Сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги: Матбуотнинг ахборот майдонидаги нуфузли ўрни

“Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар”.

2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловлари ҳақида экспертлар, сиёсатчилар, сайлов комиссиялари аъзолари, халқаро кузатувчилар ўзларининг хулосаларини босқичма-босқич эълон қилиб бормоқда.

 

Бу ўзига хос ҳисоботлар, хулосалар ва ахборотларда кузатилаётган муҳим жиҳати сайловларнинг барча жараёнларида очиқлик ва шаффофлик йўлида олиб борилган ишларни айтиш мумкин.

 

Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган дастлабки кунларда Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида  бир гуруҳ Марказий сайлов комиссияси аъзолари билан Университет ўқитувчи ва талабалари иштирокида учрашув бўлиб ўтган эди.Учрашувда дастлаб Марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори Ш.Файзиев бўлажак сайловларни демократик стандартлар талаблари асосида ўтказилиши ҳақида маърузаси тингланди. Турли саволлар ва уларга жавоблар бўлди.

 

Учрашув давомида талабалардан бири “Сайлов жараёнининг шаффофлиги қандай таъминланади?” деган саволи ҳаммада катта қизиқиш уйғотди, демократик сайлов стандартларининг муҳим тамойилларидан бири-бу шаффофлик. Сайлов қонунчилигида сайловларнинг очиқ ва ошкорлагини таъминлаш бўйича алоҳида нормалар белгиланган бўлиб, булар демократик сайлов стандартларига тўла мос келади. 

 

Марказий сайлов комиссиясидан таклиф этилган 4 нафар аъзоларнинг ҳар бири бу саволга ўзларининг фикрларини билдирар эканлар, сайлов жараёнининг барча томонлари, халқаро сайлов стандартлари, миллий қонунчилигик, ҳуқуқий нормалар, уларни амалиётга тадбиқ этиш, ташкилий масалалар, комиссиялар тизими, сиёсий партиялар иштироки, депутатликка номзодлар кўрсатиш, сайловолди ташвиқоти, сайлов натижаларини чиқарилиши ва эълон қилинишига қадар бўлган барча жараён очиқ ва ошкора бўлиши белгиланганлиги ҳамда омммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилиши ҳақида батафсил ахборотлар бердилар, очиғини айтганда  учрашув қатнашчиларининг айримлари бу сўзларга бироз ишонқирамаган эдилар.

 

Сайловларда шаффофлик мавзуси ўша учрашувда асосий мавзу бўлганлиги билан қизиқарли ва мазмунли бўлган эди.  

Дарҳақиқат, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминланиши энг муҳим масала ҳисобланди. Марказий сайлов комиссиясининг сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тасдиқланган тадбирлар режасида Сайловларнинг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йил 22 декабрь куни давлат вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири – сайловлар демократик жамиятда эътироф этилган энг асосий тамойиллар, андозалар ва қоидаларни, халқаро сайлов ҳуқуқи нормаларини ўзига сингдирган янги сайлов қонунчилиги негизида – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилди.    

 

Сайловларда фақатгина овоз бериш яширин кечди. Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини очиқ-ошкора ва шаффоф олиб борди. Шу мақсадда, Марказий сайлов комиссияси томонидан бир қатор  ҳамкорлик келишувлари имзоланди ва амалга оширилди.  Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги -ЎзА, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги   билан келишувлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон тарихида илк бор беш сиёсий партия “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида рақобатга киришди.

 

Ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан мутлақо янгича ўтган сайловларни ўнта халқаро ташкилот, элликка яқин чет давлатларнинг 825 нафар кузатувчиси, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1155 нафар вакили бевосита кузатиб борди.

 

Сайлов кампанияси мониторингини юритган экспертларнинг маълумотларига қараганда, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ҳамда телеграм каналларда турли тилларда сайловларга бағишланган жами 42 мингдан ортиқ, жумладан, 4 мингга яқин танқидий руҳдаги чиқишлар қайд этилди.

 

Кўплаб хорижий мамлакатларда сайловларини кузатган ва юртимизда бир неча сайловларни ўтказишда бевосита иштирок этиб келган Марказий сайлов комиссияси аъзоси С.Қурбонқуловнинг бу ҳақда “авваллари сайловларда бирорта танқидий чиқишларни кузатмас эдик” деган сўзлари  бўлиб ўтган  сайловларда оммавий ахборот воситалари вакилларига кенг майдон берилганлигини, катта имкониятлар яратилганлигини кўришимиз мумкин.

 

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг барча ҳудудларда ўз бўлимларига эга Халқаро матбуот маркази ташкил этилди . Марказ таркибида олтита гуруҳ фаолият юритди.

 

Булар – электрон, босма, хорижий оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқлар билан ишлайдиган ҳамда ҳудудий матбуот марказларининг фаолиятини мувофиқлаштириб борадиган гуруҳларда иш олиб борган юртимиздаги энг юксак салоҳиятли ва тажрибали журналистлари сайлов жараёнларини очиқ ва ошкоралигини таъминлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.   

