МДҲ кузатувчилари миссияси - Ўшда

Бугун, 4 октябрь куни Қирғизистонда Жогорку Кенеш депутатлари сайлови бўлиб ўтмоқда.

Беш йилда бир ташкил этиладиган сиёсий жараёнда 120 депутатлик ўрнига бу гал 16 та партия курашмоқда. Сайловда МДҲ мамлакатлари миссияси таркибида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 28 нафар кузатувчи иштирок этди. Шу жумладан, Андижон вилоятидан 8 нафар кузатувчи Ўш вилоятидаги сайлов участкаларида бўлишди.

Делегациямизни “Дўстлик” халқаро назорат масканида Ўш области губернаторининг ўринбосари Аҳмаджон Маҳаммадов ва бошқа масъуллар кутиб олишди. Шу жойнинг ўзидан кузатувчилар миссияси еттита гуруҳга бўлиниб Ўш шаҳри ва туманларига йўл олдилар.

Кун давомида улар вилоят маркази, Новқат шаҳри ва тумани, Қорасув шаҳри ва тумани, Ўзган, Аравон, Қора Кулжа туманларидаги сайлов учаасткаларига ташриф буюриб, сайлов жараёнларини кузатдилар.

-Халқаро нормаларга биноан МДҲ кузатувчилари сайлов куни хоҳлаган сайлов участкаларига бориш, овоз бериш хонасида бўлиш, овозларни санаш жараёнларини кузатиш ҳуқуқига эга, – дейди миссия таркибидаги халқаро кузатувчи, Андижон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби директори Муфаззал Қодирова. – Шу бидан бирга сайлов бўлиб ўтаётган мамлакат қонунчилигига риоя этиш, ўз вазифаларини сайлов жараёнига аралашмаган ҳолда бажаришлари лозим. Кун давомида биз Ўш шаҳридаги 14 та сайлов участкасини кўздан кечирдик. Барчаси қонун доирасида амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Айниқса,  сайловчи шахсини аниқловчи идентификаторлардан фойдаланиш, овозлар сонини  автоматик равишда ҳисобга олиш имконини берувчи қутилар ўрнатилгани нафақат жараённинг шаффофлигини таъминлайди, балки участка сайлов комиссияси ишини сезиларли енгиллаштиради.

-Кураш номзодлар орасида эмас, балки партиялар ўртасида кечаётгани ҳам диққатга сазовор, - дейди миссия таркибидаги кузатувчи, Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раиси Обиджон Носиров. - Бунда маҳаллийчиликдан холи бўлинади. Партиялар 7 фоизли тўсиқдан ўтишлари керак. Шунда депутатлик мандатининг миқдори ҳам тўплаган овозларнинг фоизига қараб белигнланади. Мен кузатув олиб борган Ўзган туманидаги Қуршаб, Мирзака, Бошдева айил ҳукуматлари ва Ўзган шаҳридаги 5 та сайлов участкасида эътирозга лойиқ сабаб кўрмадим. 

Қирғизистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ сайловда камида 30 фоиз сайловчи иштирок этса, жараён бўлиб ўтган ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан фуқароларнинг фаоллигига ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, Қора Кулжа туманида бўлган миссия аъзоси, Андижон вилояти Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли саломатлик маркази раҳбари Зуҳриддин Турғуновнинг таъкидлашича, 12.00 га қадар сайловчилар фаоллиги 20-25 фоизни ташкил қилди. Ҳар бир келувчининг тана ҳарорати ўлчаниб, тиббий ниқоб ва бир марталик қўлқоп тарқатилиши санитария қоидаларини таъминлади.

-Бизга ажратилган вақт мобайнида деярли 60 та сайлов участкаларида бўлдик, - дейди МДҲ кузатувчилари миссияси таркибидаги Андижон вилояти кузатувчилари гуруҳи раҳбари, Андижон давлат университети проректори Баҳтиёр Расулов. – Барча жараёнлар сайлов қонунчилигига мувофиқ олиб борилаётганини эътироф этамиз.

Миссия ўз ваколати доирасидаги вазифаларни бажариш давомида икки халқ ўртасидаги анъанавий яқин қўшничилик ва дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланаётганининг гувоҳи бўлди.

Бу хусусда Аравон тумани ҳокимининг ўринбосари Музаффар Мамасаидов шундай дейди: “Аравон Фарғона ва Андижон вилоятлари туманлари билан чегарадош. 143 километрли умумий чегара чизиғи бўйича икки мамлакат мутасаддилари бир тўхтамга келиб бўлишган. Туманимиздаги деярли ҳар бир оилада ўзбекистонликлар билан қариндошлик ришталари мавжуд. Шу эмасми азалий биродарликнинг бугунги кундаги узвийлиги?! ”.

 

Саидаҳмад Шукуров,

МДҲ миссияси кузатувчиси, “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари бош муҳаррири.

04.10.2020 57