Элсизлик – йўлсизликдир

“Мен” ва “Биз” оралиғидаги мулоҳазалар

 

“Мен” билан “Биз”нинг орасида яхшигина масофа бор, ҳатто тавофут ҳам бор. Лекин “Биз” йўқ жойда “Мен” ҳимоясиз қолади. Миллий туйғулар шу икки қутбни бирлаштиради ва яхлит маънавий иқлимни ҳосил қилади. Шунинг учун катта мавзуларда гап кетганда “Бизда шундай”, “Бизнинг одатимизга кўра”, деб гап бошлаймиз. Бугунги кунда дунё миқёсида индивидуализм – яккашумшуклик, ҳар кимнинг ўз қобиғига ўралиб яшаши ғояси байроқ кўтариб олдинга чиқаяпти. Бундай вазият “Биз” қалъасини емира бошлайди.

“Номус ҳамиша ғамгиндир”. Улуғ Гётенинг шу гапини эслаганимда кўнглим зирқирайди. Номус деганда, аввало, одамнинг кўз ўнгига онаси, қизи, синглиси, ёри келади. Шу тасаввурнинг ўзиёқ бу туйғуга илк ички шарҳни беради. Демак, ҳаётдан ҳам қимматли, жондан ҳам азизроқ туйғу бу! Номус билан очликни ҳам, энг оғир машаққатларни ҳам, ҳатто ўлимни ҳам енгиш мумкин. Лекин номуссизлик билан одам ҳеч нарсага чидамайди, ҳатто тўқликка ҳам.

Биз XXI асрнинг энг шиддатли даврида яшаяпмиз. Фаровонлик, тўкин-сочинлик, ободликни кўриб шукр қиламиз. Инсон ақли ҳар соатда бир янги ихтирони майдонга чиқараяпти, салоҳияти бир кунда бир оламшумул кашфиётни ҳадя этаяпти. Уйда ўтириб бутун дунёни кўраяпмиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимояси ҳам имкон қадар йўлга қўйилган. Лекин шунча имконият ва шароитларга эга бўла туриб, нимагадир энг азиз туйғу – Номусдан дарз кетиб бораяпти. Инсоннинг энг муҳим маънавий бошпаналаридан бири бўлган бу қўрғон емирилаяпти. Номуснинг емирилишига нималар сабаб бўлаяпти? Нима учун номуссизлик оддий бир ҳолатга, чидаса бўладиган, кўникса бўладиган ҳолатга айланяпти? Тарих шуни далиллайдики, ёмон амаллар ҳам кўникиш натижасида аста-секин қабул қилинган ва ҳаётга сингишиб кетган.

Болалик йилларимизда кимдир уят иш қилиб қўйган бўлса, катталар бу ҳақда шивирлаб гапиришар эди. Бировнинг эшитиб қолишидан андиша қилишарди. Бугун эса, шундай ҳолга дуч келсак, оғиз йиртиб, чор-тарафга жар солишни яхши кўрамиз. Воқеа тафсилотини билиб-билмай, интернетда бақир-чақирни бошлаймиз. “Одамлар, ҳо одамлар, боғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар, фалончининг хотини...” деб уятсизларча уятсизлик билан тил бириктириб фитнага бош қўшамиз.

Интернет, баъзи нашрлар ва баъзи телеканалларда бировнинг фожиасидан карьера қилишни истаётганлар қанча. Бу ўлаксахўрликдай бир гап! Қандай қилиб, бировнинг фожиасидан завқланиш мумкин. Бундай ҳолатда оғиз йиртиб, иштонини бошига салла қилиб, жар солаётганларни кўрсам, ғазабни тийиш иймондан эканини билиб турсам-да, ғазабим келади. Бу худди фожиа устида стриптиз тушишга ўхшайди. Демократия ва ошкоралик дегани зинҳор ба-зинҳор уятсизлик дегани эмас! Бировнинг уятсиз ҳолга тушганини тезроқ кўрсатишга шошиладиган ва бундан мароқланадиган одамнинг ўзи энг уятсиздир. Бировнинг фожиасини оғиз кўпиртириб ҳикоя қилишга мойиллиги бор одам аблаҳдир.

