МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ ХОДИМЛАРИ ЎЗ ИШ ҲАҚЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИНИ “ЎЗБЕКИСТОН МЕҲР-ШАФҚАТ ВА САЛОМАТЛИК” ЖАМОАТ ФОНДИГА ЎТКАЗИБ БЕРДИ

Марказий сайлов комиссияси ХОДИМЛАРИ ЎЗ ИШ ҲАҚЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИНИ “ЎЗБЕКИСТОН МЕҲР-ШАФҚАТ ВА САЛОМАТЛИК” ЖАМОАТ ФОНДИГА ЎТКАЗИБ БЕРДИ

 

Айни кунларда мамлакатимиз ва бутун дунё ҳамжамияти таҳликали ва синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Барча бирдамликда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш олиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳам халқимизни бу офатдан асраш, вирус аниқланган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали иш олиб бориляпти.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мураккаб даврда халқимиз, бутун жамиятимиз учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди.

 

Мазкур Фармонга асосан ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн сўм маблағнинг йўналтирилгани тарихий аҳамиятга моликдир.

 

Энг муҳими, шу кунларда меҳр-мурувват, саховат каби халқимизга хос хислатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда.

 

COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар ҳам бунинг далилидир.

 

Мазкур акция доирасида  кўплаб ташкилотлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жамоаси ҳам ихтиёрий равишда беғараз маблағ сифатида 1 кунлик иш ҳақини Фондга ўтказиб берди.

 

Марказий сайлов комиссияси жамоаси халқимиз бу синовли кунларни енгиб ўтишига ишонади ва барча фуқароларимизни оила аъзолари ва яқинлари ҳавфсизлиги ва саломатлиги учун уйда қолишларига чорлайди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

02.04.2020 374