Сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби қандай амалга оширилади?

Сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби тўғрисида сўз юритганда биринчи навбатда бўлажак сайлов жараёнларини амалга оширишда қонун талабларини сўзсиз, аниқ ва бир хилда ижро этилишини бевосита сайлов комиссияларининг иш ҳужжатларида акс эттирилиши лозим.

Маьлумки, Сайлов кодексининг 11-моддасида мамлакатимиздаги сайлов комиссиялари тизими белгиланган, унга кўра  қуйидаги сайлов комиссияларини санаб ўтишимиз мумкин:  Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари.

Бўлажак сайловлар санаб ўтилган сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Маьлумки, сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор Йўриқнома ва Низомлари ҳам ўз кучини йўқотди.

Ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кодексини ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқ  15 та Низом ва Йўриқномалар ишлаб чиқилди.

Шу билан биргаликда қуйи сайлов комиссиялари иш юритувини ташкил қилиш мақсадида 42  турдаги Намунавий қарорлар лойиҳалари тайёрланиб, ҳудудларга услубий тавсия сифатида юборилди.

Бу биринчи навбатда сайлов комиссиялари ўз фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ ташкилий-меъёрий ҳужжатлар намуналаридан иборат.

 Сайлов комиссияларининг ҳар бир ўтказилган йиғилишини баёни юритилади.

Сайлов комиссиясининг мажлиси, агар унда мажлис ўтказилаётган кундаги комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли бўлади.

Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари алоҳида фикрини баён этишга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссиялари, шунингдек барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир.

Сайлов комиссиясининг қарорига биноан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайлов ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилиниши мумкин.

Сайлов комиссиялари иш юритувида шунингдек, сайловчиларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва ҳал этиш масалалари алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун алоҳида дафтарлар юритилади. Комиссияга келиб тушаётган ва комиссиядан чиқарилаётган хатлар учун алоҳида дафтар ва йиғмажилдлар очилиши ҳужжатларни тартибли юритишга ёрдам беради.

Сайлов комиссиялари  қарорлари ўз ваколатини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда муҳокамалардан сўнг юқорида айтилган тартиб асосида қарор қабул қилинади.

Жумладан: вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясиялари фаолиятида қуйидаги қарорлар қабул қилниишини кўришимиз мумкин:

Сайлов комиссияси раиси, раиси ўринбосари ва комиссия котибини сайлаш масаласи, сайлов комиссияси регламентини, сайлов комиссиясининг муҳри ва расмий бланкасини тасдиқлаш,  ҳаражатлар сметасини тасдиқлаш,  сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури, вазифалар тақсимоти, иш ҳужжатлари номенклатураси, навбатчилик жадвали,  халқаро матбуот марказининг ҳудудий филалини ташкил этиш, сайлов округларини тузиш, округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш,

сиёсий партияга  сайловда қатнашишига ижозат бериш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш,  cайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида, сайлов бюллетени намунасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли акс этган плакатлар намуналари тўғрисидаги, заруратига кўра, сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида ҳамда сайланган вилоят (туман/шаҳар) кенгаши депутатларини рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш зарур бўлади.

Албатта барча қарорлар номенклатура асосида расмийлаштирилиши зарур.

Ҳар бир қабул қилинаётган қарорлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда сайлов кодексида белигиланган талаблар асосида асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши зарур.

Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари Регламентига кўра ушбу сайлов комиссиялари округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини йўналтириб боради, уларнинг таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди, агар округ ва участка сайлов комиссияларининг қарорлари сайлов кодексига зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилиши мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилган.

Округ сайлов комиссиялари ишни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 924-сон қарорига 2-иловасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида низом” қабул қилинганлигин эътиборингизга етказмоқчиман.

Округ сайлов комиссиясининг фаолиятида қуйидаги қарорлар қабул қилиниши зарур:

сайлов комиссияси аъзоларининг вазифалар тақсимоти, “Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режаси”,  навбатчилик жадвали,  сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақтини белгилаш тўғрисида, Ягона сайлов участкаларини тузиш тўғрисида,

участка сайлов комиссияларини таркибини тасдиқлаш тўғрисида, сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларини, депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини,   сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан Кузатувчиларни рўйхатга олиш тўғрисидаги ва иш ҳужжатлари  номенклатурасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлар шулар жумласидандир.

