“Фрилансинг” ёхуд Янгича яшашга ўтмасак, бўлмайди

“Ҳаётнинг янгиланиши” дегани – нима? Бу – шу пайтгача кўникиб қолинган кўп-кўп нарсалардан воз кечиб, ўрнига тамоман бошқача ҳаёт тарзини жорий этиш, дегани. 

Хўш, бу осон ишми? Асло!

Бугун бутун Ўзбекистон янгича яшашга ўтяпти. Янгича яшашга ўтмасак, бўлмайди. Чунки юртимиз темурийлар салтанати мағлубиятга учраган даврлардан илғор дунёдан орқада қолишни бошлаган. Хусусан, Ҳиндистонга Европадан денгиз йўлининг очилиши билан, XVI аср бошларидан амалда Буюк ипак йўлининг аҳамияти йўқолди. Бу йўл бизни Ғарб ва Шарқ тараққиётининг “олтин ҳалқа”сига айлантирган эди. Биринчидан, у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа ўтаётган карвонларга хизмат қилар эдик. Иккинчидан, улардан нималарнидир сотиб олиб, эвазига ўзимизда ишлаб чиқарилган нимамизнидир сотар эдик. Учинчидан, шу тариқа маданиятлару тамаддунлар алмашинуви содир бўлар, бундан ҳамма ютар эди. Тўртинчидан, худди ана шу омиллар халқимизнинг дунёдан орқада қолмаслигини таъминлаб турар эди.

XVI – XIX асрларда шу қадар қолоқлашдикки, охири чор Россиясининг замонавий қуролланган оз сонли аскарига Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонлигидек номи улуғ, супраси қуруқ давлатлар осонгина мағлуб бўлди. Бу ёғига эса ҳаммамизга маълум қарийб бир ярим асрлик мустамлакачилик жабрини чекишга тўғри келди.

Ҳозирги фарзандларимизу невараларимиз, эҳтимолки, бир шахснинг иккинчи шахсга қарам бўлиши мумкинлигини тушунар. Лекин бир мамлакат халқининг бошқа бир давлатга батамом муте бўлишини тасаввурига ҳам келтира олмайди. Бунинг учун Яратган Эгамга минг карра шукр қилсак, истиқлолга ҳар қанча тасаннолар айтсак ҳам – кам.

Бироқ бунинг ўзигина етарли эмас. Энди тарих давлат ва халқ зиммасига келажак олдидаги буюк ва муқаддас бир вазифани юклади. Бу – ҳар қандай баландпарвозликдан тамоман холи бўлган, халқона ифода билан айтганда, асрий қолоқликдан қутулиш деган буюкдан-буюк вазифа. Ахир, бугунги глобаллашув замонида бизга меҳмон бўлиб келаётган ҳар қандай ажнабийнинг калькулятори – қўлида. Шундай интернетга киради, мамлакатимизнинг 2019 йилги ялпи ички маҳсулоти миқдорини топади-да, бу рақамни аҳоли жон бошига бўлади-қўяди.

Шунда бор-йўғи 1 минг 720 АҚШ доллари келиб чиқади. Бу мезон олдида бизнинг қандай-қандай империялар тузганимиз, биздан қандай-қандай буюк зотлар етишиб чиққанининг сариқ чақалик аҳамияти қолмайди. Иззатимизни ўйлаб, юзимиз иссиқлик қилиб, дипломатия мезонларига риоя этиб, бетимизга шартта-шартта айтиб ташламаса ҳам, ичидан: “Ахир, шундай-шундай буюк замонларни бошидан кечирган, шундай-шундай буюк-буюк зотларнинг авлоди бўлсангизлар, нима учун бугун бу қадар камбағал ҳолда яшаяпсизлар?” – деган адолатли савол ўтади-да. Ахир, бу кўрсаткич ўзимизга ўхшаган бир халқ ватани бўлмиш Туркия Республикасида эса 9 минг 807 долларданга тўғри келади. 

Демак, бу биздагидан 5,67 баробар кўп. 2019 йили Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 58 миллиард доллар бўлгани телевидение орқали эълон қилинди. Буни киши бошига тақсим қилсак, бу 1 минг 731 доллардан тўғри келяпти. Мамлакатимиз яқин келажакда бу кўрсаткични 100 миллиард долларга етказишни кўзламоқда. Ўшанда киши бошига 3 минг долларданга тўғри келадиган бўлади. 

