Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Ш.Истамовнинг Халқаро матбуот марказидаги БРИФИНГ НУТҚИ

Ассалому алайкум ҳурматли брифинг иштирокчилари,

2019 йил 22 декабрь куни бўладиган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Бугунги кунда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 516 минг 710 нафарни ташкил этмоқда.

I. Муддатидан олдин овоз бериш

12 декабрдан бошлаб, Ўзбекистон ҳудудидаги 10 260 та сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди. Дастлабки кун якунларига кўра 1 036 нафар сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

Бунда энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятига 159 тадан тўғри келмоқда. Энг кам 10 нафар шахс Самарқанд вилоятида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган.

Муддатидан олдин овоз бериш жараёни 18 декабрга қадар ҳар куни соат 09-00дан 18-00 гача сайлов участкалари биносида ўтказилади.

Барча сайловчилар бу ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун участка сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилиш кифоя.

Шунингдек, 12 декабрдан республикамизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхона ва консуллик идораларида тузилган 55 та сайлов участкаларда ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланган.

Хориждаги участка сайлов комиссиялари 12 декабрда сайловчилар зич яшайдиган, ишлайдиган ёки ўқийдиган жойларда кўчма сайлов қутиларида сайёр тaртибда муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилдилар. Сайловларда 9 308 нафар хорижда истиқомат қилаётган фуқаролар қатнашдилар.

Хусусан, Россия Федерациясида кўчма қутиларда муддатидан олдин овоз бериш жараёни амалга оширилиб, унда 7 638 нафар фуқароларимиз қатнашди.

Хориждаги муддатидан олдин овоз бериш вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналарнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган.

II. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи тўғрисида

Марказий сайлов комиссиясига сайлов кампанияси бошланган кундан эътиборан бугунга қадар фуқаролардан 338 та мурожаат келиб тушди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда – 69 та. Энг кам мурожаат Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятларида – 10 тадан.

Келиб тушган мурожаатларнинг 86 таси ёки чорак қисми маҳаллий кенгаш депутатлигига номзодини кўрсатиш жараёнида ноқонуний аралашувлар тўғрисида бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 41 таси қўшимча текширув ўтказиш учун прокуратура идораларига юборилган, 45 таси бўйича ушбу масала партияларнинг ваколатига кириши тўғрисида тушунтириш берилган.

75 та ёки 22% мурожаат Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодини кўрсатилишида амалий ёрдам бериш тўғрисида бўлиб, ушбу мурожаатлар сиёсий партияларга ўз ваколатида кўриб чиқиш учун юборилган.

54 та мурожаат депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури хусусида маълумот бериш хусусида бўлиб, улар юзасидан тегишли тушунтириш берилган.

36 та мурожаат турли ижтимоий ва иқтисодий масалалар, хусусан йўл ва кўприк қуриш, мактаб ёки шифохонани таъмирлаш тўғрисида бўлиб, ушбу мурожаатлар мутасадди идораларга юборилган.

35 та мурожаат суд-хуқуқ масалаларига тегишли бўлиб, улар тегишлилиги бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига ўрганиш учун тақдим қилинган.

32 та мурожаат фуқаролар йиғини сайловларига оид бўлиб, мазкур мурожаатлар тегишилигича маҳаллий ҳокимлик идораларига юборилган.

20 та мурожаат сайловга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бўлиб, улар ишда қўллаш учун қабул қилиб олинган.

Марказий сайлов комиссиясининг бевосита ваколатига кирадиган масала, яъни Қонунчилик палатаси сайловларини ўтказишга оид масалалар юзасидан шикоятлар келиб тушмаган.

III. Хорижий ташкилотлар кузатув миссияларининг оралиқ ҳисоботлари тўғрисида

12 декабрь куни МДҲ нинг Кузатуви миссияси ўзининг Кузатуви натижалари бўйича оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

МДҲ Миссиясининг ҳисоботида барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларини каскад усулида ўқитиш, сайлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳоли ўртасида сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш, ногиронларнинг, чет элда яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ижобий баҳоланмоқда.

МДҲ кузатув миссияси ҳисоботида сайловолди ташвиқоти тинч муҳитда ва юқори ташкилий даражада ўтаётганлиги алоҳида таъкидланган.

Бўлажак сайловлар тараққиётнинг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда парламент сайловлари мутлақо янги руҳда ўтаётгани Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг кузатув миссияси томонидан алоҳида эътироф этилган.

Шунингдек, 12 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияси Оралиқ ҳисоботининг дастлабки нусхасини олди.

Миссия томонидан сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш, давлат бошқарувини модернизациялаш бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этиб ўтилган.

Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ўтказиш тартиби ва муддатларига амал қилиш, комиссиядаги аёллар сони ортиши, сайлов жараёнларини бошқаришда замонавий ахборот коммуникацион технологияларини жорий этиш, сайловчиларнинг хабардорлигини ошириш ва сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитишдаги ижобий натижалар ҳам алоҳида қайд этилган.

Шу каби ижобий жиҳатлар билан бир қаторда ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари сайловолди ташвиқоти кучайиб бораётгани, бешта сиёсий партия вакиллари илк бор жонли эфирда намойиш этилаётган дебатларда қатнашаётгани эътироф этиб, жамоат жойларида партиялар ва уларнинг номзодлари тўғрисидаги реклама плакатлари жуда кам эканлиги, ташвиқот тадбирлари асосан ёпиқ тарзда ўтказилиб, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари очиқ чинакам рақобатга киришаётгани кам кузатилаётганини ҳақли равишда таъкидлаган.

Биз Миссиянинг Фикр ва сўз эркинлиги, Йиғилишлар ўтказиш эркинлиги, Уюшмаларга бирлашиш эркинлиги энг муҳим сиёсий ҳуқуқлар эканлигини ва бу ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлатнинг асосини ташкил этиши ҳақидаги фикрига қўшиламиз. Бу каби инсоннинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича ишларни давом эттирамиз.

Биз оммавий ахборот воситаларини сиёсий партияларнинг дастурий ғояларини янада чуқурроқ таҳлил қилиш ва жамоатчиликка етказиш масалаларида янада фаолроқ бўлишга чақирамиз. Зеро бу сайловчилар томонидан онгли равишда ўз танловини амалга ошириш имконини яратади.

ЕХҲТ ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссиясининг Оралиқ ҳисоботи бугун расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, МДҲ ва ЕХҲТ ДИИҲБ миссияларига сайлов кампаниясига оид холисона баҳолари учун уларга миннатдорчилик билдирамиз ва улар билан сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнини такомиллаштириш бўйича мулоқотни давом эттиришга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

13.12.2019 1114