Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади

Маълумки Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этишга доир қарор қабул қилинди.  

Шундан келиб чиққан холда аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, илк маротаба овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўртасида туркум учрашув ва семинарлар ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари самардорлигини янада  юксалтиришдан иборат.

 

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 1 ноябрь куни  Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Учрашувда Марказий сайлов комиссияси, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали тиббиёт ходимлари, Ҳарбий прокуратура шахсий таркиби ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари ҳақли равишда таъкидлаганларидек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга. Халқ иродаси давлат (ҳукумат) ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим”лиги қатъий белгилаб қўйилган.

Ушбу ноёб, умумэътироф этилган инсонпарвар халқаро ҳуқуқ нормалари бизнинг миллий қонунчилигимизда ҳам батафсил акс этган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Қолаверса, Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

Шу каби халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясида белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка тўлиқ имплементация қилган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда турли соҳадаги изчил ислоҳотлар, янгиланишлар давом этиб, қонунчилигимиз такомиллашиб бормоқда. Шу жумладан сайлов қонунчилигида ҳам бир қанча ислоҳотлар ва ўзгартиришлар амалга оширилди. Жумладан, Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан фуқароларга жуда қулайлик яратилди. Аввал сайлов қонунчилиги кодификация қилинмаган аниқ бир манбада мужассам бўлмаган эди, ахборотни бир нечта қонун ҳужжатларидан излаш лозим эди.
2019-йил декабр ойидаги бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларидаги  барча муносабатлар жорий йил 25 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан тартибга солинади.

Кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги нормалар ва қоидалар жой олган. Амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланган. Шу боис сайлов қонунчилигидаги бу янги нормалар ва қоидаларни жойларда сайловларни ўтказишда бош-қош бўладиган ташкилотчилар, энг аввало, округ ва участка сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзоларига, сайловчиларга кенг тушунтириш лозим.

Сайлов кодексига биноан  сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилди. Участкалар ҳарбий қисмларда ҳам тузилди ва мазкур ҳарбий қисмлар жойлашган ердаги округларга кирди.

Ҳарбий қисмларда сайлов участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ комиссиялари томонидан тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритиладилар.

Тадбир сўнгида иштрокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

 

 Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

01.11.2019 109