан, муҳим масалалардан бири сифатида миллий сайлов тизимини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш бўйича зарур ишларни амалга ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

 

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, жойларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йилда ўтган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, юзага келган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўлларига бағишланган  давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

 

Наманганда ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Гулноза Раҳимова иштирок этган давра суҳбатида сайловларни ўнта халқаро ташкилот, эликка яқин хорижий давлатнинг 825 нафар кузатувчилари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1155 нафар вакиллари бевосита кузатиб боргани таъкидланди. Кузатувчилар томонидан сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтгани, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошгани алоҳида қайд этилди.  

 

 

Давра суҳбатида сайлов комиссиялари раислари,  депутатлар,  молия, алоқа ва ахборотлаштириш, ермулккадастр бошқармалари масъул ходимлари, ички ишлар, прокуратура, маъмурий суд, сиёсий партиялар вакиллари ва бошқалар сайловларга таёргарлик кўриш ва сайловларни ўтказишда юзага келган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар билан ўртоқлашди.

 

Хусусан, участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва ҳисобини юритиш, комиссиялар аъзоларига иш ҳақларини тўлаш, сайлов участкаларини жиҳозлашда, сиёсий партиялар томонидан номзодлар кўрсатиш, сайловларни молиялаштириш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайловчилар билан учрашувларни ташкил қилиш борасида кўплаб таклифлар билдирилди.

Давра суҳбатлари натижалари бўйича  сайловларга оид қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

 Матбуот хизмати

10.02.2020 331