Фарғона вилоятининг Сўх туманида сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда

2019 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади. Бўлажак сайловларни ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш ишлари тобора қизғин кечмоқда. Сайловда иштирок этиш ҳар бир инсон ҳаётидаги энг масъулиятли давр ҳисобланади. Ахир, ҳар бир фуқаро овози мамлакат тақдири ва унинг эртанги тараққиёти билан бевосита боғлиқдир. Бу йилги сайловлар Ўзбекистонда мутлақо янги шароитда ўтказилади. Шу кунларда Ватанимизнинг барча ҳудудларида сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида ушбу сиёсий кампанияга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад сайлов қонунчилигидаги янгиликларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Айтиш лозим, Фарғона вилоятининг Сўх туманида ҳам сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда. Туманда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 44 684 нафар фуқаро истиқомат қилади. 22 декабрь куни бўладиган сайловларда сухликлар туманнинг 30 та сайлов участкасида ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб, муносиб номзодларга овоз беришади. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида туман сайлов комиссияси аъзолари бевосита Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси кўрсатма ва топшириқлари асосида ишларини йўлга қўйишган.

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда вилоят марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирокида туман фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бўлим бошлиғи Ҳ.Абдураҳмонов ва Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи Фарғона вилоят сайлов комиссияси раиси Э.Нуралиевлар иштирок этди.

Тадбирда Ҳ.Абдураҳмонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда бўлажак сайловлар мутлақо янги тизим асосида ўтказилишини қайд этди. Сайлов қонучилигида сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш институти шакллантирилди. Сайловларга ахборот бошқарувини жорий этиш ҳам замон ва давр талабидир. Сайлов тизимида ахборот-технологияларини жорий этиш катта аҳамиятга эга. Бугунги кунгача шу асосда 20 591 000 нафар сайловчининг электрон рўйхати тузилди. Ташкил этилган электрон рўйхатда сайлов округлари ва сайлов участкаларининг манзили, уларнинг жойлашуви, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳақида маълумот, сиёсий партиялар томонидан депутатликка қўйилган номзодларнинг рўйхати ҳам мужассам. Шу кунгача бизнинг сайлов тизимимизда ягона маълумотлар базаси шаклланмаган эди. Электрон рўйхат орқали кенг маълумотлар заҳираси яратилди. Шунингдек, “Сайлов 2019” мобил иловаси жорий этилди ва ушбу тизим сайлов иштирокчиларига сайловга доир барча маълумотларни олишлари учун кенг шароитни яратиб бериши соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг самарасидир.  

Янги сайлов тизими орқали Ўзбекистон фуқароси бўлган, лекин баъзи сабабларга кўра хорижда яшаётган ватандошларимиз, шунингдек, ижтимоий хавфи паст бўлган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этган маҳкумлар ҳам ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан, яъни сайлаш ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари мумкин. Зотан, ушбу сиёсий тадбирда инсонпарварлик муҳитини яратиш, барча нарсадан устун бўлган инсон манфаатини ҳимоялаш асосий мақсадлардан биридир.

Яна бир жиҳат: янги тизим орқали турли хил сабабларга кўра сайловларда иштирок этиш имконияти бўлмаган шахслар ҳам бевосита муддатдан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Мисол учун, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган инсоннинг сайлов куни имтиҳони бўлиши мумкин, ёки жарроҳлик амалиётини ўтказиш сайлов кунига тўғри келадиган фуқаролар муддатдан олдин қонун доирасида сайлаш имконига эгадирлар.

Сайлов қонунчилигидаги янгиликларни кенг оммага етказишда ҳам  имкониятлар  ва қулайликлар яратилди. Бу жараёнга бевосита алоқадор бўлган малакали тренерлар фаолият юритишмоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сайлов кампаниясига бириктирилган тренерлар сайлов қонунчилиги, тизимдаги янгиликлар ва янгиланишлар ҳақида иштирокчиларга семинар-тренинглар орқали маълумотларни етказиб беришмоқда. Шунингдек, ҳар бир фуқаро сайлов тизимига оид саволларига Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ишга туширилган  1197 қисқа рақами орқали ҳам жавоб олиши мумкин. Чет элда яшаётган ватандошларимизга ҳам сайловга доир маълумотлар + 998 555 02 4444 телефон рақами орқали берилади.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи Фарғона вилоят сайлов комиссияси раиси Э. Нуралиев ҳам ўз сўзида Сух ва сухликларда сайловларни ўтказилишида катта тажриба борлиги ва улар бўлажак сайловларда ушбу бой тажрибадан фойдаланишларига катта ишонч билдирди. Қайд этилдики, туман аҳли 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларни кўтаринкилик билан ўтказишади.

11.11.2019 888