 Шунингдек, округ сайлов комиссияси аъзолари томонидан сайловчиларнинг кунлик қабулини ташкил этиш, округ сайлов комиссияси жойлашган бинони белгиланган тартибда жиҳозлаш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ маърифий тадбирларни (ўқув машғулотлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатларини) ташкил этиш;

участка сайлов комиссияларининг ишини ташкил қилиш ва биноларни жиҳозлашда амалий ёрдам кўрсатиш, сайлов бюллетенларини участка сайлов комиссияларига тақсимлаш ва етказиш, сайловчиларнинг мурожаатларини (шикоятлар, аризалар, таклифларни) мазкур Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқиш масалалари комиссия фаолиятида муҳим ўрин тутади.

Шуни алоҳида айтиш зарурки, округ бўйича сайлов натижаларини белгилаш тўғрисидаги баённома комиссиянинг мажлисида иштирок этган барча аъзолари томонидан имзоланади.

Округ сайлов комиссияси мажлисларида юқори турувчи комиссия аъзолари, депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин.

Шунингдек, участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланган.  Округ сайлов комиссиялари томонидан семинар йиғилишлари ўтказиш ва ушбу низом талабларини участка сайлов комиссияларига етказиш масаласини ҳам иш режада алоҳида белгилаб амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шуни алоҳида таькидлаш зарурки, сайлов комиссияларининг қабул қилаётган ҳар бир қарори сайлов кодексининг нормаларини ижроси билан боғлиқ. Шундай экан мажлисларни ўтказишни режалаштириш ва қарорларни қабул қилишда сайлов кодекси талаблари ўз вақтида, бир хил ва аниқ бажарилишини таьминланиши муҳим аҳамиятга эга.

Нега деганда, бу йилги сайловлар янги сайлов кодекси асосида ўтказилаётганлиги ва жорий қилинган кўплаб янгиликларни амалиётда ифода этилиши бевосита сайлов комиссияларининг қарорларида ўз аксини топади.

Сайлов комиссиялари ҳужжатлари сайлов якунлангандан сўнг белгиланган тартибда архив идораларига топширилиши лозим.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил  19 сентябрдаги “Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида”ги 939-сонли қарори билан тасдиқланган сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби белгиланган.

Унга кўра  вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;

б) сиёсий партиялар раҳбарларининг халқ депутатлари вилоят
ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга;

в) вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига рўйхатга олинган номзодлар рўйхатлари;

г) сайланган вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг рўйхатлари ва ҳисоб карточкалари;

д) сайлов натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;

е) сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир шикоят ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;

ж) вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этилган округ сайлов комиссияларининг сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга.

Худди шунингдек, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг юқоридаги таништириб ўтилган номдаги ҳужжатлари тегишлилиги бўйича туман ва шаҳар давлат архивларига сақлаш учун топширилади.

Округ сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов  якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишли вилоятлар, шаҳар ва туман давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) округ сайлов комиссияларининг қарорлари  ва мажлис баённомалари; 

б) сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлари;

в) округ комиссияларининг сайлов  натижалари тўғрисидаги баённомаларининг иккинчи нусхалари;

г) участка комиссияларининг овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга.

Участка сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов  якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишли шаҳар ва туман давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) участка комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;

б) овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг иккинчи нусхалари;

в) фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва улар юзасидан қабул қилинган қарорлар; 

г) комиссия аъзоларининг алоҳида фикрлари ҳамда бошқа ҳужжатлар

Округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ҳокимликлар идоравий архивларига  топшириладиган ҳужжатларнинг ҳам  рўйхатлари келтирилган. Унга кўра:

1. Сайловчилар рўйхатлари сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишлилиги бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида навбатдаги сайловга қадар фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот сифатида сақланади.

2. Сайлов бюллетенлари,  сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида бир йил давомида сақланади.

3. Молиявий ҳисоботлари сайлов  якунлари расман эълон қилинганидан сўнг шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида беш йил давомида сақланади. Кейинчалик  вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат архивларига топширилади.

Сайлов комиссиялари томонидан иш ҳужжатларини қонун талаблари асосида юритилиши ва расмийлаштирилши сайловларни демократик руҳда ўтказилганлигини тасдиқловчи муҳим мезон ҳисобланади.

Шунинг учун сайлов комиссиялари ўз фаолиятларида Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссияси Низом ва Йўриқномалар асосида иш ташкил этишлари бўлажак сайловларни ошкоралик, қонунийлик ва адолатлилик тамойиллари асосида ўтказилишини таьминлашда муҳим роль ўйнайди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси
аьзоси Б.Юнусов

26.10.2019 64
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.