“Кино бизни кўришга ўргатди, лекин қарашдан жудо қилди” деган эди Ғарб файласуфларидан бири. Кино бизни кўникиш мумкин бўлмаган нарсаларга кўникишга ҳам ўргатди. Худо ва Инсон ўртасида тузилган азалий битимларга амал қилмаса ҳам бўлаверади деган фитнага ҳам ўргатди. Чунки, яхши кинолар жуда кам, ёмон кинолар эса бемаза қовуннинг уруғидай кўп. Биз ёмон кинога ҳам бош ирғаб қўя қолган эдик, бирдан беҳаё шаҳвоний фильмлар заҳарли замбуруғлардай урчиб кетди. Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг XXIII бобида Анушервони Одил ҳақида бир ҳикоятни келтиради. Анушервон шоҳ бўлмасдан бурун бир гўзал қизга ошиқ бўлади. Унинг васли умидида кўп машаққат ва озорлар чекади. Охир висол насиб этади. Йигит билан қиз боғда эдилар. Анушервон суюкли ёрини бағрига тортиб, бўса олмоқчи бўлади ва.. шу лаҳзада боғдаги бир туп наргис гулига кўзи тушиб, бирдан ортига тисланади. Қиз шаштидан қайтган йигит олдида ҳижолат тортади. Шунда Анушервон уларга қараб турган бир туп наргис гулининг кўзларидан уялганини, шу гул бўса олишига монеълик қилганини қизга айтиб беради. Навоий бу ҳолни шундай изоҳлайди:

Айш, Навоий, неча дилкаш дурур,

Лек адаб бирла ҳаё хуш дурур.

Бугунги кунда дунё миқёсида ҳар 29 минутда битта беҳаё фильм ишлаб чиқарилиб, жаҳонга тарақатилаётган пайтда ўз ёридан бўса олмоқчи бўлган Анушервон боғдаги бир туп гулдан уялиб, шаштидан қайтганини ва бу ҳаё уни “Жумлаи олам аро шоҳ айлаганини” эслаб қўйсак яхши бўларди.

Ўзаро муносабатларимизда, жамоавий муносабатларда бизга ор ва номус раҳбарлик қилган. Бу туйғу қон-қонимизга сингиб кетган. Ёши олтмишни қоралаган бир аёлнинг укасини қандай сизлагани ҳақида айтиб берган гаплари эсимдан чиқмайди:

“Укам мендан уч ёш кичик. Болалигимиздан талашиб-тортишиб, бирга ўйнаб катта бўлганмиз. Вояга етдик. Сўнг мен турмуш қуриб кетдим. Укам уйланди. Иккимиз ҳам бола-чақали бўлдик. Укам қирққа кирганида онам менга “Энди укангни сенламайсан. Сизлашинг керак. Болалари катта бўлиб қоляпти”, деб қолди. Мен укамни қандай сизлашимни ўйимга сиғдиролмас эдим. Бирга ўйнаб-ўсган бўлсак, бунинг устига қирқ йил сенлаб келган бўлсам... Шунинг учун онамга болаларча ўжарлик қилдим: “Нима учун сизлашим керак экан. У мендан уч ёш кичик бўлса, бунинг устига кичик бўлишига қарамай, мени сенласа, йўқ, ҳеч қачон сизламайман” десам, онам: ”Уканг эркак киши. Сизлашинг керак!” деб мени койиди. Мен кўнмадим. Бу менга ноқулай эди, ўрганаолмасдим, қолаверса, умр бўйи сенлаб келган укамни сизлаш менга сохта мулозамат бўлиб туюлар эди. Лекин... Шу гаплардан бир йил ўтиб.. тўсатдан отам вафот этди. Мен отам вафот этган кундан укамни беихтиёр ҳа, беихтиёр сизлай бошладим. Ишонасизми, ўз-ўзидан мен уни сенлай олмай қолдим. Шундан кейин укамга бирор марта сенлаб гапиролмадим”.

