Ўзбекистон делегацияси аъзолари Молдовада президентлик сайловларини кузатиб бормоқда

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Молдовада президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакат президенти лавозими учун саккиз нафар номзод кураш олиб бормоқда. Улар “Бизнинг партиямиз”сиёсий партиясидан Ренато Усатый, “DA Платформаси” партиясидан Андрей Нэстасе, Либерал-демократик партиясидан Тудор Делиу, Мустақил номзод (амалдаги президент) Игорь Додон, “Шор” партиясидан Виолетта Иванова, “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси (PAS)дан Майя Санду, “Миллий бирлик” партиясидан Октавиан Цыку ва  “UNIREA” сайлов блокидан Дорин Киртоакэлар.

Сайловчиларнинг давлат реестрида рўйхатдан ўтган фуқароларнинг умумий сони  3 миллион 287 минг 140 нафар сайлаш ҳуқуқига эга шахсларни ташкил этади.

Овоз бериш куни жами 2143 та сайлов участка очилди. Уларнинг 139 таси хорижда, 42 та сайлов участкаси эса Шарқий Европадаги Днестр кўлининг чап қирғоғида жойлашган.

Молдова Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларида овоз бериш тартиби белгиланган. Унга кўра, барча 2143 та очиқ сайлов участкалари эпидемияга қарши воситалар билан таъминланган. Хусусан ҳимоя ниқоби, қўлқоп, термометр, қўлни тозалаш ва дезинфекциялаш воситаси сотиб олинган.

Комиссия аъзолари сайловчидан шахсий гувоҳномани текшириш жараёнида  унинг ниқобини қисқа вақтга олиб ташлашни сўраши мумкин. Шундан сўнг фуқаро сайловчилар рўйхатига имзо чекиши керак бўлади.

 

Президент сайловларини икки мингга яқин миллий кузатувчи ва 300 дан ортиқ халқаро кузатувчи жумладан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам сайловларни бевосита кузатиб бормоқда.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Молдова Марказий сайлов комиссиясида Комиссия раиси Дорин Чимил ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Котибияти раҳбари Х.Маматов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда берилган маълумотга кўра, сайловларда жамоат хавсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигидан 6 минга яқин ва ахборот хавсизлигини ҳимоя қилиш бўйича мингга якин мутахассислар жалб этилган.

Шунингдек, барча сайлов участкаларида видеоёзув тизими йўлга қўйилган. Видеони ёзиб олиш тизими интернетга уланмаган, фақат сайлов куни сайловчилар йўқлигида сайлов тартибларини кузатиб бориш учун ишлайди. Улар сайлов участкасини очиш билан боғлиқ тайёргарлик ишлари (сайлов қутиларини муҳрлаш, сайловчилар рўйхати, сайлов бюллетенлари, штамплар мавжудлигини текшириш) бошланганида ишга тушади ва сайлов участкаси очилганида тўхтатилади.

Молдова сайлов қонунчилигига кўра, давлат раҳбари мутлақ кўпчиликнинг икки босқичли тизими асосида сайланади. Агар биринчи босқичда бирон бир номзод 50 фоиздан ортиқ овозни ололмаса, иккинчи босқич ўтказилади. Бу йилги президентлик сайловларида иккинчи босқич ташкил этилса у 15 ноябрда бўлиб ўтади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

01.11.2020 292