Ёш сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги давр талаби

Айни кунларда мамлакатимизда 20 октябрдан – 20 ноябрга қадар Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан эълон қилинган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” тадбирлари ўтказилмоқда. Турли манфаатдор ташкилотлар, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур учрашув ва семинарларда МСКнинг котибият аъзолари томонидан сайловга оид кенг қамровли мавзулар юзасидан суҳбатлар олиб борилмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 31 октябрь куни  Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтди.

Халқ ҳокимиятчилигини шакллантириш жараёни билан боғлиқ масалалардан талабаларни хабардор қилиш, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар бўйича уларга маълумот бериш ҳамда кейинчалик уларни жойларда сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети талабалари учун ўтказилган тадбирда, 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори асосида ўтказилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришни ўз олдига мақсад қилиб белгиланган Республикамиз учун сайлов жараёнларининг адолатли, шаффоф ўтиши ҳамда бу жараёнлардан халқимизнинг хабардор бўлиши ниҳоятда муҳим ҳисобланади.

Семинарда ТДЮУ ректори, ю.ф.д Р.Ҳакимов сўзга чиқиб, бўлажак сайловларнинг аҳамияти, сайлов қонунчилигида сайловчиларнинг айниқса биринчи марта овоз бераётган ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали муносиб номзодларга овоз бериш масалаларига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўқув маркази директори, ю.ф.д, профессор Ш.Файзиев ўз нутқида Сайлов кодексидаги янгиликлар, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби, Округ ва участка сайлов комиссияларини тузиш билан боғлиқ чора-тадбирлар, шу жумладан, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарда ҳам участка сайлов комиссиялари ташкил этилганлиги, номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш муддати ва шакллари ҳақида батафсил маълумот берди.

 

Айтиб ўтиш керакки, Тошкент давлат юридик университети жамоаси бу йилги сиёсий жараёнларни самарали ташкил этиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.

Профессор-ўқитувчи ва талабалардан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, улар махсус дастурлар асосида ўқитилмоқда.

Мазкур гуруҳлар Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда аҳолининг сайлов қонунчилигини билиши ҳамда сайлов жараёнларини ташкил этилиши билан боғлиқ билим ва кўникмаларини ошириши бўйича тарғибот тадбирларини олиб бориши режалаштирилган.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

31.10.2019 511