Танишларимиздан бирининг уйида жаноза бўлди. 40 ёшлардаги қизи вафот этибди. Пешинга чиқаришди. Тобутни уйдан қабристонгача катта йўлдан олиб боришга тўғри келди. Шаҳарнинг гавжум кўчаси бўлгани учун машина кўп эди. Йўлнинг бир четида одамлар елкасидаги тобут лопиллаб борарди. Кўчанинг очиқ қисмидан эса машиналар тинимсиз ўтиб турарди. Шунда мен бир ҳолдан ҳайратландим. Издиҳом ёнидан ўтаётган машиналар бироз олдинга ўтиб чеккалаб тўхташар ва улардан тушган одамлар издиҳомни кутиб туришар, сўнг қаторга қўшилиб тобутни елкасида тутиб, бироз юришар, кейин секин-секин орқада қолишиб, яна машиналарига ўтиришиб жўнаб кетишарди. Бу йўловчилар қайси уйда кимнинг вафот этганиниям, нима бўлганиниям билишмайди, лекин марҳумнинг ҳурматини, инсоннинг ҳурматини қилишади.

Бир ёзда Жиззахнинг Баландчақир деган қишлоғида бўлдим. Сойликлар орасида ястаниб ётган жуда катта қишлоқ. Қишлоқда биров вафот этибди. Қарангки, марҳумга қариндош бўлган, бўлмаган одамлар, ҳатто етти ёт бегоналар ҳам ҳаммаси эгнига тўн олиб, дўппи кийиб, белини маҳкам боғлаб хизматга шай туришибди. Одатда, бундай пайтда марҳумнинг энг яқин қариндошлари шундай кийинадилар. Баландчақирда эса, жанозага борган ҳамма шундай кийинади ва дунёдан кетаётган қишлоқдошига сидқидилдан ҳурмат кўрсатади. Уни қариндошидай, жигаридай, оғасидай сўнгги йўлга кузатишади. Ҳолбуки, дунёнинг мегаполис шаҳарларида қўшнисининг жанозасига чиқмайдиганлар ҳам бор. “Европа виждони” деб тан олинган Альбер Камю онасининг вафотига ҳам бефарқ қараган одам ҳақида бекорга ёзмаган.

Бизда “Биз” деган тушунчанинг олдида ҳам, ортида ҳам эл туради. Эл деган куч азалдан бор ва у кўп нарсалардан бизни ҳимоя қилиб келган. Ҳозирги пайтда дунёга таҳдид солиб турган ёлғизлик деб аталмиш иллат ҳам айни шу тушунча ҳаракатда бўлмаган жойларда тез урчиб кетди. Бир сўз билан айтганда, элсизлик бу йўлсизликдир, ёлғизликдир. Эл бор жойда ор ва номус бор, андиша ва уят бор. Ор-номус йўқ жойда ҳар нарса бўлиши мумкин. Ҳатто қотилликни жасорат деб кўрсатиш, ахлоқсизликни эркинлик деб кўрсатиш мумкин. Шу ўринда яна бир мулоҳазани қистириб ўтсам. Номуснинг муҳим таянчларидан бири – андишанинг оти бугун жуда кўпайиб кетди. Дуч келган ноқис унга ўзича ном қўйиб олади. Қўрқоқ, кўнгилчан, содда, бўшанг, юмшоқ, тортинчоқ, авайчи каби отларни сурбетлар андишанинг нақ манглайига ёпиштириб қўйишяпти. Энг ачинарлиси, камтарликни ҳам нуқсон деб қаровчилар тўдаси пайдо бўлаяпти. Неча давраларда эшитдим, кимдир орияти устун келиб, бирор фойдадан қолган бўлса, “Камтар-да, камтар, шунга панд еб юради” деган гапларни. Ё тавба, бетгачопарлик фазилат, камтарлик иллат бўлиб қолдимикан, деб ўйлаб қоламан. Бор овозинг билан бақир, чақир, тўполон қил, бировнинг ёқасини йирт, керак бўлса юзини тирнаб ташла, ишинг битса бўлди, уёғини ўйлаб ўтирма. Хўш, бу билан қандай иш битади ўзи? Арзийдиган ишми? Майли, нари борса, бир коса шавлалик иш битар, лекин уят кетиб қолади-ку. Уятнинг нархи шунча арзон бўлиб қолдими? Кўчама-кўча лаққиллаб юрадиган безбетлик тўрга ўтиб, андиша четга сурилиб қоладими? Бу борада Абдулла Орипов бизни огоҳлантиган-ку:

