Грузиянинг янги парламентига сайловлар бўлиб ўтди

2020 йилнинг 31 октябрь куни Грузиянинг янги парламентига сайловлар бўлиб ўтди. Грузияда биринчи марта сайловлар янги аралаш тизим асосида ўтказилди, унга кўра 120 та депутат пропорционал, 30 нафари эса мажоритар тизимга кўра сайланади.  Сайловларда 48 та партия ва иккита блок иштирок этди, бундан ташқари бир мандатли сайлов округларида 11 та ташаббускор гуруҳ томонидан номзодлар кўрсатилган.

Сайлов участкаларининг умумий сони 3657 тага тенг бўлди. Шунингдек, 38 та давлатда 52 та сайлов участкаси ташкил этилди.  Мамлакат бўйлаб овоз бериш шанба куни соат 08:00 да бошланди ва 20:00 гача давом этди.

Грузия Марказий сайлов комиссияси (МСК) барча сайлов участкаларидаги овоз бериш натижаларини эълон қилди. Дастлабки натижаларга кўра, 9 партия 1 фоизли чегарадан ўтиб, парламентдан ўрин эгаллади: “Грузия орзуси – Демократик Грузия” (48,24%), “Бирлашган миллий ҳаракат” (27,16%), “Эвропача Грузия” (3,79%), “Агмашенебели стратегияси” (3,15%), “Лело” (3,15%), “Ватанпарварлар альянси” (3,14%), “Гирчи” (2,89%), “Фуқаролар” (1,33%), “Лейбористлар партияси” (1%). Бир мандатли 30 та округнинг 14 тасида “Грузия орзуси” партияси номзодлари ғалаба қозонган бўлса, қолган 16 та ўрин учун қайта овоз бериш ўтказилади.

Грузиядаги парламент сайловларини 132 та маҳаллий сайловларни кузатиш ташкилотларидан 47 мингга яқин ва 5 та хорижий мамлакатнинг сайлов органлари, 20 та дипломатик миссия ва 23 та халқаро ташкилот вакилларидан иборат 910 нафар халқаро кузатувчи, шунингдек  ва 118 дан ортиқ ОАВ кузатиб борди.

Жумладан, мазкур сайловларни кузатишда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М. Истамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам бевосита иштирок этди. Ташриф давомида делегация аъзоларининг Грузия МСК раиси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Грузия МСК раиси Тамар Жвания Грузия сайлов тизими ва ундаги янгиликлар, сайловларга тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. 

Ўзбекистон делегацияси Грузиядаги сайловлар миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқ равишда очиқ, ошкора ўтказилгани, шунингдек коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тегишли профилактика тадбирлари амалга оширилиб, овоз бериш жараёнининг хавфсизлиги таъминланганини таъкидлади.

03.11.2020 230