Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳақида

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан Россия Федерациясида очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодларнинг гувоҳномалари намуналарини тасдиқлаш, Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш каби масалалар ўрин олди. Шунингдек, Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилояти бўлимининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти тингланди.

Россия Федерациясида тузилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва Россиядаги Ватандошларимизнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов батафсил ахборот бериб ўтди.

Россиядаги сайлов участкалари сони олдинги 2016 йилги сайловлардагидан 5 тага кўпайган ва бугунги кунда 7 тани ташкил этади. Улар Санкт Петербург, Владивосток, Екатеринбург, Новосибирск , Ростов-Дон, Қозон ҳамда Москва шаҳарларида жойлашган.

Мажлисда шунингдек,  Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлими ахбороти тингланди. Қайд этилганидек,  Халқаро матбуот марказининг минтақавий бўлими Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида фаолият олиб бормоқда.  Шу пайтга қадар Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлими томонидан вилоят сайлов комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида журналистлар иштирокида бир қатор матбуот анжуманлари, брифинглар ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида бўлиш,  овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этиш  ҳуқуқига эга бўлиш учун сайловни ёритувчи 41 нафар вилоят ва республика матбуот ва оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари  ходимлари аккредитациядан ўтказилди. Айни пайтда ушбу жараён давом этмоқда. Ўтган даврда телевидение ва радио орқали сайловга оид 160 дан ортиқ лавҳа, кўрсатув, репортаж ва эшиттиришлар, 2 марта тўғридан-тўғри мулоқот  эфирга узатилган. Вилоят телевиденияси орқали ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари вилоят сайлов комиссияси раиси ва аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирокида тўғридан-тўғри эфир ташкил этилиб, аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарилган. Матбуот нашрлари, интернет тармоқларида 614 та мақола, шарҳ ва хабарлар эълон қилинган.

 

Марказий сайлов комиссияси

 Матбуот хизмати

08.11.2019 200