Кулма, кулма, нега куласан,

Ҳижолат чекканнинг ҳолига.

Нега қўл текиздинг камбағалнинг

Ўғрилардан қолган молига.

Самарқандда Имом Бухорий зиёратгоҳи атрофидаги қишлоқлардан бирида кечаси мачитдан қайтаётган 75 ёшдаги бир чолни шу маҳаллалик бир ўсмир билмасдан велосипедда уриб кетади. Велосипед шунча тез келган эканки, чолнинг ошқозони ёрилиб кетибди. Қишлоқдаги дўхтирлар ҳеч нарса қилишолмайди. Қариндошлар бобони Самарқанд шаҳрида операция қилдирашади. Яна бир-икки соат кечикишса, ўлим муқаррар экан, хайрият улгуришади. Қанчадан-қанча оворагарчилиг-у, қанчадан-қанча сарсонгарчилик, бунинг устига каттагина харажат. Икки кундан сўнг бўлиб ўтган воқеани одамлар орасидаги гап-сўзлардан билиб олган ички ишлар ходими чолнинг уйига келади. Ўғилларидан нима бўлганини қайта-қайта сўрайди. Чолнинг катта ўғли “Отамизни ҳўкиз шохлади” деб жавоб беради. Лекин синчковгина милиционер бу гапга ишонмай, яна суриштирув қилишини айтиб чиқиб кетади. Катта ўғил “отамизни ҳўкиз шохлади” дейишга дейди-ю, лекин ҳовлида шохлайдиган ҳўкизнинг ўзи йўқлигини ўйлаб, ёлғони фош бўлишидан ташвишга тушади. Қарангки, у милиционер қайта келгунча танишларидан бирининг катта ҳўкизини сўраб олиб, ўз молидай ҳовлисига боғлаб қўяди ва милицонерга шу ҳўкиз шохлаган эди деб кўрсатади. Бундай бағрикенглик ва мардликни яна қаердан топасиз? Ё бу ишни ҳам кўнгилчанглик ё қўрқоқлик деб атайсизми? Дунёда худбинлик ўпқонига тушиб қолганлар бу ҳимматнинг сири ва ҳикматини қаердан билсинлар?

Беш яшар вақтимдаги бир хотира кўнглимга муҳрланиб қолган. Ўшанда Улдон момом билан қишлоғимиздаги қабристон ёнидан ўтаётган эдик. Уч яшар синглимни елкасида кўтариб, мени эргаштириб бораётган момом бир жойда тўхтаб, синглимни ерга туширди-да, қўлимиздан ушлаб қабристон томонга қараб қичқирди: “Ойсут опа! Ойсут опа! Мана, набираларингиз Эшқобил, Хосият. Набираларингиз катта бўлаяпти. Ойсут опа, қўллаб-қўрингизлар, дуо қилингизлар!”

Бу манзарани эсласам, кўзим ёшга тўлади. Дунёнинг қайсидир манзилида 100 қаватли бинонинг тўқсонинчи қаватида компьютер тўппончасини ўйнаб, инсоннинг беғубор туйғулари ва самимий ҳаяжонлари устидан мийиғида кулиб ўтирган одамга бу ҳолат ниҳоятда соддалик, ҳатто гўллик бўлиб туюлар... Лекин мен бу ҳолатда инсон қалби моҳиятини, инсон хотирасининг ёруғ изтиробларини кўраман. Бунда руҳий мароқ борлигини биламан.

