Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилса қаерга  мурожаат қилишлари мумкин ?

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилса қаерга  мурожаат қилишлари мумкин ?

 

Жорий йилнинг  31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ Тараққиёт дастури “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси  ҳамкорлигида Термиз шаҳрида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг маъмурий судлари судьялари иштирокида семинар ташкил этилди.

Тадбир давомида  сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан бериладиган шикоятларни судда кўришнинг айрим масалалари, халқаро стандартлар, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим жиҳатлари таҳлил қилинди.

Сўзга чиққанлар томонидан такидланганидек, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади.

Сайлов қонунчилигида кўплаб қоидалар мавжуд бўлиб, шулардан бири бу фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқидир.

Сайлов кодексига мувофиқ, фуқаролар сайлов комиссияларининг қарорлари, ҳаракат (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят келтиришлари мумкин.

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида фуқароларнинг сайлов қонунчилиги талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган шикоятларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши керак.

Сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан тўғридан-тўғри тегишли маъмурий судга ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Бунда сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 142-моддаси).

Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 167-моддаси).

Таъкидлаш жоизки, фуқаролар томонидан маъмурий судга шикоят беришда қуйидагиларга эътибор қаратилиши лозим.

Сайлов комиссияларининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) бериш мумкин.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган сайлов комиссиясининг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қайси қонун ҳужжатига зид эканлиги;

5) аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Аризага (шикоятга) шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.

Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини билиши ва сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан асосли, қонуний ва тўғри расмийлаштирилган шикоят бериши уларнинг сайлов ҳуқуқларининг кафолати саналади ҳамда сайловларнинг адолатли ва қонуний ўтишига хизмат қилади.

Семинар давомида шунингдек, бу йилги сайловларнинг аҳамиятли жиҳатлари,  сайлов ҳуқуқига оид низоларни суд томонидан кўриб чиқилиши бўйича халқаро тажриба хусусида ҳам сўз юритилди.

Бугунги кунда  “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пакт, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “МДҲ мамлакатларида демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқи ва эркинликлари тўғрисида”ги Конвенция каби халқаро ҳужжатлар мавжуд. 

Иштирокчиларга Россия Федерацияси, Финляндия, Сербия, Япония, Буюк Британия, Грузия давлатларида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳамда сайланувчи ва сайловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жорий этилган стандартлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

 

 Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

 

 

 

01.11.2019 86