Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан хорижий фуқаролар учун Университет ҳузурида юридик шахс мақомига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилди.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган ўқув ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

давлат хизматчиларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш, ўзбек адабий тили меъёрлари, ўзбек тилининг тузилиши бўйича амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини тизимли асосда ошириб бориш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;

давлат хизматчилари ва аҳолининг нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш;

соҳалар кесимида давлат тилида иш юритиш бўйича оммабоп қўлланмалар яратиш;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

соҳага оид ўқув ва малака ошириш курсларининг, шу жумладан масофавий ўқитишнинг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш.

Белгиланишича:

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари учун татбиқ этиладиган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ўқув режадаги фанларни ўқитиш учун профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар штат ва соатбай асосида жалб этилади;

малака ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган шахсларга соатбай иш ҳақининг миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга кўпайтирилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари пулли шартнома асосида ўқитилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари тингловчилари тегишли олий таълим муассасаларининг Ахборот-ресурс маркази электрон адабиётлар фондидан бепул асосда фойдаланади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида аҳоли учун ўзбек тилида ёзма ва нутқ маданиятини шакллантириш бўйича ташкил этиладиган бепул ўқув курслари харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

тингловчиларни пулли шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси давлат тилини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

2020 йилдан бошлаб долзарб филологик илмий-техник муаммолар ечимига бағишланган фундаментал, амалий ва инновация лойиҳалари бажарилишини мақсадли молиялаштириш;

университетнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталарини ошириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика ҳудудларида ўзбек тилини янада ривожлантириш, ушбу йўналишда республика таълим муассасаларида она тили ва адабиёти ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш ва узоқ ҳудудлардан ўқишга қабул қилинган талабалар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида давлат университетлари ҳамда педагогика институтларида ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш

ўзбек тилининг луғат бойлигини янги сўзлар билан доимий бойитиб бориш ва ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган Ўзбек шевашунослиги марказини бир ой муддатда ташкил этиш;

Университетда:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб “Синхрон таржима” ва “Компьютер лингвистикаси” магистратура мутахассисликлари бўйича;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич “Адабий манбашунослик ва матншунослик (этнология)”, “Компьютер лингвистикаси”, “Психология”, “Социология”, “Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича)”, “Фольклоршунослик ва шевашунослик”, бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда “Бадиий таржима”, “Илмий-техник таржима” ва “Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича)” магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар 2019/2020 ўқув йили давомида олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ташкил этилишини таъминлайди.

04.03.2020 256