ДЕМОКРАТИК САЙЛОВЛАРДА МАСЪУЛИЯТЛИ ДАМЛАР

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган тадбирда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва масъул ходимлари, округ сайлов комиссиялари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  барча вилоятлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари, жумладан,  сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этди.

Мажлис кун тартибидан  айрим сайлов участкаларига биометрик идентификация қилиш қурилмаларини ўрнатиш, сайловларда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказишга оид масалалар ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси М.Абдусаломов МСК томонидан демократик ҳуқуқий давлатда сайловларни очиқ ошкора ташкил этиш, мамлакат фуқароларининг сайловга оид Конституцион ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, ҳар бир сайловчига ҳоҳ у мамлакатимиз ҳудудида, ҳоҳ у хорижий давлатда истиқомат қилаётган бўлсин, сайловларда фаол иштирок этиш ва ўзи муносиб деб топган номзодга ихтиёрий, яширин овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидлади.

МСКнинг қарорига биноан, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган Ватандошларимиз бўлган сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 55 та сайлов участкалари ташкил этилган ва улар Тошкент шаҳрида тузилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 12 та сайлов округларига бириктирилган. Хориждаги участка сайлов комиссияларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида ташкилий-услубий ёрдам кўрсатилиб, сайловни самарали ташкил этиш учун жиҳозлар, атрибутикалар, номзодларнинг плакатлари тўлиқ етказиб берилган.

Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масалага биноан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифларига биноан ўзгартириш киритилган айрим сайлов участкаларига биометрик идентификация қилиш қурилмаларини ўрнатиш ишларини жорий йилнинг 15 декабрига қадар якунлаш бегиланди ҳамда сайлов куни овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини чиқариш босқичлари тўғридан тўғри номойиш этиладиган сайлов участкалари рўйҳати тасдиқланди.

Парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, овоз бериш жараёнини юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари, журналистлар бевосита кузатиб боради.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилар миссиясининг 25 нафар халқаро кузатувчиси аккредитациядан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда. Ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 264 тага етди. Худди шундай ваколатга эга бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса юздан ошди.

Мажлисда «Qalampir.uz» сайти, Қирғизистонинг «Кабар» миллий ахборот агентлиги, Туркиянинг «ТРТ» телерадиоканали, Эроннинг «Fars news» ахборот агентлиги, «Би-Би-Си» телерадиокомпаниясининг ўзбек хизмати, «Radio France International »  ва «Le Monde » француз газеталари, АҚШнинг  «The Diplomat » таҳририяти, Япониянинг  «Nikkei » иқтисодий газетаси ва  «The Mainichi Shimbun » газетаси, Хитойнинг «Diplomat Magazine» журнали ва «Global Times» газетаси журналистлари аккредитациядан ўтказилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

06.12.2019 1123