Сайлов жараёнининг муҳим босқичи

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 24 сентябрь куни ўтган навбатдаги мажлисида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларини рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига асосан депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ўзининг ваколатли вакилини тайинлашга ҳақли.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сон қарори билан тасдиқланган Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомга мувофиқ – Сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.

Шу муносабат билан, мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун МСКга мурожаат қилди ва тегишли ҳужжатларни тақдим этди.

МСК Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат)ни бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Сайлов кодексига асосан сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 000 сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкинлиги ва имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан МСК томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳамда сайловчиларнинг имзоларини тўплашлари учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.  

Сиёсий партияларнинг фаоллари ишга киришди. Бу жараён қандай кечади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси cайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш муҳим аҳамиятга эга.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомга мувофиқ сиёсий партияларга:

- Қонунчилик палатаси сайловида сиёсий партиянинг иштирок этишини қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш учун ҳар бир сиёсий партияга имзо варақаларини бузиб қўйилиши, тўлиқ тўлдирилмаслигини инобатга олган ҳолда ҳамда сиёсий партияларга қўшимча имконият яратиш мақсадида қирқ саккиз минг имзо тўплаш имконини берадиган имзо варақалари бланкалари берилиши ва сиёсий партиялар сўровига кўра, имзо тўплаш учун қўшимча имзо варақалари бланкалари берилиши мумкинлиги;

- имзолар тўпланишини ташкил этиш учун сиёсий партияларнинг туман, шаҳар Кенгашлари ва ижроия қўмиталари аъзолари ёхуд партияларнинг туман, шаҳар ташкилотлари девони штатидаги ходимлари шунингдек, сиёсий партиялар бошланғич ташкилотлари раҳбарлари орасидан масъул шахслар тайинланиши мумкинлиги;

- сайловчиларнинг имзоларини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш Қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширишлари мумкинлиги;

- Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Низом лойиҳасига мувофиқ МСК имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириши учун қирқ тўрт мингтадан кўп бўлмаган, яъни зарур қирқ минг ва кўпи билан 10 фоиз қўшимча имзолар сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади. Агар сиёсий партиялар томонидан қирқ тўрт мингдан кўпроқ имзолар тўпланган бўлса, қолган имзо варақалари сиёсий партияда заҳира сифатида қолдирилади.

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги МСК томонидан беш кунлик муддатда текширилиб, текшириш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида сиёсий партияларга олдиндан маълум қилинади.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигининг МСК томонидан текширилиши жараёнида иштирок этади.

МСК имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади.

Эксперт гуруҳи аъзолари имзо варақасининг тўғри тўлдирилганлигига, тузатишларга йўл қўйилганига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига эътибор берган ҳолда ҳар бир имзо варақасини кўздан кечиради.

Визуал текширувда нуқсонлар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланган имзо варақалари пухтароқ, шу жумладан махсус асбоблар ёрдамида текшириш учун саралаб олинади.

Қуйидаги ҳолларда имзолар ҳақиқий эмас деб топилади:

- Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар тўпланган имзолар,  имзо варақасидаги сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг ўзи ёки сайловчилар имзоларини тўплаган масъул шахс томонидан киритилмасдан қўйилган имзолар, сайлаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан қўйилган имзолар, имзо варақасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлардан бирортаси кўрсатилмасдан қўйилган, шу жумладан санаси кўрсатилмасдан қўйилган имзолар,  бошқа шахснинг номидан қўйилган имзолар, МСК томонидан берилган имзо варақаларидан бошқа имзо варақаларида қўйилган имзолар,  сайловчининг имзоси ва у ҳақда маълумотлар қалам ва бошқа ёзув қуроли ҳисобланмайдиган воситалар билан киритилган имзолар, имзо варақасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларга тузатишлар киритилган ҳолда қўйилган имзолар, башарти ушбу тузатишлар сайловчи ёки имзо варақасини тасдиқловчи шахслар томонидан қўшимча имзо билан тасдиқланмаган бўлса имзолар ҳақиқий эмас деб топилади.

Агар МСК томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан  кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.

Сиёсий партиялар томонидан имзо варақаларидаги камчиликлар икки кунлик муддатда бартараф этилмаса ёхуд қўшимча имзо варақалари тақдим этилмаса, барча топширилган имзо варақаларидан ҳақиқий деб топилганлари инобатга олинади.

МСКга камчиликлари бартараф этилиб (қўшимча тўпланиб), тақдим этилган имзо варақалари тўлиқ текширилади ва уларнинг ҳақиқий деб топилганлари аниқланади. Агар қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, МСК сиёсий партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.

Текширув якунлангач, сиёсий партияни ёқлаб берилган имзо варақаларини тақдим этган ҳар бир сиёсий партия бўйича Эксперт гуруҳи томонидан Имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш якунлари тўғрисида хулоса тузилади. Хулосанинг нусхаси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига берилади. Эксперт гуруҳи хулосалари МСК томонидан тегишли қарор қабул қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Эксперт гуруҳининг хулосаси асосида МСК сиёсий партияга Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этишга ижозат бериш ёки сиёсий партия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ келмаганлиги учун Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этиш ҳуқуқини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Хулоса сифатида айтганда, сиёсий партия томонидан тақдим этиладиган имзо варақаларини тўғри тўлдирилиши ушбу сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.  

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

 Марказий сайлов комиссияси аъзоси.

17.10.2019 236