“Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси орадан 8 йил ўтиб қайта чоп этилди

Она тилим – олтин сандиғим

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан ҳамкорликда қайта ишланган ва тўлдирилган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, филология фанлари доктори Абдулҳай Собиров ва бошқалар бугунги кунда ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Замон шиддат билан ривожланиб, тараққий этаётган бир пайтда айнан бу китобга эҳтиёж борлиги таъкидланди.

– Давлат тилининг нуфузи ва унинг қадр-қиммати учун курашиш ҳар бир давлатнинг ривожланишдаги миллий манфаати ҳисобланади, – деди филология фанлари доктори Низомиддин Маҳмудов. – Бугун мамлакатимизда Давлат тили ҳақидаги масала давлат сиёсатининг ҳақиқий ўзагига айланди. Шунинг натижасида ҳам Ўзбекистонда юритилаётган тил сиёсатини холис тил сиёсати, дея аташ мумкин. “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмасининг илк нашри 1990 йил чиққан. Ундан кейин чоп этилган китоблар ҳам ўз даврида муҳим қўлланма ҳисобланган. Аммо замон янгиланиш, ўзгаришга томон юз бургандан сўнг бу қўлланманинг ҳам янги ва мукаммал нашрига эҳтиёж бор эди.

“Ўзбекистон” нашриётида 3 минг нусхада чоп этилган қўлланма ташкилий ҳужжатлар, фармойиш ҳужжатлари, маълумот-ахборот ҳужжатлари ва хизмат ёзишмалари бобларидан иборат.

– Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлат тили мақоми, нуфузини тубдан оширишга, мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, – деди филология фанлари доктори Ёрқинжон Одилов. – Бугун тақдимоти ўтказилаётган китоб ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси, десак муболаға бўлмайди. Китоб орадан 8 йил ўтиб қайта чоп этилди. Шу оралиқда жамиятда рўй берган ислоҳотлар туфайли иш юритишда қўлланилмайдиган, бугунги кунда эҳтиёж бўлмаган ҳужжатлар қўлланмага киритилмади. Маълумотлар қайта ишланди, тўлдирилди, таҳрир қилинди. Энг муҳими, фойдаланувчига янада тушунарли ва ҳар бир мисранинг мазмундор бўлиши учун ҳаракат қилдик.

Қўлланмада ташкилот ва муассасаларнинг иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланадиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб-қоидаларига алоҳида эътибор қаратилган. Иш юритишга оид луғат берилган.

Қўлланма, аввало, ташкилотлар раҳбари ва ходимларига, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиб-референтлар, кадр хизмати ходимларига мўлжалланган. Ундан ҳисобчилар, адлия маслаҳатчилари, аудитор, менежерлар ҳам фойдаланиши мумкин.

Дилобар МАМАТОВА, ЎзА

11.09.2020 61