 

Халқаро матбуот марказида ташкил этилган барча тадбирлар, жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишлари, турли даражадаги сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, вазирликлар, ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари, элчихоналар, халқаро кузатувчиларнинг миссиялари, илмий марказлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган учрашувлар, матбуот-конференцияларини "Ўзбекистон24", "Ёшлар", «Маҳалла», «Тошкент», "MY5",    "Ўзрепорт" теле ва радиоканаллари ҳамда @IPCElection2019 расмий фейсбук саҳифаси орқали жонли эфирга узатиб борилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида сайлов кампанияси аввалидан то жорий йилнинг 7 январигача “Ишонч телефони” (“Call center”) ишлаб турди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи аҳолиинг 1197 бепул қисқа рақамли, хорижда истиқомат қилиб турган фуқароларимизнинг эса  (998) 55 -502-44-44 рақамли телефон орқали тушган барча мурожаатларига Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, сайлов бўйича етакчи экспертлар ва олимлардан иборат навбатчилар гуруҳи томонидан ўз вақтда малакали жавоблар берилди.

 

Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайтига 5 та сиёсий партиядан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган 750 нафар номзодларга оид маълумотлар ўзбек, рус тилларида жойлаштирилди. Шунингдек Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 та округ харитаси ва 10260 сайлов участкасининг манзилларига доир электрон ҳарита жойлаштирилди. Веб-сайтда “Ўзингизни сайловчилар рўйхатидан топинг” хизмати йўлга қўйилди. Ушбу хизматдан 110 мингдан зиёд фуқаро фойдаланди.

 

Сайлов кампаниясини миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1155 нафар вакили бевосита ёритиб борди. Сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларнинг жонли эфирда 26 теледебати намойиш қилинди. МСКнинг Халқаро матбуот маркази билан ҳамкорликда 28 марта 2 соат 30 дақиқалик «Press-coffee» ҳамда 30 дақиқадан иборат 7 та «Пресс-брифинг» жонли эфирда  «Ўзбекистон24» телеканали орқали намойиш этилди.

 

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва унга аъзо 50 дан ортиқ телерадиостанциялар томонидан “Демократик дебат” ток-шоусининг 26 та сони эфирга узатилди.

 

Сайловларни ўнта нуфузли халқаро ташкилот – ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ ПА, МДҲ, МДҲ ДПА, ШҲТ, ТТДК, ТТПА ва хорижий давлатларнинг 825 нафар кузатувчиси, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 70 мингдан ортиқ ,  аккредитациядан ўтган маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг бир минг икки юзга яқин вакиллари кузатиб борди.

 

Сайловларни ёритишда етмишдан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Улар орасида  BBC (Британия), «Россия сегодня», «ТАСС» (Россия), «Bloomberg» (АҚШ), «Nikkei Japan» (Япония), «Radio France International» и «L'Opinion» (Франция), «Neue Zeiten» (Германия) каби нуфузли ахборот агентликлари ва нашрлари борлигини айтиш лозим. 

 

Сайловолди ташвиқотини ўтказишлари учун барча сиёсий партиялар учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларидан бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти барча сиёсий партиялар учун бир хил амалга оширилди. Яъни ҳар бир сиёсий партия теле ва радиоканалларда ҳафта давомида 30 минутдан бепул эфирдан фойдаланди.

 

Бундан ташқари, шанба кунлари партиялар вакиллари ўртасида дебат ташкил этиш учун тегишли телеканаллар эфиридан бир соатдан вақт ажратилди.

 

Шунингдек, “Халқ сўзи” (ўзбекча), “Народное слова”, “Правда востока” (русча), “Овози тожик” (тожикча), “Нурли жол” (қозоқча) газеталарининг саҳифаларидан ҳам тенг майдонда бепул фойдаланиши таъминланди.

 

Мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов жараёнини шаффоф ва очиқликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бўйича 60 та сайлов участкаларида 120 та кузатув видеокамералари (тўғридан-тўғри Марказий сайлов комиссиясининг веб-сайтига, Халқаро пресс-марказидаги катта экранга ҳамда “Ўзбекистон24” телеканалига узатиб борилди) ўрнатилди. Келгуси сайловларда ушбу кўрсаткич бир неча мартага ортиши режалаштирилган.

 

Сайловларни кузатиб борган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларининг фикрларида, шунингдек, журналистлар томонидан эълон қилинган ранг-баранг материалларда халқ манфаатлари ва орзу-интилишлари, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар кенг кўламда эътиборга олиниб, сайловлар юксак уюшқоқлик, сиёсий етуклик ва жамият аҳлининг демократик жараёнларда, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти ва дебатларида фаол иштирокига асосан очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказилгани алоҳида таъкидланган.     

 

Шу ўринда Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Владимир Грачевнинг қуйидаги: “Ўзбекистонда янги Сайлов кодекси асосида сайловларни ўтказишга яхши тайёргарлик кўрилган дейиш мумкин. Бугун биз борган сайлов участкаларида жараён демократик руҳда, шаффоф муҳитда, қонунчиликка мос ўтаётгани гувоҳи бўлдик. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хизматини ҳам эътироф этиш керак” деган сўзларини нафақат Марказий сайлов комиссияси, балки сайлов жараёнининг барча ташкилотчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг хизмати эътироф этилиши деб қабул қилсак арзийди.

 

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

 

28.02.2020 241