Пандемия ва сайлов: кореяликлар бирдамлиги

Жаҳонни забт этган пандемия даврида дунёдаги илк сайлов Корея Республикасида бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 15 апрель куни Жанубий Кореянинг 14 330 сайлов участкасида эрталаб соат 06:00дан 18:00гача фуқаролар Миллий Мажлиснинг 300 нафар депутатини сайлашда иштирок этди. Овоз бериш жараёнининг ўзига хос жиҳати - сайловчиларнинг навбати  узундан-узоқ чўзилиб кетди. Бу бежиз эмас, албатта. Эпидемиологик вазият туфайли фуқаролар ижтимоий масофани сақлаш қоидаларига амал қилган ҳолда бир-бирларидан камида бир метр оралиқ масофада сақлашларига тўғри келди.

Аввалги сайловларда вояга етган ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқароларнинг биометрик маълумотларини ўзида жамлаган умуммиллий маълумотлар баъзасининг мавжудлиги туфайли мамлакат фуқаролари бармоқ изларини сканерлаш орқали овоз бериши мумкин эди. Аммо, ҳукумат вакиллари бу усулни коронавирус тарқалиши нуқтаи назаридан хавфли деб ҳисоблаган. Шу боис, бу гал сайловчилар ўз шахсий гувоҳномасидан сайлов комиссиясига нусха қолдирган ҳолда овоз берди.

Корея Республикаси ҳукумати ва Марказий сайлов комиссияси сайловларнинг хавф-ҳатардан ҳоли ўтказилишини таъминлаш мақсадида барча имкониятларни ишга солди. Аввало, улар фуқароларга пандемия туфайли фавқулодда вазиятда ташкил этилаётган сайловларни адолатли ва хавфсиз ўтказишда ёрдам беришга чақирди. Эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида сайловчилардан овоз бериш жойларига ҳимоя ниқобларида келиши сўралди. Сайловчилар бюллитенларни олиш ва овоз бериш кабиналарига киришдан олдин қўлларини антисептик воситалар билан тозалаб, сўнг махсус қўлқопларни кийдилар. Сайлов участкалари ва кабиналар тозаловчи воситалар билан мунтазам дезинфекция қилиб турилди.

2020 йилнинг 10 ва 11 апрель кунлари Миллий Мажлис депутатлари сайлови учун бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида фуқароларнинг рекорд даражадаги иштироки кузатилди. Корея Республикаси Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, унда 11,7 миллион киши яъни рўйхатга олинган сайловчиларнинг 26,69 фоизи қатнашган. 

Таъкидлаш жоизки, пандемия ҳолатига қарамасдан ўтказилган мазкур сайловда корейс фуқароларининг иштироки сўнгги 28 йил ичида ўтказилган барча сайловлардагидан энг юқори бўлиб, 66 фоиздан ортиқни ташкил қилди. Бу халқнинг бирдамлиги ва фидоийлигидан яна бир далолатдир.

Корея Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сўнгги маълумотларига кўра, барча сайлов округларида сайловлар ўтказилди, деб эътироф этилган. «Табуро» Демократик партияси Миллий Мажлиснинг 300 ўрнидан 179 тасини қўлга киритди. “Бирлашган келажак” партияси вакиллари эса 101 ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

 

16.04.2020 16