САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ  ТАРҒИБОТИ ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги тадбирлари бутун мамлакатимиз бўйлаб қизғин паллага кирмоқда.

Сайловчиларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишларини янада фаоллаштириш мақсадида, 2019 йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача ўтказилаётган  Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги тадбирларида аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, сайловларда биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар – мамлакатимизда  истиқомат қилаётган барча миллатлар вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Жараёнга  мамлакатимиздаги барча жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партияларнинг фаоллари, оммавий ахборот воситалари, интернетнинг ижтимоий тармоқларидан фойдаланувчилар, блогерлар дадил қўшилди. Миллий сайлов қонунчилигимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш умуммиллий кўлам касб этиб, юз минглаб, миллионлаб фуқароларни қамраб олмоқда.  

Бунда тарғиботнинг барча илғор технологияларидан, жумладан, давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар, бевосита мулоқотлар, конференциялар, тренинглар, ўқув дарслари, танловлар, викториналардан, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувда қўмита тизимидаги ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва экспедициялардан юзлаб вакиллар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси Суяржон Қурбонқулов  2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловлари яқин ва олис истиқбол учун белгилаб бериладиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган ва 2019 йилнинг 25 июнидан амалиётга жорий этилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” деган сўзлар шиор сифатида танланган бу йилги, шунингдек, истиқболдаги сайловларимизда ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ўринбосари Нуриддин Муродовнинг қайд этишича, тизимдаги ўттиздан ортиқ ташкилот ва корхонада  ўн мингга яқин ишчи-ходим мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим омил бўлаётир.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати “бир сайловчи — бир овоз” тамойилини таъминлаш, бир сайловчининг бир неча рўйхатга киритилишига йўл қўймаслик, маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида ҳамда хорижда яшаб турган умумий сайловчилар сонини, сайлов округлари ва участкалари бўйича сайловчилар нормаларини белгилаш учун қулай имконият яратади. Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Шу маънода, сайловлар энди нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки техник-технологик жиҳатдан ҳам мутлақо янгича шаклда, очиқ-ошкора, умумқабул этган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ўтади.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда  Марказий сайлов комиссиясининг етакчи мутахассислари томонидан сайловчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

(УзA фотоси)

01.11.2019 79