2014 йил 21 декабр Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов

2014 йил 21 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган сайлов округларидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди. Умуман, мамлакатимиз бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг фамилияси киритилиб, сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашди.  2014 йил 21 декабрдаги овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди.

Шу билан бирга «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати сайланди. Сиёсий партияларнинг кескин рақобати натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 та сайлов округида номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур овозларни тўплай олмади. Шу муносабат билан 2015 йил 4 январь куни ушбу округларда такрорий овоз бериш ўтказилди. Такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига фамилиялари киритилган 3 миллион 434 минг 345 нафар сайловчидан 2 миллион 642 минг 63 нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 76,9 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига 150 нафар депутат, шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 52 нафар; Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган депутатларнинг 24 нафари ёки 16 фоизи хотин-қизлардир. Сайланган 150 нафардепутатдан 40 нафариёки 27 фоизи илгари Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

Сайлов жараёнини 550 дан ортиқ миллий ва 120 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, 180 дан ортиқ интернет-нашрлар ёритиб борди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 9 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди. Сайловни кузатишда 5 та халқаро ташкилот – Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотидан ҳамда 52 та давлатдан 340 дан ортиқ кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчилари ва ваколатли вакиллари иштирок этди.

21.12.2014 74
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.