Он-лайн ўтказилган давра суҳбати –– давлат дастури ижросининг ярим йиллик сарҳисобига бағишланди

2020 йил 23 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Конрад Аденауэр жамғармаси ва ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамкорлигида Давлат дастурининг биринчи йўналиши – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ярим йиллик ижроси натижаларига бағишланган халқаро онлайн давра суҳбати видеоконференция шаклида ташкил этилди. Унда, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Баходиржон Юнусов иштирок этди.

Б.Юнусовнинг қайд этишича, халқаро онлайн давра суҳбати маърузачилари Давлат дастурининг биринчи йўналиши – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ярим йиллик ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар, ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, бу борадаги халқаро ҳамкорлик масалалари хусусида батафсил ахборот бердилар.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурининг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари”нинг         17-бандида Сайлов тизимини янада такомиллаштириш чораларини кўриш бўйича Марказий сайлов комиссиясига вазифалар белгиланган.

Марказий сайлов комиссияси ушбу вазифаларни бажариш мақсадида, комиссия Раисининг 2020 йил 3 февралдаги 22-сонли Фармойишига мувофиқ 6-12 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “2019 йилда бўлиб ўтган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд  камчиликлар” мавзусида давра суҳбатлари ўтказди.

Ушбу давра суҳбатларида Сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга бевосита масъул бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси, вилоят, туман (шаҳар), участка сайлов комиссияси, Халқаро Матбуот маркази ҳудудий бўлими, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи, Алоқа ва ахборотлаштириш, Ермулккадастр, Молия ва ИИБ Миграция масалалари бўйича бошқармалари масъул ходимлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят Кенгаши, ҳудудий сиёсий партиялар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Давра суҳбатлари давомида сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш юзасидан 100 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар келиб тушди. Ўтказилган тадбирлар Республика ва маҳаллий оммавий ахҳборот воситаларида, телевидение ва газеталарда, Марказий сайлов комиссияси ва маҳаллий сайлов комиссияларининг  веб сайтларида батафсил ёритилди. 

Амалга оширилган ўрганишлар якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ҳамда унинг иловаси сифатида – Ўзбекистон сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга доир “Йўл харитаси” ҳамда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштиришга доир “Йўл харитаси”нинг лойиҳалари тайёрланди.

Лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали мутасадди вазирлик ва идораларга Марказий сайлов комиссияси томонидан келишув учун юборилди. Шунингдек, 2020 йил 20 майдан 4 июнга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун (ID-17986) Ўзбекистон республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталига жойлаштирилди.

Кенг жамоатчиликдан, экспертлардан келиб тушган таклиф ва тавсияларни инобатга олиб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнатилган тартибда такомиллаштирилиб, кейинги босқичга тақдим этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган “Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси” лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича:

“Сайлов-2019” кампаниясида аҳолининг сайлов ҳуқуқига оид билим ва маданиятни ошириш буйича амалга оширилган ишлар, соҳага оид хорижий давлатлар тажрибаси ва халқаро ҳужжатлар, миллий сайлов қонунчилиги таҳлил қилиниб, илмий-амалий таклифлар тайёрланди.

Марказий сайлов комиссияси Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишда манфаатдор давлат органлари, вазирлик ва идоралар билан бир қаторда, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

24.07.2020 203