Деҳқонча қилиб тушунтирсак, бир муайян иш учун биз биз 1 миллион сўм тўлай олсак, Туркияда худди шу иш учун 5 миллион 670 минг сўм тўлаш имкони мавжуд. Яна ҳам соддароқ тушунтирсак, бир Туркия фуқароси амалда бир Ўзбекистон фуқаросига нисбатан қарийб 6 баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқаряпти. Аҳолининг ҳаёт даражаси ҳам, албаттаки, шундан келиб чиқади. Жанубий Кореяда эса 35 минг доллар-да. Ёки дунёнинг энг бой мамлакати бўлмиш АҚШда Ер юзининг 5 фоиз аҳолиси яшайди-ю, бу мамлакат халқи бутун башарият етиштираётган жами маҳсулотнинг нақд 20 фоизини ишлаб чиқаради-да. Бу дегани – ўртача кўрсаткичдан 4 баравар кўп, дегани. Мамлакат, асосан, ўтган асрнинг 80-йилларидан жадал тараққиётга эришган.

Афсуски, мустамлака даврида биз ҳуқуқсиз бўлганимиз учун нофаол мардумга айланиб улгурган, миямизда, ҳамма нарсани давлат қилиб бериши керак, деган фикр қаттиқ ўрнашиб қолган эди. Албатта, давлат – бош ислоҳотчи. Давлат йўл очиб бермаса, амалда ҳеч қандай иш жойидан силжимайди. Давлат бошлаб беради. У йўл очади. Қонуний имкониятлар яратади. Бироқ бугун обдон тушундикки, ҳар қандай янгилик амалда давлат ва халқ бирлиги асосида жорий этилади.

Шу мулоҳазалар асосида фикрласак, бугун шу давлатнинг фуқароси, шу жамиятнинг аъзоси, шу халқнинг бир вакили сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 2 март куни қабул қилинган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига бефарқ муносабатда бўлиш асло мумкин эмаслигини обдон тушунамиз.

Албатта, ҳар кимнинг касб-кори, билим савияси, дунёқараши даражаси, ижтимоий вазияти – ҳар хил. Шунинг учун ҳар ким бу дастурнинг қаеринидир ундайроқ, қаеринидир бундайроқ таҳлил қилади. Ялпи олганда эса бу қонуности ҳужжатга илова тарзида қабул қилинган Давлат дастури мамлакатни қолоқликдан бир поғона юқорироққа олиб чиқишни кўзлаганини тушуниб олишимиз керак.

Шу маънода фармон мазмуни – ҳам горизонтал, ҳам вертикал маънода жуда кенг ва чуқур қамровга эга. Горизонталлиги шундаки, фармонда ўртага қўйилган масалалар амалда мамлакат сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётининг деярли барча муҳим жиҳатларини қамраб олган. Вертикаллиги шундаки, унда фақат 2019 йилда амалга оширилган ишларгина кўзда тутилган, деб тушунмаслик керак. 

Биринчидан, шуни ҳам унутмаслик керакки, бу Давлат дастури бевосита 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 24 январидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатида белгилаб берилган йўналишлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда, аниқроғи, ўшалардан келиб чиқиб, шуларга мувофиқ тарзда қабул қилинган.

Иккинчидан, бу йил давомида амалга ошириладиган ишлар амалда кўзланаётган катта-катта мақсадларнинг бошланиши бўлиб хизмат қилади, албаттаки, бу ишлар кейинги йиллар ҳам изчил давом эттирилади. 

Учинчидан, фармонда шундай масалалар ўртага қўйилганки, уларнинг ижроси узоқ йилларга мўлжалланган. 

Масалан, фармоннинг 23-бандида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилган.

Бугун халқ содда эмас. Ҳамма нарсани кўриб-билиб, англаб-тушуниб турибди. Қанчадан-қанча фуқароларимиз мутараққий, ҳатто, ўта ривожланган давлатларга бориб, ўқиб, ишлаб келяпти. Шундай экан, қолоқлигимизни яширишнинг ҳеч бир иложи қолмади.

