АҲОЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ЯНАДА ЮКСАЛТИРИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Тошкент вилоятининг маркази - Нурафшон шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига 2019 йилдаги сайловларнинг якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, “мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар, Ўзбекистонимиз учун катта сиёсий имтиҳон бўлди. Халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтди”.

Мамлакатимиз тарихида илк бор Сайлов кодекси асосида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган сайловлар кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос тарзда ўтказилди. Буни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини бевосита кузатиб борган кўплаб халқаро кузатувчилар кенг эътироф этди.

Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳатларнинг шарофати шундаки, нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам баралла айтилиб, уларни бартарф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинмоқда.

Шу жиҳатдан қаралганда, ўтган сайловлар натижаларининг таҳлили сайлов кампанияси даврида жойларда айрим камчиликларга йўл қўйилгани, ҳал этилиши лозим бўлган муайян муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатди. Сайлов комиссиялари ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тизими билан ишлашни изчил такомиллаштириш, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ролини ошириш  ана шундай масалалар жумласидандир.

Шу боис муаммоларни атрофлича таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар, юзага келган муаммоларни бартараф этиш устида ҳозирдан бошлаб жиддий ўйлаш ва фикрлашиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида Тошкент  вилоятидаги  сайлов комиссиялари раислари, депутатлар,  сиёсий партиялар, маъмурий судлар, прокуратура, ички ишлар, адлия, молия, алоқа ва ахборотлаштириш, ермулккадастр бошқармалари раҳбарлари, сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича экспертлар, сайловчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абусаломов мамлакатимиз миллий сайлов тизимида  изчил ва тизимли равишда амалга оширилаётган ўзгаришлар кўлами ва салмоғини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да янада оширишга фаол ҳисса қўшиш барча сайлов ташкилотчиларининг зиммасига улкан масъулият юклашини таъкидлади.

 

Тошкент вилоятида сайловларни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13та, Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 626та сайлов округи ҳамда 958та участка сайлов комиссияси иш олиб борди. Бунда барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларини миллий сайлов қонунчилигимиздаги янгиликлар бўйича замонавий интерфаол усуллар асосида тизимли равишда ўқитиш муҳим аҳамият касб этди. 

Қизғин бахс-мунозаралар асосида ўтган давра суҳбатида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, камчиликлар ва дуч келинган муаммолар чуқур ва танқидий таҳлил қилиниб, келгусида сайловларни янада самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди. Аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати ва номзодлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва ҳисобини юритиш, комиссиялар аъзоларига иш ҳақи тўлаш, сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловларни молиялаштириш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайловчилар билан учрашувларни ташкил қилиш борасида кўплаб амалий таклифлар ва тавсиялар билдирилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда Қорқалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилаётган бундай давра суҳбатларида илгари сурилган амалий таклиф ва тавсиялар аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепциясини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

11.02.2020 290