Суд-ҳуқуқ соҳасидаги конституциявий ислоҳотларнинг янги босқичи

“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир.”

Шавкат Мирзиёев.

 

Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида мустақил, адолатли ва холис суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасида ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлиги эътироф этилган. Бу ҳуқуқларни таъминлашда судлар алоҳида муҳим ўрин эгаллайди.

b489e579-223a-5356-a9b6-c597089db4ac_news_.jpg

Худоёр МАМАТОВ,

Юридик фанлар доктори, профессор

Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари

Истиқлол йилларида мамлакатимизда судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон, яъни умуминсоний қадриятлар ва умум эътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги-янги қонунлар яратилди. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, ошкоралик, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойиллари қўйилди.

Бироқ, норматив ҳуқуқий база қанчалик янгиланиши, такомиллаштирилишига қарамай профессионал судьялар корпусининг шакллантирилмаганлиги, тизимга турли йўллар билан, таниш-билишчилик, коррупция ва пора бериш орқали суқилиб кириш, турли мансабдор шахсларнинг судлар фаолиятига бевосита аралашуви каби салбий ҳолатлар мавжуд бўлганлиги боис, суд том маънодаги мустақил ва адолатли суд ҳокимияти даражасига кўтарила олмади. Йилдан-йилга фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончи сусайиб борди. Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан қабул қилинган ҳукмларнинг аксарият қисми юқоридан берилган кўрсатмага, дастлабки терговнинг нохолис материалларига, соҳталаштирилган далилларига асосланди. Фуқаролик ёки иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақида ҳам, ҳеч иккиланмасдан шу фикрни билдириш мумкин.

Аслида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади мустақил, кучли суд ҳокимиятини вужудга келтиришдан иборат. Зеро, суд ҳокимияти нафақат уч ҳокимиятнинг бири, балки унинг юксак нуфузли ҳуқуқий ҳолати, жамият ва давлат ҳаётида инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийлик барқарор бўлишининг асосий шартидир.

Суд ҳокимиятининг вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини ҳамда мамлакат конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимияти ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш, қонунларни ва бошқа норматив ҳужжатларни ижро қилиш ва қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборат бўлиши лозим.

Ўзбекистонда мустақил, адолатли суд ҳокимиятини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, у мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат марказидаги, асосий масалалардан бирига айланди. Одил судловни жорий этиш, мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш мавзуси Президентимиз нутқларида такрор-такрор таъкидлаб келинди. Ушбу фикрни асослашда қуйидагиларга мурожаат этиш ўринли, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, “Халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз. Бу борада буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!” деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур. Бу масала, энг аввало, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бутун суд тизими, прокуратура, ички ишлар, назорат органлари раҳбарлари ва ходимларининг бевосита вазифасидир. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқ. “Халқ сўзи”, 2016 йил 15 декабрь).

Иккинчидан, “Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Бунинг учун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини, албатта, барчамиз яхши тушунамиз. Хусусан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантиришимиз лозим. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир. Судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса, фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанция судида ишни бир неча маротаба кўриб, турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келди”. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъруза. “Халқ сўзи”, 2016 йил 7 декабрь).

Учинчидан, “Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш биз учун энг устувор вазифага айланди. Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди.

...Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор такрорлайман: судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак. Айни пайтда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьяликка номзодларни танлаш, шахсий ва касбий сифатларини ўрганишнинг чинакам демократик ва ошкора тизимини жорий этиш лозим. Хусусан, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни судьялик лавозимига тавсия этиш тартибини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман...

Афсуски, айрим судьялар томонидан ҳали ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилинмоқда. Бу эса, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига путур етказмоқда. Шу боисдан ҳам, касбий маҳорат ва маданиятни ошириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб иш кўриш – ҳар бир судьянинг энг устувор вазифаси бўлмоғи лозим. Судлар томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор, энг аввало, адолатли, қонуний ва асосли бўлиши шарт. Шундагина одамларимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишига бўлган ишонч янада мустаҳкамланади”. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъруза. “Халқ сўзи”, 2018 йил 7 декабрь).

Тўртинчидан, Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак... Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъруза. “Халқ сўзи”, 2019 йил 8 декабрь).

Бешинчидан, “Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир... Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди...

Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”. (Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси. “Халқ сўзи”, 2020 йил 24 январь).

Ўтган қарийб тўрт йил давомида давлатимиз, жамиятимиз ва халқимиз учун ўта муҳим бўлган суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш, чинакам мустақил ва холис, коррупциядан холи бўлган судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг конституция ва қонунлар талабларига оғишмай амал қилишларини ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашлари учун кафолатли муҳит яратиш, суд фаолиятига турли даражадаги мансабдор шахсларнинг ҳар қандай аралашувига чек қўйишга қаратилган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий асослар яратилди. Бу борада, ўттизга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Суд - одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ижобий ишларни қайд этар эканмиз, бу соҳада ҳали ечимини кутиб турган муаммолар борлигини ҳам инкор эта олмаймиз. Бу муаммолар, биринчи галда, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали, халол ва пок виждонли суд ходимлари корпусини шакллантириш, судларда ишларни кўриш сифатини янада ошириш билан боғлиқдир.

2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони бу борада амалга оширилаётган тизимли ислоҳолтларнинг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берганлиги билан аҳамиятлидир.

Фармонда одил судловни амалга оширишдаги муаммолар, одил судловни таъминлашнинг институтиционал асослари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар кўрсатиб берилди. Улар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида суд тизимидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилади.

Иккинчидан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бундан кейин вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларга бир нафар суд раиси раҳбарлик қилади. Суд раиси ўз ўринбосарларига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида ўринбосарлар фуқаролик ишлари, жиноят ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳам ҳисобланади. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Учинчидан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Натижада, суд ишларининг қайта-қайта бир нечта инстанцияларда назорат тартибида кўрилиши, фуқароларнинг овора бўлишига, судларда иш ҳажмининг асоссиз ва мақсадсиз ортишига барҳам берилади. Қолаверса коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг вужудга келишига чек қўйилади.

Тўртинчидан, прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилади. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилади. Бундай қоидаларнинг киритилиши албатта суднинг мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида эса матбуот хизматлари ташкил этилади. Бу эса, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай ижобий мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган шу каби инсонпарвар ислоҳотлар натижасида одамларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Буни, судларга бўлган мурожаатларнинг кўпайиб бораётганида ҳамда судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов хукмлари, фуқаролар, тадбиркорлар фойдасига қабул қилинган суд қарорлари сонининг ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Натижада, халқ судни фақат одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони, деб қарай бошлади. Бундай ишончни янада мустаҳкамлаш учун судлар қонундан оғишмай иш тутишлари, фуқароларнинг манфаатларини муҳофаза этиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, бу йўлдан собитқадамлик билан қатъий боришлари ва шу асосда халқнинг ишончини қозонишлари зарур бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини муттасил такомиллаштириб бориш зарур. Бунда, суд ва судьяларнинг ҳокимиятни бошқа барча тармоқларидан ҳақиқий мустақиллигини, суд қарорларини қабул қилишда фақат қонунга ва виждон амрига бўйсунишини таъминлаш лозим. Ушбу ҳуқуқий асос, ўз навбатида, демократизмни, холисликни, суднинг ҳаммабоп бўлишини, суднинг ҳимоя доираси кенгайишини таъминлаши зарур. Ва ниҳоят, бу ҳуқуқий асос суд тизимига нопок, порахўр ва тасодифий кимсалар кириб қолишига йўл қўймаслиги лозим.

08.08.2020 581