Фарғонада сайлов якунлари, эришилган ютуқ ва камчиликлар мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўтган йилда мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар халқимизнинг сиёсий фаоллигини намойиш этди. Янгиланаётган Ўзбекистон учун янги сиёсий муҳит вужудга келганлигини жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Миллий сайлов қонунчилигимизни янада такомиллаштириш, ҳудудларда жараённи ташкил этишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳам келгусидаги сайловларни ўтказишда муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномасида таъкидлаганидек, бу борада сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир.

Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан Фарғона шаҳрида “2019 йилда бўлиб ўтган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида давра суҳбатида ана шу жиҳатларга асосий эътибор қаратилди. Унда вилоят сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар вакиллари, депутатлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси О. Қозихонова, Марказий сайлов комиссияси котибият бўлими бошлиғи Х. Абдураҳмонов ва бошқалар илк бор янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилганлигини таъкидлашди.

Фарғона вилоятида сайловларни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 17, Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 567 та сайлов округи ҳамда 1051 та ягона  участка сайлов комиссияси иш олиб борди. Муҳим янгиликлардан бири сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. Барча сайлов участкалари алоқа воситалари билан таъминланиб, интернет тармоғига уланди. Вилоятда сайлов округлари ва участка сайлов комиссияларининг 3 минг 390 нафар аъзолари сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш учун ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган давра суҳбатида сайловларда эришилган ютуқлар ва жараёнда учраган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди. Кўплаб амалий таклифлар ва тавсиялар билдирилди.

13.02.2020 268