ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ БАЁНОТИ

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтган сайловларнинг натижалари бўйича қатор халқаро ташкилотларнинг миссиялари ва хорижий мамлакатларнинг делегациялари кузатувларининг дастлабки хулосаларига доир баёнотлар билан чиқди.

Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг  Парламент Ассамблеяси Миссиясига, ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши миссияларига ва барча халқаро кузатувчиларга Ўзбекистон Республикасига сайловларни адолатли, ҳалол ва шаффоф, умумэътироф этилган стандартлар ва энг мақбул амалиётлар, мамлакатимизнинг сайловлар соҳасидаги мажбуриятларига биноан ўтказишда кўрсатган ғоят улкан ёрдами учун самимий миннатдорлик билдиради.   

Ўзбекистон Республикасидаги сайловларга биринчи марта мисли кўрилмаган даражада кўп халқаро кузатувчилар ва хорижий давлатларнинг кузатувчилари, чет мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилди. Сайловларда  жами 50дан ортиқ хорижий давлатлардан ва 10та халқаро ташкилотлардан 800дан зиёд кузатувчилар, шунингдек, чет мамлакатларнинг 130дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари мониторинг ва ёритиш ишларини олиб борди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг сайловларни чинакам демократик тамойиллар асосида ўтказишга, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун барча шароитларни таъминлашга қатъий амал қилаётганининг ёрқин далилидир.

Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга ва хорижий давлатларнинг кузатувчиларига Ўзбекистонда демократик-ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлган парламент сайловларига таёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида мамлакатимиз томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишларни холис эътироф этганлари учун чуқур миннатдорлик изҳор этади.

Сайловларнинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили бошланган ва Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётини босқичма-босқич ўзгартириш ва юксалтиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўтказилгани халқаро кузатувчиларнинг миссиялари ва делегацияларининг баёнотларида ҳақли равшида алоҳида таъкидланган. Айни пайтда “Олий Мажлисга “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар ортга қайтмас характер касб этган модернизация ва демократлаштириш жараёнларидаги муҳим босқич экани” ҳақли равишда алоҳида таъкидланган.   

 Марказий сайлов комиссиясининг ва бошқа ташкилотларнинг мамлакатимиз сайлов қонунчилигини янгилаш, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш, сайловолди ташвиқотини янги форматда ташкил қилиш ва ўтказиш, кўп сонли халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг, жумладан, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайловларда тўсиқинликларсиз иштирок этишини таъминлаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш каби йўналишларда амалга оширган ишларига юқори баҳо берилган.   

Шуни билан бирга, халқаро кузатувчиларнинг миссиялари ва делегациялари томонидан сайлов қонунчилигини ва сайлов амалиётини янада такомиллаштириш, сайловларни чинакам демократик сайловлар бўйича халқаро стандартлар ва  энг мақбул амалиётлар асосида ўтказиш борасида қатор тавсиялар тақдим этилди.

Жумладан, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва  ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича  халқаро миссиясининг дастлабки натижалар ва хулосаларга оид баёнотида шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз овоз бериш, “бир кишининг бутун оила учун овоз бериши”, овозларни санаб чиқишдаги айрим қоидабузарликлар, хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини яна кенгайтириш зарурати, депутатликка мустақил номзодларнинг йўқлиги ва фуқаролик жамияти институтларига сайловларни кузатиб бориш имконияти берилмаганлиги борасида  аниқланган  айрим ҳолатлар ҳам кўрсатиб ўтилган.      

Марказий сайлов комиссияси тўла масъулият билан маълум қиладики,   халқаро кузатувчиларнинг хулосалари ва тавсиялари Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини ва сайлов амалиётини янада такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган режали ва изчил ишларнинг асосидан жой олади, шунингдек, ушбу соҳада барча манфаатдор томонлар билан амалий мулоқотни давом эттиришга тайёр.

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайловларнинг натижаларини, шунингдек, халқаро ва хорижлик кузатувчиларнинг баёнотларини сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, баён этилган хулосалар ва тавсияларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун синчиклаб ўрганишга ва уларнинг чуқур таҳлилини ўтказишга киришди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайловларнинг якунлари бўйича фикр алмашиш, энг муҳим тавсияларни ва уларни амалга ошириш йўлларини кўриб чиқиш учун 2020 йилнинг иккинчи чорагида миллий ва халқаро даражадаги барча манфаатдор ташкилотлар иштирокида халқаро конференция ўтказишга қарор қабул қилди.  

Пировардида Марказий сайлов комиссияси миллий қонунчиликни ва қонунларни қўллаш амалиётини ягона мақсад – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўз хоҳиш-иродасини эркин ва ҳақиқатда   билдиришини таъминлашга қаратилган халқаро сайлов ҳуқуқларига мувофиқлаштиришга доир ишларни давом эттиришга  ўзининг қатъий тайёрлигини таъкидлаб,  сайловлар соҳасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан амалий ишларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга умид билдиради.   

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси.

 

2019 йил 25 декабрь.

 

25.12.2019 1039