“Мен сайловга тайёрман!” кўрик-танловида ёшлар қандай шартлардан ўтмоқда?

Марказий Сайлов комиссияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан талаба ёшлар ўртасида «Мен сайловга тайёрман!» республика кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Мазкур кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси конунчилик палатаси, Халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг иштирокини кенгайтиришни  мақсад қилган.

Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро ёшлар марказида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўртасида бўлиб ўтди. Кўрик-танловнинг Бухоро вилоят босқичида барча жамоалар таништирув, савол-жавоблар ҳамда видио ролик тайёрлаш каби уч шарт асосида беллашдилар.

Танлов натижаларига кўра, 1-ўринни Бухоро давлат тиббиёт институтининг "Либераллар" жамоаси, 2-ўринни  Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалининг "Ёш депутатлар" жамоаси ҳамда 3-ўринни Бухоро муҳандислик технологиялари институтининг "Парвоз" жамоаси қўлга киритди.

Жорий йилнинг 17 октябр куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикасидаги мавжуд олий таълим муассасалари талабалари ўртасида танловнинг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Жамолар 3 та шарт асосида ўзаро беллашдилар. «Таништирув» шартида ҳар бир гуруҳ жамоавий тартибда ўз жамоаси, таълим муассасаси, кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатлар, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан таништириб ўтдилар.

Танловнинг «Блиц савол-жавоб» шартида мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар, сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари, қарорлар ва фармойишларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бердилар.

Танловнинг сўнги шартида жамоалар ўзлари томонидан тайёрланган видеороликларни намойиш этишди. «Ўзбекистон келажаги тасаввуримда» мавзусида тайёрланган лавхалардан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳатлар, сайлов жараёнларидаги ўзгаришлар, одил сайлов тизими ва механизмини амалга ошириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш бўйича таклифлар жой олди.

Талабалар таклифларни амалга ошириш механизмлари ва кутиладиган натижаларни изоҳлашга алоҳида эътибор қаратиб, ўз таклифларини бердилар.

Ўтказилган танловда 3 та шарт натижаси бўйича Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг «Еркинлик қанотлари» жамоаси 23,2 балл билан фахрли 1-ўринни, Тошкент педиатрия медитсина институти Нукус филиалининг «Сенаторлар» жамоаси 21,58 балл билан
2-ўринни, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг «Қумай» жамоаси эса 20,14 балл билан 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Бундай тадбир шунингдек, Андижон вилоятида ҳам бўлиб ўтди.  Танловнинг вилоят босқичида Андижон давлат университетининг “Адвокатлар”, Андижон Машинасозлик институтининг “Адолат”, Тошкент давлат Аграр университети Андижон филиалининг “Келажак қанотлари”, Андижон давлат тиббиёт институтининг “Авиценна” жамоалари республика босқичи учун 3 та шарт асосида беллашдилар.

Натижаларга кўра 1-ўринни Андижон давлат университети, 2-ўринни ТошДАУ ва иккита 3-ўринни Андижон давлат тиббиёт ҳамда Андижон Машинасозлик институти талабалари эгаллади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз мазкур кўрик-танлов республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

30.10.2019 556