2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафари иштирок этгани аниқланди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,73 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг натижаларига кўра, Сарвар Садуллаевич Отамуротовни ёқлаб 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 2,35 фоизи овоз берди, Шавкат Миромонович Мирзиёевни ёқлаб 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоизи овоз берди, Хатамжон Абдурахмонович Кетмоновни ёқлаб 669 минг 187 нафар сайловчи ёки 3,73 фоизи, Наримон Мажитович Умаровни ёқлаб 619 минг 972 нафар сайловчи ёки 3,46 фоиз сайловчилар овоз берди. 

Шундай қилиб, натижаларга асосан 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев ғолиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90, 117-моддаларига, «Ўзбекистон республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 35, 36-моддаларига «Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5, 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда Америка, Европа, Осиё ва Африканинг 46 та давлатидан 600 нафарга яқин кузатувчи кузатиб боргани сиёсий кампания демократик талаблари асосида очиқ ва ошкора ўтганининг ёрқин далилидир. Сайлов жараёнини мониторинг қилишда сиёсий партиялардан 37 мингдан ортиқ кузатувчи ҳам фаол иштирок этди.

Сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутатди. Президент сайловини 615 миллий ва 272 хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан 315 та хорижий ва миллий интернет нашрлари ёритиб боради. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот марказлари томонидан мамлакатимиз ва чет элнинг 1 минг 400 нафардан ортиқ журналистлари иштирокида сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган 180 та матбуот анжумани ва онлайн  брифинглар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 22 минг 700 дан зиёд мақола ва ахборот материаллари эълон қилинди, кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатилди. 

12.10.2019 104