Халқ – доно: “Касалликни яширсанг, иситмаси ошкор этади”. Қолоқлигимизнинг “иситма”си – камбағаллик.Буни шунинг учун айтяпмизки, фармонда биринчи марта “камбағалликни қисқартириш” атамаси остида давлат ва жамият олдига жуда муҳим ижтимоий вазифа қўйилди. 

12-бандда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, шунингдек, Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда 2020 йил 1 августга қадар “Камбағалликни қисқартириш дастури” лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Фуқаро янгиликларга кўникиши, янгиликлар билан бирга қадам ташлаши, янгиликларни ҳаётга татбиқ этишда ҳал қилувчи ҳалқа, яъни бевосита иштирокчи бўлиши – шарт. Ҳар бир янги ишга киришишдан олдин унинг мазмун-моҳиятини тушуниб олиши зарур.

“Масофавий ўқитиш” (ёки “масофали ўқитиш”) атамасини кўпимиз олдин ҳам эшитганмиз. Лекин ҳамма ҳам унинг шакл-шамойилини тасаввур қилолмаслиги мумкин. Тасаввур қилганда ҳам, туб моҳиятига етиб бормаслиги ҳеч гап эмас.

Камина 2000 йили Москва мустақил гуманитар университетида ўтказилган “Катталарни ўқитиш” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этганман. Унда, жумладан, шу таълим даргоҳидаги масофавий ўқитиш тизими ҳам кўрсатилган. Бу тизимнинг бир неча ўта муҳим хусусияти бор. Уни содда қилиб тушунтирса, бўлади. 

Биринчидан, дарс компьютер дастури сифатида тузилади. Унинг ичида муаллимнинг маърузаси ҳам, турли жадваллар ҳам, видеолавҳалар ҳам ва ҳоказолар бор. Бир техник ходим уни экранга улаб, саксон дақиқа мобайнида қўйиб беради, холос. Иккинчидан, уни тузган маърузачининг ўзи университетга келиши мутлақо шарт эмас. Эҳтимол, шу маҳалда у хорижда қай бир халқаро илмий анжуманда маъруза ўқиётгандир ёки лабораториясида жиддий равишда иш билан банддир. 

Иккинчидан, бу мавзу бўйича шу масала бўйича дунёнинг энг зўр мутахассиси дарс ўтиб бериши мумкин. Университет у билан шартнома тузади, олим, эҳтимол, Японияда туриб ҳам маъруза тайёрлайди. Бунда тил ҳам бирламчи аҳамиятга эга эмас. Чунки таълим муассасасининг ўзида таржимонлар гуруҳи ҳам, монтаж студияси ҳам мавжуд. Дарс дастури шу ерда охирига етказилади. 

Учинчидан, Москвадаги аудиторияда экранга қўйилган дарсда шу пайтнинг ўзида Киев, Минск, Санкт-Петербург, Самара ва Қозондаги аудиторияда талаба тенг ҳуқуқ билан иштирок этаверади.

Тўртинчидан, ҳар бир талаба учун таълим муассасасида бор-йўғи 1 метр квадрат жойни оладиган, бир-бири билан тахта девор билан ажратилган компьютерли кабиналар ҳозирланган. Талаба уч кун ичида компьютер орқали дарс ўтган маърузачига дарснинг фалон дақиқасида ўртага ташланган фалон масала бўйича савол юбориши мумкин. Кейинги уч кун мобайнида эса маърузачидан шу саволга персонал жавоб келади.

Бешинчидан, бутун дунёда сифат ва миқдор ўртасида кураш кетади. Қонуният шундайки, сифатдан ютсанг, миқдордан, миқдордан ютсанг, сифатдан ютқазасан. Бу ерда эса ҳам сифатдан, ҳам миқдордан ютиляпти. Чунки, аввало, бир неча муаллим ўрнига бир муаллим ишлаяпти. Қолаверса, ўн шаҳарда ўн энг зўр маърузачини топиш – амри маҳол эди.

Биз таҳлил қилаётган фармонда камина илк бор дуч келган яна бир тамоман янги истилоҳ, яъни термин ишлатилган. Бу – “фрилансинг” тушунчаси. Қавсда унинг “масофадан туриб ишлаш” деган маънони англатиши қайд этилган. 

