Ёзёвонликлар сайловда фаол иштирок этади

Аҳолининг бугунги кунда бўлажак сайловлардан хабардорлиги қандай? Миллий сайлов қонунчилигимиздаги янгилик ва ўзгаришларнинг муҳим жиҳатлари нималардан иборат?

Вилоят сайлов комиссияси томонидан Ёзёвон туманида ўтказилган тадбирда ана шундай масалалар ва янги қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимизда жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларга сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Айни кунларда Фарғона вилоятида Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 17 та, вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та ҳамда шаҳар ва туманлар кенгашларига сайлов ўтказувчи 567 та округ сайлов комиссиялари тузилган бўлиб, сайловчилар жами 1 минг 50 та сайлов участкасида ўз номзодлари учун овоз берадилар. 

Вилоятда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни самарали ўтказиш, аҳолининг сайлов борасида ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида вилоят сайлов комиссиясининг қарори билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унда белгиланган вазифаларни самарали ижро этиш мақсадида бир қанча давлат органлари ва ташкилотлар, жумладан, туман (шаҳар) ҳокимликлари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман, шаҳар кенгашлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари масъул ижрочилар этиб белгиланди.

Шаҳар ва туманларда ойлик доирасида “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар“, “Сенинг овозинг – сенинг келажагинг“ каби учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбир ҳам аҳоли ва ёшларнинг сайлов борасида ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилди.

– Янги Сайлов кодекси кўплаб муҳим жиҳатлари билан фарқланади, – дейди туман адлия бўлими раҳбари Зуҳриддин Бўтабоев. – Агар авваллари қонунларда фақат Марказий сайлов комиссиясига нисбатан фаолиятининг ҳуқуқий асослари, мустақиллик, очиқлик принциплари, фаолиятига аралашмаслик кабилар қайд этилган бўлса, эндиликда барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди. Авваллари сайлов комиссиялари қайси ташкилот биносида жойлашган бўлса, унинг аъзолари ҳам одатда деярли тўлиқ мана шу ташкилот аъзоларидан иборат бўлиб қолар, кўпинча унинг раҳбари комиссия раиси бўларди. Бу эса уларнинг холислиги, объективлиги, қарорларни демократик асосда, коллегиал қабул қилишига нисбатан саволларни келтириб чиқарар эди. Эндиликда бундай амалиётни бартараф этиш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, деган норма киритилди.

 

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

01.11.2019 28