Бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ишлари билан танишилди

Ўзбекистонда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайловлар ўтказилмоқда.

Республикамизнинг барча ҳудудларида сайловларга тайёргарлик давомида сайлов ташкилотчилари ва қатнашчиларини короновирус касаллигини юқтириб олишларини олдини олиш мақсадида санитария карантин қоидаларига қатъий риоя қилиниши йўлга қўйилди.

Албатта сайловлар – сайлов қонунлари асосида бўлиб ўтиши керак. Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг 24 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси вакиллари Тошкент шаҳар Кенгашига бўшаб қолган депутатлик ўринларга сайловларни ўтказиш учун тузилган Юнусобод, Сергили, Яккасарой, Яшнабод ва Бектемир каби туманларда жойлашган бир қатор сайлов участкаларидаги тайёргарлик ишлари билан танишдилар.

Танишиш жараёнида таъкидланганидек, МСК томонидан қубул қилинган “COVID-19 пандемияси даврида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, бўшаб қолган ўринларга сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда барча талабларга, жумладан сайловни эълон қилиш, номзодлар кўрсатиш, рўйхатга олиш, тарғибот тадбирларини ўтказиш, сайловчилар рўйхатларига аниқлик киритиш талабларига қатъий амал қилиниши лозим.

Ўрганиш жараёнларида сайлов жиҳозлари, сайлов бюллетенлари, сайловчилар рўйхатлари билан ишлашда вирусни юқтириб олмаслик учун зарур чораларни кўриш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Низомда ҳар бир сайлов участкасида овоз берувчилар ва сайлов ташкилотчиларини ҳимоя воситалари билан таъминлаш, фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш, янги тиббий ниқоб, тиббий қўлқоплар тарқатиш, антицептик восита билан ишлов берилгандан сўнг овоз бериш жараёнлари бошланиши белгилаб қўйилган.

Сайлов участкаларини кўздан кечириш давомида участка сайлов комиссияси аъзоларига мавжуд камчиликларни юқоридаги Низом талабларига мувофиқ бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

25.12.2020 142