Мен кичиклигимдан боболарим ва момоларимга эргашиб юрганман, мана ёшим олтмишни қоралаб бораяптики, ҳамон уларга эргашиб юраман. Менимча, уларга Худо жуда тушунарли эди. Улар ҳам Худога тушунарли эди. Ҳамма нарсада биз каби мураккаб эмас эдилар, демоқчиман. Уларда биздаги каби иддаолар ҳам йўқ эди. Момоларимнинг қишлоғимиздаги қари тут ёнидан ўтаётганида “Ассаломалайкум, Боботут” дейишлари, дарёга, қуёшга, янги чиққан ойга, баҳорда келган қалдирғочларга салом беришлари, боболаримнинг қадимий зиёратгоҳлар ёнидан гўё пир ёнидан ўтаётгандай эҳтиром билан ўтишлари, Ор-номусни ҳаётнинг устуни деб билишлари... буларнинг ҳамма-ҳаммаси менимча улуғ адабиёт эди. Одамлар руҳида яшаётган адабиёт... Ўтган йили оқшом чоғи оилам билан Бўстонлиқдан қайтаётиб, Чирчиқ дарёси бўйида тўхтадик. Оқшомдаги дарёни томоша қилгимиз келди. Шом пайти дарё жуда гўзал бўлади. Ботаётган қуёш нурларида катта сув ўзгача ярқирайди. Афсуски, қирғоқдаги қумлоқларда улкан буталар остида айтишга тил бормайдиган уятсизлик қолдиқлари сочилиб ётарди. Бу жойлардан илиққан итлар ўтдимикин, деб ўйлайсиз. Номуссизлик дарёни булғагани аниқ кўриниб турарди. Ит теккан билан дарё ҳаром бўлмайди деган гап бор-ку, лекин оқар сувга ҳаром айлангани барибир ёмон. Шундай пайтларда дарёга салом бериб ўтган момоларим, сувни муқаддас тутган боболарим ёдимга тушади.

 

Элда азалдан бир гап бор: “Отанинг жони қизининг ичида бўлади!” Нега шундай? Чунки, қиз отанинг номусидир. Қизлар ўз ҳаё ва ибоси билан оталарининг жонини, шаънини, икки дунёсини асраб юрадилар. Битта ёмон ҳаракат бу нарсаларни вайрон қилиб юборади. Бизда азалдан қизнинг энг катта бойлиги унинг ҳаёси саналган. Менинг иккита аммам бўлган. Бирининг оти – Оқила, бирининг оти – Насиба эди. Иккисининг ҳам эри урушда ҳалок бўлган. Иккиси ҳам гулдай ёшида бева қолган. Улар болаларини оқ ювиб, оқ тараб катта қилдилар. Лекин бошқа эр қилишмади. Ҳалок бўлган жуфти ҳаллолларининг хотираси ва ҳурмати билан яшадилар. Бир гал Қумқўрғонга борганимда ёши тўқсонни қоралаган бир кампирни кўрсатишди. Буғдойранг чеҳрани бутунлай қоплаб олган қалин ажинлар орасидан боқиб турган қора кўзларнинг ўзи тирик китоб эди. Бу кўзлар ҳаётга ҳам, ўлимга ҳам тик қарай оларди. Балки ўлим бу кўзлардан уялар, балки ҳаёт бу кўзлардан ўзини қарздор санар... Тўқсонга бораётган бу кампирга 32 ёшида эридан қорахат келади. Шунда у: “Сен ер остида чирисанг, мен ер устида чирийман!” деб қасам кўтаради. Оддийгина аёл айтган бу сатрни манаман деган шоир ҳам айтолмайди. Бу муҳаббат ва азоб овози.

