Марказий банк ходимлари сайловлар жараёни билан яқиндан танишдилар

Марказий сайлов комиссияси аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўртасида, уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари самардорлигини янада  юксалтириш мақсадида, 2019 йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказишга қарор қилди.

Шулардан келиб чиқиб, сайловлар билан боғлиқ жараёнлар бўйича тарғибот тадбирларини амалга ошириш ҳамда уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб боришга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Марказий сайлов комиссияси ҳамкорлигида семинар ўтказилди. Унда Марказий сайлов комиссияси аъзоси С.Курбанкулов ва МСКнинг Ўқув маркази директори Ш.Файзиевлар иштирок этди.

Тадбирда такидланганидек, 2019 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловлар аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади.

Бу йилги сайловларда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланади.  

 

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Суяржон Курбанкулов: –“Сайлов кодексининг 9-моддасига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилиши, ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланиши белгиланган.  Шу билан бирга  халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — олтмиштадан кўп бўлмаган, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи тузилиши лозим. Ушбу нормалар доирасида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари сони тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланиши керак”.

 

 

Марказий сайлов комиссияси Ўқув маркази директори Шухрат Файзиев: –“Сайлов кодексидаги асосий нормалар билан унгача бўлган сайлов қонунчилиги нормалари ўртасида ўттиздан ортиқ демократик янгилик ва ўзгаришлар мавжуд. Булар сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнлари билан боғлиқ албатта. Мисол учун авваллари сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга фақат битта белги – “крестик” белгисини қўярди. Эндиликда фуқаро ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «˅» ёхуд «х» каби учта белгисидан бирини қўйиш имкониятига эга бўлди. ” 

Тадбирда шунингдек, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида такидланди.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

 

Сайловчиларга яънада қулайлик яратиш мақсадида шунингдек, “Сайлов-2019”мобил иловаси ишлаб чиқилди. Ундан сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олган.

Тадбир сўнгида иштрокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Ўз навбатида, Марказий банк мутасаддилари семинарда олган билимларини Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар, туман ва шаҳарлар кесимида ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ходимлари ўртасида кенг тарғиб қилиш, банк муассасалари ва шаҳобчаларида сайлов қонунчилиги тарғиботига оид плакатлар ва буклетларни жойлаштириш режалари ҳақида айтиб ўтдилар.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

31.10.2019 531