Сайлов ва коммуникация –самарали мулоқотни амалга ошириш ва таъминлашда сайлов органларининг роли

2020 йилнинг  8-10 сентябрь кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида Европа сайлов ташкилотчилари мансабдорлари уюшмаси Бош ассемблеясининг (АСЕЕЕО) 29-конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур йирик анжуман аввалгиларидан фарқли ўлароқ COVID-19 пандемияси шароитини инобатга олган ҳолда онлайн тарзда ўтказилди. Тадбирда 26 та сайлов органларининг 120 дан ортиқ вакиллари, халқаро экспертлар ва сайлов бўйича етакчи мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси масъул ходимлари ҳам бевосита кузатиб боришди.       

Конференция кун тартибидан “Сайлов ва коммуникация – самарали мулоқотни амалга ошириш ва таъминлашда сайлов органларининг роли” мавзуси ўрин олди. Онлайн ахборот алмашинуви ва муҳокамалар майдонига айланган бу йилги конференция ахборот, таълим, шаффофлик, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг асосий муаммо ва имкониятлари, сайловни бошқариш органлари тизимидаги ахборот оқими, пандемия шароитида ўтказилган сайловлардан сабоқлар каби масалаларни қамраб олди.

Тадбирда Грузия Марказий сайлов комиссияси раиси ва Европа сайлов ташкилотчилари мансабдорлари уюшмаси Бош ассемблеяси президенти Тамар Жвания томонидан таъкидланганидек, Грузия сайлов маъмурияти 2019 йилдан буён Европа сайлов ташкилотчилари мансабдорлари уюшмасига (ACEEEO) бошчилик қилиб келмоқда ва уни бир йил мобайнида бошқариш ваколатига эга.  Уюшма Бош ассемблеяси 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, у дунёнинг 25 та сайлов органларини бирлаштиради. Мазкур ташкилот сиёсий партия ва ҳукуматлардан мустақил, халқаро қонунчиликка асосланган халқаро ҳуқуқий мақомга эга. Ташкилотнинг бош мақсади минтақаларда демократик жараёнларни профессионал даражага олиб чиқиш ва ривожлантиришдан иборат.

Конференцияда Латвия, Руминия, Мексика, Хорватия, Литва, Шимолий Македония, АҚШ, Польша, Мексика каби давлатларнинг сайлов соҳасидаги халқаро экспертлари ҳам сўзга чиқишди. Хусусан, Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари Корнелиу Пасатнинг “Сайловларга бўлган ишончни қандай сақлаб қолиш мумкин – сайловчилар билан мулоқотга киришиш” мавзусидаги маърузаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Қайд этилганидек, Молдовада фуқароларни сайловга жалб қилиш, уларда сайловларга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш мақсадида турли ижтимоий лойиҳалар йўлга қўйиб борилади. Айниқса сайлов жараёнларига ёшларни жалб қилиш боғча, мактаб ёшидан бошланади. Улар учун туркум танловлар, викторина ва ўйинлар, миллий форумлар, сайлов ҳафталиклари ташкил этилади. Хаттоки, сайлов кампанияси даврида махсус оромгоҳлар иш бошлайди. Бундан ташқари, “Door to door” лойиҳасига кўра аҳоли орасида Марказий сайлов комиссиясининг мобил автобуслари  орқали тарғибот ва ташвиқот тадбирлари олиб борилади.   

Шимолий Македонияда пандемия шароитида ўтказилган сайлов жараёнлари ҳақида видеолавҳа намойиш этилди. Ушбу лавҳада сайловчиларнинг сайлов жараёнларида саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора тадбирларнинг ижро этилиш амалиёти ўрганилди.

Анжуманда шунингдек, Европа сайлов ташкилотчилари мансабдорлари уюшмаси фахрий аъзоси Пол де Грегорио, Карнеги Халқаро тинчлик жамғармасининг Европа дастури директори Эрик Браттбург, Мексика Миллий сайлов институти (INE) вакили Мануэл Гарило, АҚШ сайловларига кўмаклашиш бўйича комиссия комиссари Томас Хикс каби халқаро экспертларнинг сайловларда Оммавий ахборот воситаларининг ўрни, журналистлар билан мулоқот ўрнатиш, дизинформацияга қарши курашиш каби маърузалари тингланди. 

        

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

11.09.2020 257