Менинг бу гапларимни эри ўлган аёллар эр қилмаслиги керак деган маънода жўн тушунмасинлар, ундай демоқчи эмасман. Бу ерда гап вафо ва садоқат, ҳаё ва номус ҳақида бораяпти. Уруш ва урушдан кейинги йилларда бир парча нон жондан қиммат бўлиб кетган пайтларда ҳам ҳаё ва номусни ҳаётининг таянчига айлантирган аёллар қанча! Улар ҳамма азобларга, машаққатларга чидаган эдилар. Уларга ҳаё ҳаёт берди, уларга номус нон ва яхши ном берди! Бир танишининг тўйига янги кўйлак кийиб чиқмагани учун эрининг бошида тегирмон тошини айлантираётган, битта тақинчоқ учун уйини бузаётган, ҳалолми, ҳаромми пул бўлса бўлди деб оиласини, болаларини ташлаб ўзга юртларда булғанч кимсаларга эргашиб дунёнинг қайсидир кавакларида ўзини овора қилиб юрган аёллар-чи? Уларга енгилтаклик, чидамсизлик, ибосизлик нима беради? Хусусий каналларда баъзи енгил-елпи сериаллар ва кўрсатувлардаги ота-оналарнинг, қизларнинг ўзини тутишларини кўриб, гап-сўзларини эшитиб тутаб кетасиз. Ўрта яшар бир хотин эрига қизининг соғлиғидан шикоят қилаяпти. Гоҳ у ери оғрийди, гоҳ бу ери оғрийди деб нолияпти. Эри эса хотинига “Қизингни зўр бир эрга бер, бирдан тузалиб кетади” деб даюсларча маслаҳат бераяпти. Шундай номуссиз отанинг олдида қизи ҳам тиржайиб турибди. Шу шармандаликни экранга олиб чиқаётган кимсаларни ким ё нима деб аташимиз керак?

Алпомиш етти йил қалмоққа кетганида, Ойбарчинга тўранг энди қайтмайди, Ултонтозга тегасан дейишганида Ойбарчин айтган экан:

Адиримда тулпор бор, эшакни келтирмайман,

Қарчиғай қўнган тўшима қарғани қўндирмайман,

Бургут учган даштима қузғунни дўндирмайман,

Юракдаги сиримни нокасга билдирмайман,

Сассиқ кўлдан сув қуйиб гулимни сўлдирмайман.

Ана шу беш сатрда ўзбек аёлининг номусга мардона муносабатини илғаса бўлади.

Аслида номус-ор масаласида инсонни эркак ва аёлга ажратиб ўтириш нотўғри. Номуснинг олдида ҳамма бир, ҳамманинг олдида номус бир. Бу дунёда арава-арава тилла билан ҳам тиклаб бўлмайдиган нарса номусдир. Одам нима учун бойлик тўплайди, нега обрў-эътибор қозонишга ҳаракат қилади? Нега тинмай елади, югуради? Фақат бир нарса учун – хотиржамликка эришиш учун. Пулим жуда кўп бўлса, ҳамма нарсам етарли бўлиб хотиржам бўламан, мансабим юқори бўлса, ҳурматим катта бўлиб хотиржамликка эришаман деб ўйлайди. Лекин бундай елиб-югуришлар чоғида ҳаросотга тушиб қолса, бор хотиржамлигидан ҳам айрилади. Ишонинг, бир нарса аниқ ва муқаррар: Номус йўқ жойда ҳеч қачон хотиржамлик бўлмайди!

Кимлардир айтиши мумкин, “Дунё ўзгарди, ҳаёт ўзгарди. Демак, тушунчалар ва уларга муносабатлар ҳам ўзгаради-ку”, деб. Ҳа, бу дунёда ҳамма нарса ўзгаради. Лекин, инсон қонининг ранги ва таркиби ўзгармагани каби Номус туйғусининг табиати ва моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди. У ҳамма замонлар учун бир хил.

 

Эшқобил ШУКУР

 

Манба: “XXI АСР” газетаси. (ЎзА сайтидан олинди).

28.02.2020 248