Мен ўз тақдирим, келажагим учун овоз бераман!

Айни кунларда бутун республикамиз бўйлаб жорий йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга бефарқ бўлмаган, ўз тақдирини юрт тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир масъулиятли ёш фуқаро эса албатта мазкур сайловда ўз тақдири, келажаги учун овоз беради.

Мaрғилон шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган семинар-тренингда ҳам кун сайин яқинлашиб келаётган сайловда биринчи бора қатнашадиган бир гуруҳ шижоатли йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган турли саволлар билан иштирок этдилар.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси О.Қозихонова, вилоят сайлов комиссияси раиси Э.Нуралиев, вилоят сайлов комиссияси аъзоси М.Юлдашева, 110-округ сайлов комиссияси раиси Д.Шокировлар ёшларни қизиқтирган саволларга атрофича тўхталиб, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкоралик принципларини мустаҳкамлаш мақсадида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, шунингдек жамиятни янада янгилаш ва демократлаштириш фуқаролар сайлов ҳуқуқи амалга оширилиши билан узвий боғлиқлиги, айниқса бу борада ёшларнинг сайлов компаниясида фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбир давомида ўқувчиларнинг сайловга оид бошланғич билимлари кўплаб савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди ҳамда энг зукко ва фаол ёшларга турли бадиий китоблар туҳфа этилди.

Ҳозирги даврда эртамиз эгаларининг сёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан долзарб.

Бу каби “Ёшлар ва сайлов” форумлари эса йигит-қизларнинг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш ва ушбу сиёсий жараён ҳақида илк бор иштирок этувчи ёш сайловчиларнинг хабардорлигигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Марказий сайлов комиссияси

 Матбуот хизмати

30.10.2019 645