21-бандда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари ва иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича вазифаларни ҳисобга олган ҳолда икки ой муддатда ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолиятлар турлари (хизматлар, ишлар) рўйхатини қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларни рақамлаштириш, “фрилансинг” (масофадан туриб ишлаш) имкониятларини оммалаштириш бўйича “йўл харитаси”нинг киритилишини таъминлаш юклатилган.

Айтайлик, масофавий таълим жорий этилса, ҳар бир мавзуни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган муаллимлар дарс ўтиб беришини ташкил этиш мумкин. Бунда унинг жисман таълим муассасасига келиши талаб қилинмайди ҳам. Фрилансинг асосида шартнома тузилади ва унга ҳақ тўланаверади. Бу тизимни фан-таълим, ишлаб чиқариш ва хизматларнинг турли соҳаларида ҳам бемалол қўллаш мумкин.

Фармон билан танишган ҳар бир киши рақамли иқтисодиёт тушунчаси фақат иқтисодгагина тегишли масала эмаслигига амин бўлади. Чунки “электрон парламент”, “электрон ҳукумат”, “рақамли маркировка ва онлайн касса”, “э-омбор”, юкларни халқаро ташишни амалга оширувчи транспорт воситаларини “онлайн” рўйхатдан ўтказиш, “давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими” каби тушунчалар амалда ҳаётни компьютерлаштиришнинг кўлами ва миқёсидан дарак беради. 

Энг муҳими, бу фармон аҳолининг электорал маданиятини юксак даражага кўтаришни асосий масалалардан бири қилиб қўяди. Ҳолбуки, “электорал маданият” номининг ўзи ҳам – биз учун бус-бутунича янгилик. Бу бевосита партиялар электоратининг сиёсий фаоллигини оширишни, парламент ва маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларнинг ўз сайловчилари билан алоқаларини янада яхшилашни, улар олдидаги масъулиятини кучайтиришни кўзда тутади.

Хўш, лўнда қилиб айтганда, нимадан ортда қолдик? Ақлдан.

Электорал маданият юксалса, биз ана шу ақлий қолоқликдан қутуламиз. Ақлий қолоқликдан қутулиш орқали вақтдан, оғир ёки ортиқча меҳнатдан халос бўламиз, сифат кўрсаткичига эга чиқамиз, илғор давлатлар ва халқларга яқинлашамиз, қолоқлик, жумладан, камбағаллик ҳам барҳам топади. 

Ақлни ўстиришнинг энг асосий йўли ‒ таълим тизимини юксалтириш. Яқин-яқингача умумий ўрта таълим мактаби, лицей ва коллежларни битирганларнинг 10 фоизигина олий таълим муассасасига ўқишга кириш имконига эга эди. Бу ‒ ҳар 10 битирувчидан биригина олий маълумотли бўла олади, дегани эди. Чунки бизда хорижда олий таълим олаётганлар сони ‒ ҳозирча анча кам. 2020/21 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги олий таълим тизимида битирувчиларнинг 25 фоизи миқдорида жой ажратилади. Келажакда бу кўрсаткични 50 ‒ 60 фоизга етказиш кўзда тутиляпти. Давлат гранти асосида ўқишга кирадиганларнинг миқдори эса 2020/21 ўқув йилидан бошлаб икки ҳисса оширилади. 

Хуллас, бундай ислоҳотлар кимга ёқмайди? Ҳаммага ёқади. Ҳаммага ёқадиган нарсага эга бўлиш учун ҳамма интилиши керак.

Камина етмишга яқинлашаётган бир маҳалда навоийшгуносликни компьютер тизими ёрдамида ўрганишнинг янги-янги йўлларини қидиришга, топиб, ундан фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Замон шуни талаб этади. 

Ахир, агар одам 100 ёшга кирса ҳам, барибир, умр – жуда қисқа. Бир боргина бериладиган бу бебаҳо неъматдан имкон қадар унумли фойдаланиш эса амалда мамлакат тараққиётига мисқол-мисқол бўлиб қўшиладиган ҳисса ҳисобланади. Асрлар мобайнида қон-қонимизга сингдирилган “дил – ба ёр”лигу “даст – ба кор”лик бугун ҳосил бермаса, қачон ҳосил беради? Шундай деб ўйлайман. Сиз-чи, азиз ўқувчи?

 

Султонмурод ОЛИМ,

Адабиётшунос олим, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

09.03.2020 248