Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайловларни Ўзбекистон вакиллари кузатиб боради

2021 йил 10 январь куни Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутатларининг навбатдаги сайловлари бўлиб ўтади. Қозоғистон Халқ Ассамблеяси томонидан сайланадиган Парламент депутатларининг навбатдаги сайловлари эса 11 январь куни ўтказиш белгиланган.

 

Мазкур мамлакатда бўлиб ўтадиган сайловларни Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам халқаро кузатувчи сифатида бевосита кузатиб боради. 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов бошчилигида шу масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, Тошкент шаҳар, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари сайлов комиссия аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бор. Улар сайловларни ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилоти каби халқаро ташкилотларнинг миссиялари сафида кузатиб боради. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси МСК томонидан 2 нафар, ШҲТ Миссиясидан 1 нафар, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилотидан 1 нафар, МДҲ ПА миссияси таркибида 2 нафар, МДҲ миссияси таркибида, шу жумладан сайлов куни чегарадош вилоятларга юбориладиган кузатувчилар сони 32 нафарни ташкил этмоқда. Улар Нур Султон ва Чимкент шаҳарлари, Туркистон  ва  Жамбул вилоятларида жойлашган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини кузатиб борадилар.  

Қайд этиш жоизки, Қозоғистон вакиллари ҳам Ўзбекистонда ўтказилган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида мунтазам иштирок этиб келади. 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

06.01.2021 154