Давлат тили масаласи: Ҳукумат яна бир дадил қадам ташлади

Бугун ўзбек тилининг мавқеи ва мақомини тубдан юксалтириш масаласи давлатимиз ва ҳукуматимизнинг алоҳида эътиборида. Чунки бунга эҳтиёж ҳар қачонгидан кўра катта. Одамларни энг қувонтирган жиҳат эса амалий ишларга кенг миқёсда киришилаётгани.

Мана, кеча Вазирлар Маҳкамасининг мазкур соҳага доир яна бир муҳим ҳужжати қабул қилинди. “Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарор давлат тили ривожида яна бир дадил қадам бўлишига шубҳа йўқ.

Қарорда нималар кўзда тутилган?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тузилмасида Социолингвистика бўлими ташкил этиладиган бўлди. Ушбу бўлим давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва 5 та штат бирлигидан иборат бўлади.

Янги тузилма қандай вазифаларни бажаради?

Қарорда белгиланишича, Социолингвистика бўлими ўзбек тилининг ривожланиши билан боғлик фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга оширади. Давлат тилимиз нуфузи ва мавқеини тубдан oшириш борасидаги илмий изланишларни кучайтириш билан шуғулланади.

Тилимизнинг ёзма матни меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш, ўзбек тилининг изоҳли луғатлари, давлат тилида иш юритиш бўйича қўлланма ва адабиётлар тайёрлаш ҳам янги тузилма зиммасидаги вазифалар сирасидан саналади.

Шунингдек, давлат тилини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда янги бўлим фаол иштирок этади.

13.03.2020 154