Сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари: тузиш тартиби ва ваколатлари

Ҳар бир ўтаётган кун бизни жорий йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларга яқинлаштирмоқда.

Сайловларни очиқ-ошкора, миллий сайлов қонунчилигимиз талабларига мувофиқ, демократик сайловлар ўтказиш бўйича тўпланган бой миллий тажрибамизга асосланган ҳолда ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартлари талабларига ҳамоҳанг тарзда ташкил этиш, энг асосийси сайловлар жараёнида ҳар бир фуқарога, сайловчига ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун шарт-шароит ва имконият яратиб бериш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, бу жараёнда миллий сайлов тизимининг ажралмас бўғини саналмиш сайлов комиссияларининг алоҳида ўрни ва роли борлигини инобатга олиб, бугунги мақоламизда сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари фаолиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 9-моддасига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилиши, ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланиши белгиланган.

Мазкур сайлов округларининг чегаралари эса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланиши, ўз навбатида сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, яъни бир биридан фарқи ўн фоиздан ошмаслиги кераклиги қоида тариқасида белгиланган.

Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида етмиш беш кун олдин сайлов комиссияси томонидан эълон қилиниши лозим.

Юқоридагиларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 7 октябрдаги йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган мазкур қарор Марказий сайлов комиссиясининг “Веб сайти”да, “Халқ сўзи” ва “Нородное слово” газеталарида ҳамда маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

Худди шунингдек, Сайлов кодексининг ушбу моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — олтмиштадан кўп бўлмаган, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи тузилиши лозим. Ушбу нормалар доирасида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари сони тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланиши керак.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда белгиланади ҳамда ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21-моддасига биноан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти — саккиз нафар комиссия аъзосидан, жами тўққиз нафардан ўн бир нафарга қадар таркибда тузилиши белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан танланиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниб, ундан сўнг Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилиши лозим.

Ўз навбатида, қонунга мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан вилоят сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан  тегишли туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Юқоридагиларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 11 октябрдаги йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсиясига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузди ва уларнинг тўққиз нафардан ўн бир нафаргача бўлган аъзоларини, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур қарор Марказий сайлов комиссиясининг “Веб сайти”да ҳамда маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 22-моддасига биноан, округ сайлов комиссияларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Сайлов округи ҳудудида сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг ижроси устидан назорат қилиш;

Сайловга камида олтмиш кун қолгунига қадар, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда сайлов участкаларини тузиш ва округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини матбуотда эълон қилиш орқали сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор этиш;

Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг тавсиясига асосан участка сайлов комиссияларини тузиш, уларнинг таркибини тасдиқлаш ва бу  ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Депутатликка номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлаш, уларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш, ишончли вакилларини рўйхатга олиш ва тегишли гувоҳномалар бериш;

Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитиш;

Сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб бориш;

Сaйлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва уларни тегишлича Марказий сайлов комиссиясига, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларига тақдим этиш;

Такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этиш ҳамда сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш ва таркибини тасдиқлаш масалалари, уларнинг ваколатлари ҳам батафсил келтириб ўтилган. Миллий сайлов тизимининг муҳим бўғини бўлган сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари билан улар фаолиятини чалкаштириб юбормаслик учун, бугунги мақоламизда фақат Сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари ҳақида тўхталиб ўтдик.

Келгуси мақолаларимизда, Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимида алоҳида ўринга эга бўлган вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари, уларни тузиш, таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби, фаолият йўналишлари ва ваколатлари хусусида батафсил тўхталамиз.

 

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссиясининг Котибият раҳбари. Юридик фанлар доктори, профессор.

17.10.2019 48
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.